Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

УКРАИНАДА ПРЕЗИДЕНТ ЎЗГАРАДИ

24.04.2019 , 12:00

21 апрель куни Украина президентлиги учун сайловнинг иккинчи тури ўтказилди. Унда сайловчилар биринчи босқичда энг яхши кўрсаткичларга эришган икки номзод – амалдаги Президент Пётр Порошенко ҳамда Владимир Зеленский учун овоз беришди.

Жараён якунланганидан кейинги дастлабки натижаларга кўра, Зеленский 70 фоиздан кўпроқ овоз тўплагани ва сайловда ғолиб бўлиши тахмин қилинган эди. Ростдан ҳам шундай бўладиган кўринади.

Украина Марказий сайлов комиссияси сайлов варақаларининг 90 фоизи ҳисоблаб чиқилганда Зеленский 70 фоиздан ортиқ овоз олгани, Порошенко эса 25 фоизга яқин овоз йиғганини маълум қилган.

Зеленский деярли барча вилоятларда рақибидан устун келгани айтилмоқда.

Маълумотларга қараганда, сайловда 16 миллион нафарга яқин сайловчи иштирок этган, давомат 63 фоизга яқин бўлган.

Мамлакат ички ишлар вазирлиги ва Марказий сайлов комиссияси сайлов натижасига таъсир кўрсатувчи жиддий қоидабузарликлар қайд этилмаганини билдирган. Сайлов натижаси расман 1 майга қадар эълон қилинади.

 

Хориж ОАВ хабарлари асосида тайёрланди.