Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

«МЕН ЎЛИБ-ТИРИЛГАНМАН»

15.05.2019 , 17:00

Уруш ҳар бир оила, ҳар бир инсон учун жуда яқин масофада эди. Унинг даҳшати, зулмати, гўёки бутун оламни қоплаб олганди. Кимдир урушга отланса, бошқа бировдан «қора хат» келарди. Уруш йилларининг жабрдийда одамлари учун қувонч, шодлик туйғулари аллақочон унутилган, ғам, қайғу, жудолик, йўқотиш ва очлик ҳаёт тарзига айланиб бўлганди. Қўлида қурол тутишга қурби етган эркак зоти борки, жанг майдонларида жон олиб, жон берар, кексалар ва аёллар, болалар барча оғир ишларга жалб этилган эди.

Оқдарёлик Эшмурод Жўраев 1944 йил Украинанинг Днепропетровск вилояти, Апостоловск тумани ҳудудида жанг қилаётган эди... Февраль ойи, қалин қор, ҳаво совуқ.

У хизмат қилаётган полк фашистларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келади.

Полк командири душман снайперини йўқ қилиш учун Эшмурод Жўраев, Пётр Сидоров, Иван Михайловга топшириқ беради. Эшмуроднинг иккала қуролдоши душман ўқидан ҳалок бўлади. Ёлғиз ўзи душман снайпери турган нуқтани топиб, рация орқали хабар беради. Шундан сўнг яқин масофада портлаган снаряд ўқидан ўзи ҳам яраланади, ҳушини йўқотади...

Эшмуроднинг уйига «қора хат» келади. Яқинлари унга аза очишади. Унинг номи қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар рўйхатига киритилади. Аммо кейин маълум бўлишича, у госпиталга олиб кетилган бўлади.

Эшмурод Жўраев госпиталда узоқ даволанади. Кўкси тўла орден-медаллар билан она юрти Оқдарёга қайтиб келади. Оқдарё тумани миқёсида турли раҳбарлик лавозимларида ишлайди. Эл-юрт ўртасида ҳурмат-эътибор қозонади. Оила қуриб, фарзандлар кўради. Уларни халқ хизматига сафарбар қилади. Ҳалол ишлаб, ҳалол яшаб ўзидан яхши ном қолдиради. Қаҳрамон жангчи бир гапни кўп такрорлар эди: «Мен ўлиб-тирилганман»!..

Ҳар йили 9 май — Хотира ва қадрлаш куни Эшмурод Жўраевнинг авлодлари «ота уй»да йиғилиб, азиз инсонларини ёд этишади. Оталари, боболари билан ҳақли равишда фахрланишади.

www.uzbekistonovozi.uz