Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

«МЕН ТУҲМАТГА ҚОЛДИМ»

05.06.2019 , 9:00

Бундан 10 йил муқаддам Жиноят кодексининг 8 та моддаси билан айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган янгийўллик Шоира Сулаймонова адолат қарор топишига ишониб, ҳамон курашмоқда.

У таҳририятимизга келиб, бир даста ҳужжатни стол устига қўяр экан, дардини айтди:

— Мен эксперт вазифасида 11 йилдан ортиқ вақт ишлаб, прокуратура, ИИБ ходимлари ва бошқалар билан ҳеч қандай зиддиятга бормаганман. Ўз вазифаларимизни қонун доирасида бажарганмиз. 2008-2009 йиллар оралиғида Янгийўл шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари Фаррух Боқиев томонидан менга, мен билан бирга ишлайдиган суд тиббий экспертларга тазйиқ ўтказила бошланди. Фаррух Боқиев ишимизга асоссиз аралашиб, ўтказилган экспертизаларга шубҳа, гумон билан қараб, тўлақонли фаолият олиб боришимизга тўсқинлик қила бошлади. Тортишиб қолган пайтларимиз бўлган.

Фаррух Боқиев мени танийдиган одамларга очиқдан-очиқ «Сулаймонова Шоирани бир ҳафтада «подстова» қилиб бўлса-да, қаматтираман. Кейин у билан ўзим бошқачасига гаплашаман», деган. Шундан кейин Фаррух Боқиевнинг мендан қасд олиш учун қилаётган ҳатти-ҳаракати хусусида Тошкент вилоят, Янгийўл шаҳар прокурорига ҳамда бошқа ташкилотларга ёзма равишда мурожаат қилдим.

Бироқ аризаларимга эътиборсиз қаралди. Фаррух Боқиев эса мен билан қасдлашиб қолди. Шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари мендан ўч олиш учун ўзига бевосита бўйсунувчи ИИБ ходимларидан 2009 йил 5 июнь куни туҳмат ва бўҳтондан иборат кўрсатмалар ёздириб олган... Менга қасддан уюштирилган фитна сабаб судландим. 10 йилдан буён адолат излаб юрибман... Ноҳақ айбландим. Илтимос, ҳужжатларни диққат билан кўриб чиқинглар, менга ёрдам беринглар.

Шоира Сулаймонова 2008 йил 26 февралдан 2009 йил июлгача Янгийўл туман ва шаҳар суд тиббий экспертиза бўлинмаси мудири лавозимида ишлаган. 2009 йил 20 июлда Бўка туманлараро суд тиббий экспертиза бўлинмаси мудирлигига ўтказилган. Шоира Сулаймонова Бўкада ишлаб юрганда, унга нисбатан август ойида жиноий иш қўзғатилган ва 2009 йил 25 сентябрда қамоққа олинади.

Янгийўл туман ва шаҳар СТЭ бўлинмаси мудираси Шоира Сулаймонова мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, ўлим ҳолатлари бўйича нотўғри хулоса берганликда, тергов ишларига аралашганликда, товламачиликда, «АКFА» ром учун пул сўраганликда, экспертиза хулосаларини вақтида тақдим этмасдан уяли телефонига пул ўтказиб бериш ҳамда 200 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилганликда айбланган.

Шоира Сулаймонова қамоққа олинган 2009 йил 25 сентябрь кунини ўша пайтда Бўка туманлараро суд тиббий экспертизаси бўлинмасида санитарка бўлиб ишлаган Музания Вагизова шундай хотиралайди:

— 2009 йил 25 сентябрь куни ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўша куни хонамизга 15 нафарга яқин формали, формасиз кишилар кириб келишди. Худдики, қидирувда юрган ашаддий жиноятчини ушлаш учун келгандай ўзларини тутишди. Бир аёл учун 15 нафар эркакнинг Янгийўлдан Бўкага келиб, қўлига кишан солиб олиб кетиши, жуда ғалати, эриш туюлди. Мен Шоирани ишчан, виждонли, ўз касбини пухта биладиган эксперт сифатида биламан. Эшитишимча, Шоира Фаррух Боқиевнинг ноқонуний талабларини бажармаган экан. Ўч олиш учун Шоирани қаматтирди. Ғараз, хусумат ёмон нарса... Сулаймоновлар оиласи чеккан азобни-ку айтмаса ҳам бўлади.

Бу бир гувоҳнинг фикри, албатта.

Энди Шоира Сулаймоновага қўйилган айбловлар хусусида фикр юритсак. Қўлимизда 2009 йил 6 июнь куни Янгийўл туман ИИБ бошлиғи ҳамда унинг ўринбосарлари имзо чеккан хат бор. Унда жумладан, шундай сўзлар ёзилган: «Янгийўл туман ички ишлар бўлими Янгийўл шаҳар ва туманлараро суд тиббий экспертиза бош шифокори Ш.Сулаймоновага ижобий фикр билдиради. Биз томонимиздан юборилган иш материаллари ўрнатилган тартибда ва белгиланган муддатларда қонуний ечимини топишда ушбу раҳбар ходим томонидан назорат олиб борилган. Ш.Сулаймоновага нисбатан Янгийўл туман ИИБ томонидан эътироз ва шикоятлар мавжуд эмас.»

Чиноз тумани ИИБ раҳбарияти томонидан берилган маълумотномани ўқиймиз: «Чиноз тумани ИИБ ушбу маълумотномани шу ҳақда берадики, эксперт Ш. Сулаймонова ҳеч қачон Чиноз тумани аҳолиси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан зиддиятга бормаган ва унинг устидан шикоятлар тушган эмас».

Худди шундай ижобий маълумотнома ИИВ Транспорт ички ишлар бошқармаси томонидан ҳам берилган. Демак, Шоира Сулаймонова мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани ёки экспертиза бўйича нотўғри хулосалар бергани тўғрисида муқаддам шикоятлар бўлмаган. Фақат Фаррух Боқиев назорат қилувчи Янгийўл шаҳар ИИБ ходимари бундай хулоса бермаганлигини тушуниш қийин эмас.

— Менга оид қўзғатилган жиноят ишида гўёки, ўлим ҳолатлари бўйича нотўғри хулоса берганмишман. Бу мутлақо нотўғри, — дейди Шоира Сулаймонова. — Марҳум Ш. Қаюмов ва Р.Абдуқулов мурдалари бўйича экспертиза қонун доирасида ўтказилган. Буни исботловчи прокурор ва терговчилар, иштирокчилар томонидан тузилган далолатнома бор. Қолаверса, марҳумларнинг қариндошлари томонидан менга нисбатан даъво ва эътирозлар билдирилмаган. Қандай қилиб, прокуратура, айнан Фаррух Боқиевнинг ўзи тасдиқлаган хулоса 1,5 йилдан кейин бирданига нотўғри бўлиб чиқяпти?!

Яна бир гап. «Иш»да «комиссион экспертиза» хулосаси бор. Аслида у комиссион экспертиза эмас. Республика собиқ бош эксперти З. Ғиёсовнинг прокуратурага берган хатида менинг хулосаларим бўйича Тошкент вилоят СТЭ экспертлари экспертиза ўтказишлари мақсадга мувофиқ эмас.

Мени тергов ишларига аралашганликда айблаганликлари ҳам мантиққа зид. Бу ерда ҳам Фаррух Боқиевнинг «қўли» бор. Чунки у ўзига хизмат юзасидан бўйсунувчи икки нафар терговчидан менга қарши ариза ёздириб олган. Айтишим керакки, экспертлар иш юзасидан терговчилар билан доимий мулоқотда бўлади. Мужмал гапдан ташқари менинг тергов ишларига аралашганим ёки тўсқинлик қилганлигимни исботловчи далил йўқ-ку.

Шу ўринда савол туғилади: Агар тергов ишига Ш. Сулаймонова аралашган бўлса, нима сабабдан ўз вақтида тегишли баённома тузилмаган?

— Судда исботини топмаган яна бир айбловга тўхталсам. Менга қарши кўрсатма берган М. Абдуллаева билан аслида биз опа-сингилдек эдик, — дея гапида давом этди Шоира Сулаймонова. — Унинг иши терговда бўлганлиги сабабли Фаррух Боқиев бу аёлни ҳам қўрқитиб, менга қарши кўрсатма ёздириб олибди. Қизиқ томони шундаки, мен М.Абдуллаевадан насияга, қарзга узук сотиб олган эдим. У узук пулини сўраб, бир неча бор телефон қилган ва олдимга ҳам келиб кетган. Вақтида узук пулини тўламаганим учун қўшимчасини ҳам бергандим. Судда М.Абдуллаева Ф.Боқиевнинг тазийқи остида менга қарши нотўғри кўрсатма берганлигини тан олди.

«АКFА» ром учун пул сўради, экспертиза хулосаларини вақтида тақдим этмасдан уяли телефонига пул ўтказиб беришини сўради, деган айбловга ҳам қўшилиб бўлмайди. Биринчидан, ҳеч қандай далил-исбот йўқ. Иккинчидан, эътибор беринг, бу «жиноий ҳаракатлар» санасига, ҳаммаси бир кунда ёзилган.

Яна бир қизиқ томони шундаки, Шоира Сулаймоновага қарши кўрсатма берганларнинг аксарияти ички ишлар бўлими терговчилари ёки профилактика инспекторлари!

Айтайлик, Шоира Сулаймонова ИИБ ходимларига ноқонуний талабларни қўйган бўлсин. Нега унда терговчи ва профилактика инспекторлари бу ҳақда раҳбариятига ёзма равишда мурожаат қилиб, Ш.Сулаймоновага нисбатан қонуний чораларни кўрмаган? Яна бир гап. ИИБ ходимларининг прокурор ўринбосарига билдиргисида 2-3 ой, ҳатто 6 ой олдин Шоира Сулаймонова «сотка»сига пул «ташлагани» эсига тушиб қолгани таажжубли. Энди охирги айбловга тўхталсак. И.Пўлатова жанжал оқибатида тан жароҳати олади. Шоира Сулаймонова унинг тан жароҳати даражасини оғирлаштириб бериши эвазига И.Пўлатованинг қонуний вакил С.Тўхтаевдан пора талаб қилганмиш.

— Кўчада, — дейди Ирода Пўлатова, — Саъдулла ака (С.Тўхтаев назарда тутиляпти) бир аёл билан учрашиб қолди. Улар гаплашди. Машинага ўтириб, қайтаётганимизда ҳалиги аёл хусусида Саъдулла акадан сўрадим. Экспертизада ишлайди, деди у. Шоира Сулаймоновани умуман танимайман. Пул сўраганини эшитганим ҳам йўқ. Қолаверса, суд ҳужжатларида менинг гапларим нотўғри ёзилган...

Ана сизга натижа, хулоса.

Шоира Сулаймонованинг жазони ўтиб қайтганига анча бўлди. 10 йил муқаддам Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган Шоира Сулаймонова айбим йўқ, дея 10 йилдан буён ёзади. Тегишли жойларга мурожаат қилади. Ҳатто 2014 йилда Шоира Сулаймонова собиқ Бош прокурор Р. Қодировнинг нотўғри ҳатти-ҳаракатлари ҳақида судга мурожаат қилган...

— Менга қўйилган барча айбловлар мажбуран ёздириб олинган. Бир пайтлар менга қарши кўрсатма берганлар бугун қилган ишларидан афсусланиб, кечирим сўраб юришибди, — дейди Шоира Сулаймонова.

Унинг аччиқ қисмати кишини ўйга толдиради. Аёл киши, икки фарзандли она қамоққа олинди, оиласидан, жамиятдан ажратилди. 3 йил қамоқда сақланди. Ўйланиб қоласан киши, аёл кишини, икки нафар болали онани айбдор қилаётган, унга ҳукм чиқараётганлар наҳотки, раҳм-шафқатни билмайди? У қандай оғир жиноятларни қилган эдики, қамоққа ташлансин? Эҳтимол, ростдан ҳам ғараз, хусумат устун келгандир? Энди ҳаёт ўзгарди. Шоира Сулаймонова ҳам ана шу ўзгаришларни ўз ҳаётида кўргиси келади...

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.