Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ИНСОНИЙЛИК – МУРУВВАТЛИ БЎЛИШДА

04.06.2019 , 17:00

Кўпинча кўча-кўйларда, одам гавжум бўлган, хусусан, бозор жойларда бир аҳволда юрган одамларга кўзимиз тушади. Биров унга раҳми келиб ёрдам беради, биров эса ёнидан бепарво ўтиб кетади.

Гап бу ерда тирикчилик илинжида, тўрт-беш сўм ишлаб, уйга юбораман, рўзғорни бутлайман, деган мақсадда шаҳарга келиб, ножўя ҳою-ҳавасларга берилиб, мушкул аҳволга тушиб қолган туппа-тузук инсонлар ҳақида бораяпти.

Бундай пайтда албатта ҳушёр ички ишлар ходимлари уларга ёрдам бериш мақсадида шахсини суриштиради, керак бўлганда кўмак беради. Бунинг иложи бўлмай қолган тақдирдагина маъмурий судга унинг шахсини аниқлаш мақсадида реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида илтимоснома билан чиқади. Марказга олиб келинган шахс тиббий текширувдан ўтказилиб, соғлигида муаммо бўлса, уни тиклаш учун шифохонага юборилади. Шу билан бирга, маълум муддат ичида мазкур шахс туғилиб ўсган жой, яшаш манзилига сўровномалар юборилади.

Яшнобод туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 5-сонли ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими инспектори Феруз Боборажабовга ўзини қашқадарёлик Шерзод Исломовман, деб таништирган фуқаронинг Тошкент шаҳрида муайян яшаш жойи ва ёнида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган. Шундан кейин туман 5-сонли ИИБ бошлиғи томонидан фуқаронинг шахсини аниқлаш зарурати туфайли уни вақтинчалик реабилитация марказига жойлаштиришни сўраб Яшнобод туман маъмурий судига мурожаат қилинган.

Судда Шерзод Исломов ҳақиқатан ҳам барча ҳужжатларини йўқотиб қўйганини, профилактика инспекторининг фикрини маъқуллаш баробарида реабилитация марказига жойлаштирилишига эътирози йўқлигини билдирди. Суд мазкур ишга доир важларни, унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, фуқаронинг шахси аниқлангунга қадар уни Тошкент шаҳар ИИББ Реабилитация марказига жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилди.

Таъкидлаш керакки, Реабилитация марказларига тушадиган шахсларнинг аксарияти соғлом турмуш тарзини бутунлай йўқотган, ичкиликбозликка муккасидан кетган. Айримлари эса, кексалиги ва ногиронлиги боис, меҳнатга яроқсиз кишилар. Эндиликда турли ҳудудлардан келган, яшаш жойига эга бўлмаган шахслар яшаш ҳудудларига қайтариб юборилмасдан, унинг шахсига, паспорт бўйича рўйхатга қўйилган турар жойига аниқлик киритиш амалиёти қўлланилмоқда. Натижада кўпчилик фуқаролар яна соғлом турмуш тарзига қайтиб, ўз ҳаётини ўнглаб олмоқда.

Шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, ёки биометрик паспорт олмаган шахслар ҳақида эса реабилитация марказининг ўзида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан мобиль қурилма воситасида биометрик маълумотлар олиниб, жойлардаги мутасаддилар томонидан уларнинг яшаш жойлари аниқланиб, бандлигини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

 

Акрам ЮСУПОВ,

Яшнобод туман маъмурий суди судьяси.

www.uzbekistonovozi.uz