Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ИШОНЧ, ҲАМКОРЛИК, САМАРА

24.04.2019 , 12:30

Мамлакатларимиз БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон Корея Республикасининг глобал хавфсизликни таъминлаш борасида катта аҳамиятга эга бўлган, Корея ярим оролидаги ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга йўналтирилган тинчликсевар сиёсатини маъқуллайди.

Корея Республикаси 2018 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» ҳамда «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияларини қўллаб-қувватлади.

 Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик 1995 йилда бошланган. Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида «Корея – Ўзбекистон» парламент дўстлик ассоциацияси тузилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида эса 2005 йилдан буён Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият юритади.

 Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард доллардан ошди.

 Ўзбекистонда жанубий кореялик инвесторлар иштирокида тузилган 660 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 354 таси тўлиқ хорижий сармоя ҳисобидан ташкил қилинган.

 Юртимизда ушбу мамлакатнинг 75 та компанияси рўйхатдан ўтган. 2018 йилда Инчеон шаҳрида «Ўзбекистон – Корея савдо уйи» очилди. У Ўзбекистоннинг дунё стандартларига мос маҳсулотларини Жанубий Корея бозорига етказиб беришда муҳим роль ўйнамоқда.

 Ўзбекистон ва Жанубий Корея ахборот технологиялари, рақамли тиббиёт, таълим, маданият соҳаларида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мамлакатимизнинг мактабгача таълим тизимига Жанубий Корея тажрибаси кенг жорий этилмоқда.

 Ўзбек ва корейс халқларининг дунёқараши ва урф-одатлари ўхшаш. Мамлакатларимиз энг қийин даврларда бир-бирини қўллаган. Бугун Ўзбекистонда яшаётган 180 мингдан зиёд корейс диаспораси кўп миллатли жамиятимизнинг ажралмас қисмига айланган.

 2017 йили Ўзбекистонда корейс миллати вакиллари яшаётганининг 80 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги «Дўстлик» боғида ёдгорлик монументи очилди. Пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирига Сеул номи берилди. Корейс халқининг маънавий-маданий меросини сақлаш ва ривожлантириш мақсадида Корея Республикаси ҳукумати томонидан Тошкент шаҳрида Корея маданияти уйи қуриб битказилди.

 Мамлакатимизда ўнлаб корейс маданият марказлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 12 та олий таълим муассасасида корейс филологияси, 48 та мактаб ва лицейда корейс тили ўқитилмоқда.

 Мамлакатимиз олий ўқув юртлари Жанубий Кореядаги 45 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасаси билан ҳамкорлик ўрнатган. Пойтахтимизда Корея Республикасининг тўртта университети филиали очилган.

 Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг молиявий-техник кўмагида ўзбекистонлик мутахассислар Жанубий Кореядаги етакчи клиника ва марказларда малака оширмоқда, кореялик шифокорлар томонидан мамлакатимиз аҳолиси беғараз асосда тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

 Мамлакатимиз иқтисодиётидаги Жанубий Корея инвестицияларининг умумий ҳажми 7 миллиард доллардан ошган. Корея миллий нефть корпорацияси, Эксимбанки, «Kogas», «Lotte group», «Samsung», «Hyundai», «Shindong resources» ва бошқа кўплаб етакчи компаниялари юртимизда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.