Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ТУҲМАТ ВА ХУСУМАТ

15.05.2019 , 16:00

туфайли неча йиллардан буён муқаддас бир даргоҳ раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилари таълим-тарбия ишларидан чалғиб, турли идораларга тинимсиз ёзилаётган асоссиз шикоятлар бўйича тушунтириш хатлари ёзиш билан банд бўлишмоқда

Таҳририятимизга ҳар куни турли-туман масалалар бўйича хатлар келади. Бундан ташқари, фуқаролар турли шикоят ва ариза билан мурожаат қилади. Бу албатта, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ошаётганидан, ҳақ-ҳуқуқини таниётганидан далолат. Фуқаро ўз ҳуқуқини ҳимоя этиб, адолатсизликка қарши туриб ариза ёзса, бундан мамнун бўлмоқ керак.

Аммо ўзи ноҳақ бўлса-да, ҳақиқатни тан олмай турли суд-ҳуқуқ идоралари, маъмурий идораларга, ижтимоий тармоқларга ўзини жабрланган кўрсатиб, йиллаб шикоят ёзиб, тинчгина ишлаб юрган инсонларга туҳмат ва бўҳтонлар ёғдираётган кимсанинг кирдикорларига қандай баҳо бериш мумкин?

Таҳририятимизга Тошкент молия институти маъмуриятининг институт собиқ ҳуқуқшуноси Мирғани Акбаров бир неча йилдан буён мазкур таълим муассасасида ишлаётган профессор-ўқитувчилар ва раҳбар ходимлар устидан турли идораларга туҳмат ва фитнадан иборат шикоятлар ёзиб келаётгани, унинг бундай хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмаётгани ҳамда қонунда белгиланган тартибда чора кўрилмаётгани ҳақида мурожаатномаси келиб тушди.

Қўшимча тарзда, Мирғани Акбаровнинг ножўя хатти-ҳаракатлари юзасидан бир қатор ҳужжатлар, Тошкент молия институти Кенгашининг 2019 йил 19 апрелда бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилиш баённомаси 48 нафар Кенгаш аъзоси имзо қўйган ҳолда илова қилинган.

Мурожаатномада, жумладан, шундай дейилади:

«М.Акбаров 2013-2019 йиллар давомида институт раҳбарлари, профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходимлари номига туҳмат уюштириш, уларни шантаж қилиш йўли билан ўз шахсий манфаатларини қондириш мақсадида очиқдан-очиқ таҳдид қилиб келмоқда. Унинг бундай ёлғон маълумотлар билан тўлиб-тошган мурожаатларини ўрганиш учун қанчадан-қанча давлат ташкилотлари ходимларининг вақти кетаяпти. Уларга давлат бюджетидан иш ҳақи тўлаб берилмоқда. М.Акбаровнинг ўта худбинлик ва масъулиятсизлик билан тинимсиз равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Сенати, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари жамияти, «Озодлик» ва «Би-би-си» радиолари, «Эл.Туз» нашри, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти ва бошқа ташкилотларга йўллаётган асоссиз мурожаатлари илм ва зиё тарқатувчи, тарбия ўчоғи бўлган Тошкент молия институти профессор-ўқитувчи ва раҳбарларини ишдан қолдирмоқда, шаъни ва обрўсига путур етказмоқда».

Хўш, Мирғани Акбаров ким ва унга нисбатан кимлар томонидан адолатсизлик қилинган? Бу ғавғолар қачон ва нимадан бошланган?

Мирғани Акбаров Тошкент молия институти ректорининг 2004 йил 4 декабрдаги буйруғи билан ҳуқуқшунос лавозимига ишга қабул қилинган. 2012 йилдан 2015 йилгача институт раҳбариятига ва касаба уюшмасига унинг устидан бир неча маротаба ёзма равишда шикоятлар тушган. М.Акбаров ўзининг хато ва камчиликларини тан олган ҳамда уларни қайта такрорламаслигини ёзма равишда билдирган. Шундан кейин унга интизомий жазо қўлланилмасдан, фақат огоҳлантириш берилган.

Лекин доимий равишда ходимларга қўпол муомалада бўлаётгани, бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан, жамоадаги соғлом муҳитни бузишга сабабчи бўлиб келгани учун М.Акбаровга институт ректори Н.Ҳайдаров томонидан 2017 йил 4 сентябрда ҳайфсан берилган. Шундан кейин ҳам ўзгариш бўлмагач, 2017 йил 25 сентябрда М.Акбаров билан тузилган меҳнат шартномаси амалдаги қонунлар асосида бекор қилинган. Бор гап шу.

2016-2017 йиллар давомида Тошкент молия институтида Б.Бегалов ректорлик қилган. Бу даврда М.Акбаровнинг ножўя хатти-ҳаракатлари устидан жамоа аъзоларидан оғзаки ва ёзма шикоятлар кундан-кун кўпайиб бораётгани сабабли, у алоҳида хизмат хонасидан 2-3 ходим ишлайдиган режа-молия бўлимига кўчирилган. Лекин М.Акбаров институтнинг ички ҳужжатлари ва буйруқ лойиҳаларига имзо қўймасдан, ходимларни овораи-сарсон қилишни давом эттирган.

2017 йил май ойидан бошлаб институтга Н.Ҳайдаров ректор қилиб тайинланган. М.Акбаров бундан фойдаланиб, ўзига алоҳида хизмат хонаси ажратилишини сўраб, Адлия вазирлигига ариза билан мурожаат қилади. Ушбу мурожаат бўйича тегишли ташкилот мутахассислари томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, М.Акбаровга алоҳида хизмат хонаси, барча зарур мебель ва анжомлар ажратилиб берилади.

Ўз талаби қондирилганидан руҳланган М.Акбаров институт фаолиятига доир турли ҳужжатларни имзо қўйдириш учун олиб кирган ходимларни ҳақоратлаш ва институтнинг ички тартиб-қоидаларини бузишга сабаб бўлувчи хатти-ҳаракатларини давом эттираверади. Шундан сўнг М.Акбаровга нисбатан таъсирлироқ интизомий жазо сифатида ҳайфсан берилади.

 Гарчанд М.Акбаров ўз хатти-ҳаракати туфайли институтнинг ўша пайтдаги ректорлари Б.Бегалов ва Н.Ҳайдаров билан келишаолмай қолган бўлса-да, собиқ ҳуқуқшунос ҳар иккала собиқ ректор ва амалдаги ректор Улуғбек Азизов устидан турли жойларга тинимсиз шикоят ёза бошлайди. Институт ректори томонидан унга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳақида берилган буйруқни бекор қилиш ва ишга тиклаш ҳақида даъво аризаси билан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судига мурожаат қилади.

Суднинг 2017 йил 15 декабрь кунидаги ҳал қилув қарори билан фуқаро М.Акбаровнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилади.

Суд қароридан норози бўлган М.Акбаров фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига мурожаат қилади.

Тошкент шаҳар судининг 2018 йил 30 январдаги қарори билан М.Акбаровнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилади.

Шундан сўнг, М.Акбаров томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 4 июлдаги ҳал қилув қарори билан М.Акбаровнинг назорат тартибидаги шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилади.

М.Акбаровнинг ишга тиклаш ҳақидаги даъволари судларда кўриб чиқилиб, меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги қонуний деб топилган бўлса-да, у кўплаб оммавий ахборот воситаларига ўзининг айбсиз эканлигини, ишдан ноҳақ бўшатилганлигини дастак қилиб, жамоатчилик, давлат хуқуқ-тартибот идораларига турли иғволарни ёзишда давом этади ва натижада ана шу ҳолат институт жамоасининг сабр косасини тўлдиради. М.Акбаров институт раҳбариятига ёзма равишда (шу жумладан, телефон СМС хабарлари орқали) уни ишга қайта тиклашни талаб этади. Акс ҳолда, «институтда рўй бераётган турли қинғирликлар ва қонунбузарликлар» ҳақидаги маълумотларни тарқатиш билан таҳдид қилади.

Шу пайтгача институт жамоаси М.Акбаровнинг мурожаатларидаги важлар ўз тасдиғини топмаса-да, унга нисбатан ҳеч қандай ташкилотларга мурожаат этмай келаётган эди. Бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган М.Акбаров андишанинг отини қўрқоқ, деб билган шекилли, институт раҳбарияти ва жамоаси шаънини тўкадиган гап-сўзларни тарқатишда давом этаверди. Охири пичоқ бориб суякка тақалди. Унинг бундай хурмача қилиқларига барҳам бериш, М.Акбаровга қонуний чора кўриш мақсадида Тошкент молия институти Кенгаши томонидан 2019 йил 19 апрелда навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди ва 48 нафар Кенгаш аъзоси имзоси билан суд-ҳуқуқ идораларига мурожаат қилинди.

Мазкур йиғилишда собиқ ходим Мирғани Акбаровнинг ғаразли хатти-ҳаракатлари юзасидан кўпчилик ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган. Шулардан айримларини келтирамиз.

Ходимлар бўлими бошлиғи Л.Ҳайдарова:

– Мирғани Акбаров институтда ишлаб юрган кезларида, ўз лавозимини суиистеъмол қилиб, турли бўлим ва кафедраларнинг ички ишларига аралашиб юрган. Оилали бўлишига қарамасдан, институтда ишлаётган хотин-қизларга тегажоқлик қилиб келган. Ижро интизомини таъминламагани, ички буйруқ, хат, хўжалик шартномалари ва бошқа ҳужжатларни имзолаш ишларини атайлаб чўзиб келгани учун унга бир неча маротаба огоҳлантириш берилган. Лекин М.Акбаров бундан ўзига тўғри хулоса чиқариб олмади.

Девонхона ва архив бўлими мудираси Ф.Яқубжонова:

– Институтнинг собиқ ҳуқуқшуноси М.Акбаров томонидан турли давлат идораларига ёзилган мурожаатлар кундан-кунга ортиб бормоқда. Хизмат вазифам тақозоси билан мен бу ҳужжатларни бевосита ўқиб кўриб, резолюция қўйилиши учун раҳбарга тақдим этаман. Мурожаатларнинг матни деярли бир хил, турли ташкилотларда рўйхатга олинган рақами ва санасига эътибор берилса, ҳар хил. Бундан шундай хулосага келдимки, М.Акбаров атайин бир хил мазмун ва матндаги мурожаатларини икки-уч кун оралиғида қайта-қайта жўнатар экан. Ўйлайманки, бу одамларни овора қилишдан бошқа нарса эмас.

У.Ортиқов, Бюджет ҳисоби ва ғазначилик иши факультети декани:

– М.Акбаров нафақат институтда ишловчи оддий профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходимлар, балки раҳбариятнинг мурожаатларига ҳам тўлиқ ва аниқ бир ҳуқуқий асосланган хулосалар бера олмаган. Биз бундай ҳуқуқшунос билан ишлашга мутлақо қаршимиз. Ишдан бўшаганидан кейин ҳам унинг бўҳтон ва иғволаридан азият чекиб келаяпмиз. Қачонгача бу ҳолат давом этиши мумкин?..

Р.Саидов, Банк иши факультети декани:

– М.Акбаров институтда ишлаб юрган пайтида ҳам ҳаммани овора қилишни яхши кўрар эди. Факультет деканлари ва декан муовинлари буйруқ лойиҳаларига, имзо қўйдириш учун роса қийналарди. Шунинг учун мен унинг қайта ишга олинишига қаршиман ва М.Акбаровнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилишини сўрайман.

Ж.Каримқулов, Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор:

– Ҳақиқатан ҳам М.Акбаров турли давлат идораларига мурожаат қилиб, ноҳақ туҳмат ва бўҳтонлардан иборат бўлган ёлғон ахборотлар тарқатиш орқали кўпчиликни овора қилиб келмоқда. Бир неча маротаба бўлиб ўтган суд мажлислари, турли ташкилотлардан келаётган ишчи гуруҳларнинг иш фаолияти давомида М.Акбаровнинг муомалага лаёқатлилигини ўрнатилган тартибда текшириб кўриш керак, деган хулосага келдим. Кенгаш аъзоларининг мурожаатномасида шунга алоҳида урғу берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

К.Каримова, Бухгалтерия ҳисоби ва аудит факультети декани:

– Ҳақиқатан ҳам институтнинг собиқ ҳуқуқшуноси М.Акбаров ўзининг бу хатти-ҳаракатлари билан институт шаънига доғ туширмоқда. Унинг томонидан ҳозиргача турли жойларга тинимсиз ёзилаётган шикоят ва аризалар тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганиб чиқилган ва барчаси асоссиз деб топилган. М.Акбаров ўз тасдиғини топмаган бундай мурожаатлари билан давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини овора қилишни қачонгача давом эттиради?

 И.Қўзиев, Ўқув ишлари бўйича проректор:

– Ҳаммамизга маълумки, М.Акбаров ўзининг айбсиз эканлиги, ишдан ноҳақ бўшатилганлигини кўрсатиб, турли ташкилотларга давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда оммавий ахборот воситаларига турли иғволар кўринишидаги ёзишмалари билан институт жамоаси шаънини ерга уриб, обрўсизлантириб келмоқда. Ҳамма нарсада чек-чегара ва меъёр бўлиши лозим, деб ўйлайман. М.Акбаровнинг бундай ноўрин хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига Кенгаш аъзолари номидан мурожаат қилишни таклиф этаман.

М.Акбаровнинг шикоятларини текшириш учун қанчадан-қанча ишчи гуруҳлари тузилди, қанча-қанча мутахассислар ўз ишларини ташлаб, ойлаб, ҳатто йиллаб шу ҳолатларга аниқлик киритиш учун сарсон бўлишди. Шулардан баъзиларини келтирамиз.

М.Акбаров томонидан 2017 йил июль ойида йўлланган ариза бўйича 2017 йил 2 август куни Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори А.Азимов, Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси Юридик хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бўлими етакчи маслаҳатчиси О.Умарходжаев ва Юнусобод тумани «Буюк Турон» маҳалласи ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўлими етакчи маслаҳатчиси Х.Турдановлар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Ушбу йиғилишда М.Акбаров аризада қайд этилган камчиликлар бўйича ҳеч қандай эътирози йўқлигини айтган ва ёзма равишда тасдиқлаган.

Унинг 2017 йил 15 сентябрда Юнусобод туман прокуратурасига йўллаган аризаси бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 18 сентябрдаги 676-сонли буйруғи билан махсус ишчи гуруҳи тузилиб, 2017 йилнинг 21-22 сентябрь кунлари институтда текширув ўтказилган. Мазкур ишчи гуруҳи томонидан М.Акбаров иштирокида аризадаги ҳолатлар тўлиқ ўрганиб чиқилган ва тасдиқланмаган. У ишчи гуруҳи далолатномасига «Ишчи гуруҳи хулосаси билан танишдим. Эътирозларим йўқ», деб имзо чеккан.

2017 йил 25 сентябрда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига йўлланган ариза бўйича 9 октябрда яна махсус ишчи гуруҳи тузилиб, институтда текширув ўтказилган ва М.Акбаровнинг аризасидаги ҳолатлар асоссиз эканлиги аниқланган.

2018 йил 30 ноябрда Бош прокуратурага йўлланган ариза Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилган ва М.Акбаровнинг даъволари исботланмагани аниқланган ва ҳоказо...

М.Акбаров томонидан турли идораларга йўлланган деярли барча ариза ва шикоятларда институтда 2014-2016 йилларда бажарилган грант лойиҳаси ва унда амалга оширилган ишлар бўйича бир неча маротаба ишчи гуруҳлари тузилиб, ўрганилган. Уларнинг барчасида шикоятчининг ўзи ҳам шахсан иштирок этган ва ишчи гуруҳи хулосасида «ишчи гуруҳи хулосаси билан танишдим, эътирозим йўқ» деб имзо ҳам қўйган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан М.Акбаровнинг мурожаатини ўрганиш жараёнида институт ректори У.Азизовга нисбатан келтирилган маълумотлар ёлғон ва бўҳтонлардан иборатлиги аниқланган ва ўз тасдиғини топмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига 2018 йил 8 октябрда йўлланган мурожаатда келтирилган ҳолатлар ҳам тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганиб чиқилган ва асоссиз деб топилган.

Табиий савол туғилади: М.Акбаров туҳмат учун жавоб бериш кераклигини билмайдими? Бошқа нарсани билмаса ҳам, буни билиши керак, ҳар ҳолда юрист, деган дипломи бор-ку. Институт жамоаси, раҳбарияти устидан бўҳтонлардан иборат аризалар ёзиб, юзлаб одамларни ишдан чалғитаётган, асабини емираётган М.Акбаров хатти-ҳаракатларига юридик баҳо бериш вақти келмадимикан?

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.