Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

АТОМ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ: ХАВОТИРГА АСОС ЙЎҚ

09.04.2019 , 12:00

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институтида «Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши ва унинг хавфсизлиги масалалари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Президенти Бехзод Йўлдошев, академиклар, Ядро физикаси институти мутахассислари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг «Ядро физикаси» кафедраси ҳамда институтнинг профессор-ўқитувчилари, тингловчи ва курсантлари иштирок этди.

Тадбирни кириш сўзи билан очар экан институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Нарматов Президентимизнинг 2018 йил 19 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони аҳамияти ҳақида гапириб берди.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар атом энергиясининг афзалликлари, мамлакатимизда қурилаётган атом электр станциясида хавфсизликни таъминлаш, бу борада Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик — МАГАТЭ билан ҳамкорлик масалалари, ушбу йўналишда таълим тизимининг такомиллашуви, ядровий-муҳандислик фанлари, қурилиш саноати ва энергетика тизимининг ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиши ҳақида атрофлича сўз юритди.

— 2018 йил 7 сентябрда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукуматлари ўртасида мамлакатимиз ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим тузилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Президенти Бехзод Йўлдошев. — Унга асосан Ўзбекистонда «3+» ВВЭР-1200 замонавий авлод станциясини қурилиши ҳамда биринчи энергоблокни 2028 йилнинг охиригача ишга тушириш мўлжалланмоқда. Яна шуни айтиш мумкинки, ўтган қисқа давр мобайнида ушбу стратегик йўналишда кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди, «2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш Концепцияси» ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинди. Бундан ташқари, ихтисослашган кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди, атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш, энг аввало, мамлакатимизда атом энергетикаси соҳаси, тиббиёт ва қатор бошқа йўналишларда ривожланиш белгиланди. Қолаверса, «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Шунингдек, АЭСларда ёнғинлар содир этилиши ва ривожланишини моделлаштириш услублари, уларнинг АЭС конструкциялари ва ускуналарига таъсирини баҳолаш усуллари, илмий асосланган ёнғинга қарши профилактик чора-тадбирлар ўрганилмоқда.

— Давра суҳбатида атом электр станцияси қурилиши лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу иншоотнинг ишлаш механизмлари, ташкилий жараёнлар ҳақида содда тилда тушунтириб берилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти катта илмий ходими Жалолиддин Нурмуҳаммадов. — Атом электр станциясининг қурилиши мамлакатимизни экологик тоза электр энергиясига бўлган талабини қондириш, табиий фойдали қазилмаларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида қўйилган муҳим тарихий қадам бўлади, деб ҳисоблайман. Табиий бойликлар бир кун тугайди. Демак, атом электр станциялари қуриш вақти келди. Чунки аҳоли сонининг кундан-кунга ошиб бориши, иқтисодиётнинг тараққий этиши ўз-ўзидан электр-энергияга талаб ортишига олиб келади. Зеро, электр энергиясиз ривожланиш бўлмайди.

Тўғриси, тадбирдан олдин менда атом электр станцияларининг портлаши ёки ёниши натижасида келиб чиқадиган фожиалар, жумладан, радиациядан нурланиш оқибатида наслдан-наслга ўтувчи касалликлар, кўриладиган моддий ва маънавий зарарлар ҳақида хавотирли ўйлар, саволлар бор эди. Академия Президенти шу каби ҳалокат сабабларини илмий нуқтаи-назардан тушунтириб берганидан кейин мендаги ушбу безовталик йўқ бўлди.

— Мен бугун атом электр станцияларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари тўғрисидаги тушунчага эга бўлдим, — дейди Ёнғин хавфсизлиги институтининг 5-босқич курсанти Сардор Сапоев. — Бундан ташқари, атом электр станцияларининг зилзилабардошлик хусусиятлари, уни ташкил қилган конструкция ва ускуналар, ёнғинлар ривожланишининг эҳтимоллиги ва улар орқали хавфли омиллар тарқалишининг олдини олиш, бу борадаги илмий асослар тўлиқ тушинтириб берилди.

Юқоридаги фикрлардан билиш мумкинки, давра суҳбати тингловчи ва курсантлар учун фойдали бўлди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.