Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

РЕГИСТОН МАЙДОНИ: БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ҲАҚИҚАТЛАР

20.06.2019 , 9:00

Самарқандда Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти очилиб, унинг биринчи директори вазифасида ишлаб юрган кезларимда, вазифам доирасида шаҳар майдонида қад кўтарган ҳар бир археология ва монументал меъморий ёдгорлик ҳақида кўпроқ билишга қизиқардим.

Фанлар академиясининг ягона илмий муассасаси — Археология институтининг Самарқандда очилиши республика бўйлаб ёйилган ўнлаб тўнғич археологик объектларда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш имконини яратди.

Одатда, Ўрта Шарқ мамлакатлари шаҳарларида Регистон шаҳарнинг марказий майдони ҳисобланади, форсчада бу қумлоқ жой, махсус майда тош тўшалган майдон маъносини беради. Тарихда Регистон маъмурий-сиёсий аҳамиятга молик, халқ тўпланадиган жой бўлган. Қиш ва баҳор ёғингарчилиги туфайли лойгарчилик бўлмаслиги ҳисобга олиниб, майдонга майда тош-шағал тўшалган. Аксарият ҳолларда у шаҳар Арки ёки ҳокимлар саройи жойлашган жой бўлган. Замон ўтиши билан унинг атрофида ижтимоий ва маъмурий бинолар қурилиб, шаҳар марказига айланган.

Самарқанд Регистони археологларнинг тахмин қилишича, қадимги Самарқанд (яъни суғдча Smarakansa) — Афросиёб дастлаб Сиёб ариғидан сув ичган, кейинроқ сўнгги антик ёки илк ўрта асрларда қадимги Самарқанд (Афросиёб)га Дарғомдан махсус канал орқали сув келтирилган. Канал суви Афросиёб жанубидан ўтган жарликдан махсус қўрғошин акведуки ёрдамида қадимги Самарқанд шаҳрига (ҳозирги Афросиёб тепалигига) кириб келиб, Ҳазрати Хизр масжиди яқинида уч йўналишга бўлинган ва шаҳар даҳаларини оралаб, уни сув билан таъминлаган. Унинг излари қадимги Лолазор қишлоғи, Университет хиёбони, Регистон майдони ва Бибихоним мадрасаси участкаларида кузатилган бўлиб, канал оқизиб келган қумлар ҳисобига Регистон майдони қумлоқ жой сифатида таркиб топган, деган қарашлар ҳам бор. Кейинчалик бу жойда қад кўтарган мадрасалар майдони Регистон номини олди, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Лолазор қишлоғини оралаб ўтган канал тубида ўйма сопол парчалари учратилиб, археологлар Г.Шишкин ва Э.Буряковлар каналнинг милоддан аввалги VII асрга тегишли эканини таъкидлашган. Аммо шундай сопол парчалари Регистон майдони ва канал йўналишининг бошқа участкаларида топилмаган. Шу боис, Афросиёб ҳудудида жойлашган қадимги Smaracansaга шу канал орқали милоддан аввалги VII асрда сув келтирилган, дейишга ҳозирча етарли асос йўқ.

Регистон майдонида (унинг шимоли-ғарбида) илк бор XIV аср охирида Телпакфурушон (телпак сотувчилар) номи остида марказий тим (гумбазли бозор) биноси қад кўтаради. Аммо Регистон майдонининг меъморий шаклланиши эса XV асрда юз беради. Дастлаб Мирзо Улуғбек ташаббуси билан 1417-1420 йилларда ўз даврининг олий ўқув дорилфунуни — Улуғбек мадрасаси қурилади. Унинг қаршисида Улуғбек хонақоҳи, шимолида Мирзойи карвонсаройи, жанубида Алика Кўкалдош Жума масжиди қурилади. Ғарбида ёғочдан (синчли) Муқатта масжиди ва Абусаид мадрасаси қурилиб, майдон меъморий жиҳатдан тўла шаклланади. Темурийлардан кейин Шайбонийлар даврида мамлакат пойтахти Бухорода қарор топгач, Регистон майдонида жойлашган бинолар қаровсиз ҳолатга тушиб қолди. Шайбонийлар ва Аштархонийлар хизматида йирик ҳарбий мулкдорга айланган, олчин қабиласининг аслзодаларидан Ялангтўш Баҳодир Самарқандда ҳокимлик қилган даврда вайрона ҳолатга тушиб қолган Улуғбек хонақоҳи ўрнига 1619-1635 йилларда Шердор мадрасасини, Мирзойи карвонсаройи ўрнига эса 1646-1659 йилларда Тиллакори мадраса-масжидини қурдиради. Регистон майдонида Шайбоний аслзодаларининг мақбаралари пайдо бўлади. Шундай қилиб, Регистон майдони XV асрда қурилган ва уларнинг баъзи бирлари вайроналари ўрнида XVII асрда қад кўтарган меъморий маҳобатли иншоотлар ва уларга хос ранг-баранг кошинкори безаклари, нақшинкори пештоқлари, улкан гумбаз ва миноралари билан Самарқанд шаҳрининг марказий майдонига айланади.

 Майдонда савлат тўкиб турган Шердор мадрасасининг пештоқида оқ оҳуни қувиб бораётган куч-қудрат тимсоли — шер акс этган. Шер томон бошини буриб, олға интилаётган оҳулар оралиғида эса қизғиш зарҳал тусда ҳокимиятнинг комиллик, мустаҳкамлик рамзи тасвирланган. Бу композицион сюжетни тарихийлик нуқтаи назаридан қуйидагича талқин этиш мумкин: аввало зардуштийлик ва исломий маънавий қадриятларни ўзида мужассам этган Самарқанд ҳокимлигининг бу чуқур тарихий ва фалсафий мазмунга эга рамзий тимсоли меъмор уста Абдужаббор томонидан жуда зукколик билан амалга оширилган ва Ялангтўш Баҳодирнинг этник келиб чиқишига ишорадир. Чунки тасвирда акс этган шер қачонлардир олчин қабиласининг Ялангтўш Баҳодир уруғига тегишли тотем бўлган. Танаси йўлбарс, боши афсонавий қудратли шернинг одам қиёфасидаги қуёш билан уйғунликда тасвирланиши эса, Ялангтўш Баҳодир ҳокимияти Яратгувчи иродасининг рамзий белгиси эканлигидан далолат беради. Ушбу тамғада одам қиёфасидаги қуёш билан шернинг уйғунликда тасвирланиши ўзбек халқининг этник асослари билан ҳам ҳамоҳанг, яъни тарихий илдизи чорвадор олчин қабиласининг юксак даражада ривожланган ўтроқ турмуш тарзли сартлар билан ижтимоий-иқтисодий ва этномаданий жиҳатдан қоришиб кетганлигидан нишона. Қувғиндаги оҳу эса куч-қудратга эзгулик ва гўзаллик бағишловчи, уни осойишта ҳаётга етакловчи тимсол образида акс этган. Ялангтўш Баҳодир илоҳий қуёш ва шер, оҳу ва комиллик рамзларини мадраса пештоқига муҳрлатиб, ўз ҳокимиятининг қудрати ва Самарқанднинг улуғворлик ва гўзаллик сиймосини акс эттирган.

 Кўп ижодкорларни чуқур ўйлашга чорлаган ушбу тасвир манбашунослар, бадиий ва амалий санъат арбобларининг турли талқин ва таҳлилларига сабаб бўлган. Масалан, Низомий номидаги ТДПУ амалий санъат кафедраси профессори Саидахбор Булатовнинг «Шердор мадрасаси безакларининг сирли олами» китобида ушбу тамғанинг амалий санъат билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида бир олам илмий ғоялар ва фаразлар ўртага ташланган. Унда муаллиф «зиё орқали инсонлар руҳий покликка, руҳий поклик орқали комилликка эришади», деган фалсафий фикрни ўртага ташлайди. Самарқандлик олим Абу Тоҳирхўжа XIX асрнинг 30-йилларида ёзган «Самария» китобида Шердор мадрасаси пештоқидаги тасвирларни мусулмон астрологиясида кенг тарқалган осмондаги юлдуз буржлари билан боғлайди.

...Бир куни ҳафсала қилиб Регистон майдонидаги Шердор мадрасаси минораларининг биридаги айланма зина орқали унинг томига чиқдим. Уч мадраса, яъни Улуғбек, Тиллакори ва Шердор мадрасалари майдони кафтдек кўриниб турар эди. Майдон ўртасида эса Чор Россиясининг тошдан терилган икки бошли шер сурати акс этган — давлат герби яққол кўзга ташланарди. Тарихий Туркистон ўлкасининг юраги бўлиб келган Самарқанднинг Регистон майдонида бу гербнинг тош билан муҳрланиши мустамлакачиларнинг Ватанимизни абадий тутқунликка қаратилган сиёсатининг рамзий тимсоли эди. Регистон осмонидан майдондаги тош муҳрни кўргач, юрагим орқага тортиб кетди. Мустамлакачилик сиёсатининг вориси ҳисобланган собиқ шўро ҳокимияти даврида бунга ҳеч ким эътибор бермаган. Бир-ярим билганлар ҳам сукут сақлаган. Тош гербни пастдан пайқаш, кўриш ҳақиқатдан қийин. Мен бу ҳақда ўша пайтдаги вилоят раҳбари Бектош Раҳимовга сўзлаб бердим. У киши узоқ сукут сақлаб: «Сиз Регистон майдонида кўрган нарса ҳақиқатда герб эканлигига ишонасизми?», деб таажжубланди. Сўнг, ҳозирлик кўринг, эрта тонгда Шердор мадрасаси томига ёлғиз мени олиб чиқасиз», деди.

Эртаси куни Бектош Раҳимов билан Шердор мадрасаси томига кўтарилдик. У майдонда ҳақиқатан ҳам тошдан терилган икки бошли бургут тасвирини кўриб ҳайратланди. Кейин бу ҳақда ҳеч кимга «чурқ» этмаслигимни тайинлади...

Ушбу учрашувдан сўнг вилоят раҳбарининг бир тўхтамга келишини роса уч ой кутдим. Бу вақт ичида Регистон майдони билан боғлиқ тегишли материалларни ўрганиш билан шуғулландим. Бир куни (бу 1976 йил ёз палласи эди) Бектош Раҳимов мени чақирди, амалий ишга ўтиш вақти келганини айтди. Улуғбек мадрасасининг теварак-атроф майдони кейинги (XVII аср) қурилишлар даврида камида 2 метр қалинликдаги ахлат ва тупроқ билан тўлиб кетгани оқибатида мадраса деворларини зах-нам босиб, деворий кошинлар тўкилиб кетаётганлиги, мадраса деворларининг нафас олиши тобора оғирлашиб, ёдгорлик кундан-кунга емирилаётганлиги асосий сабаб қилиб кўрсатиладиган бўлди.

Республика маданият вазирлиги қошидаги ёдгорликлар тақдирига жавобгар илмий-эксперт кенгаши аъзолари таъмирлаш ишларига қарши чиқди. Чунки биринчидан, майдон сатҳи ва Улуғбек мадрасаси атрофидан 2 метр қалинликда тупроқ олиб ташлаш учун катта маблағ керак эди. Маданият вазирлиги Марказ розилигисиз бундай ишга қўл уришга ҳаққи йўқ. Иккинчидан, Регистон майдонида сунъий ҳовуз пайдо бўлади, кузги ва қишки ёғин-сочинлардан ҳосил бўлган сувни майдондан чиқариб ташлаш кўп жиҳатдан қимматга тушади, яъни ҳар уччала мадраса ҳам нам тортиб, таъмирлаш ишлари оғирлашади. Учинчидан, Республика ҳукумати режада йўқ бундай ишга маблағ сарфлашни кўзда тутмаган, деган хулоса бўлди.

Ўша кезларда Тиллакори мадрасасида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган эди. Шу ишлар билан боғлиқ ҳолда, унинг жануби-ғарбий бурчаги районида, мадрасанинг фундаментини ўрганиш масаласи кўтарилиб, бу ишга институтимиз ходимлари сафарбар этилган эди. Шурф-траншея қазиш вақтида 2 метрга яқин чуқурликдан айлана шаклида ишланган, сув қудуқлари устига ёпинчиқ сифатида қўйиладиган плита тош чиқиб қолди. Бундай қудуқ тошларининг Регистон майдонида учраши бежиз эмас эди. Тошни институтга олиб бориб, археологлар билан муҳокама қилдик.

Бу ашёвий далил Регистон майдонида тўпланадиган сувни ер ости акведуки орқали ташқарига чиқариб ташлаш учун ишланган люк қопқоғи бўлганлиги эҳтимолдан узоқ эмас, деган хулосага келинди. Демак, Улуғбек даврида мадраса, карвонсарой, хонақоҳ ва бошқа меъморий ёдгорликлар мажмуаси майдонида баҳорги ва қишки ёғингарчиликдан тўпланадиган сувни ташқарига чиқариб ташлаш учун тегишли чоралар кўрилган.

Бу ҳақда «Бобурнома»да ёзилишича, қалин мудофаа деворлари билан мустаҳкамланган қасрлар шаҳарларни ёғий босганда, узоқ қамалда қолган аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида шаҳар атрофидаги булоқ сувлари ёки қалъа яқинидан ўтган дарё ва сой тубига ўнлаб ер ости сув йўллари қурилган. Бундай иншоотлар «Бобурнома»да «обидўз» сифатида тилга олинади. Ҳар бир маҳобатли бинонинг қурилиш режасида ана шундай иншоот акс этган бўлиб, улар «шаҳарлараро ер ости йўли», ёки бир маҳобатли меъморий иншоотдан иккинчисига ўтиш йўли сифатида аҳоли орасида кенг тарқалган. Буларнинг барчаси таҳлил этилиб, биз, Самарқанд археология институтининг олимлари Регистон майдонида кейинги қурилишлар даврида тўпланган қалин тупроқни олдириб ташлашга, Улуғбек мадрасаси майдони сатҳини очишни талаб қилишдан чарчамадик. Ниҳоят, Республика маданият вазирлигининг эксперт комиссияси ва Археология институти олимлари иштирокида бу масала муҳокама қилинди. Ҳар икки томоннинг позициялари эшитилди. Узоқ савол-жавоблардан сўнг эксперт комиссия аъзолари биз кўрсатган аргументлар илмий асосга эга эканини тан олди. Бироқ маблағ муаммоси бор эди. Вилоят ижроия қўмитаси раиси Синдор Ҳамроқулов тегишли маблағни маҳаллий ҳокимият ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини билдирди.

Икки ой давом этган иш жараёнида майдоннинг тегишли икки жойидан тупроққа тўлган ер ости акведуки люк ўринлари топилди. Улар бир неча метр узунликда тозаланди. Ер ости акведуки пишиқ ғиштдан аркасимон шаклда қурилган. Унинг поли устига бир-бирига уланган сопол қувурлар ётқизилган. Бу иншоот Улуғбек замонасида қурилган ер ости канализациясидан далолат эди. Канализация Регистон майдонидан ғарбга томон, машҳур Кўксарой қалъаси шарқидан ўтган, ҳозирда жарликка айланган, қадимги сойга йўналтирилган. Муҳим ютуқлардан яна бири — майдоннинг дастлабки, Улуғбек замонасидаги сатҳи, майдондаги безакли ғишт йўлаклар композицияси очилди. Улуғбек мадрасасининг кошинкор деворлари намликдан узоқлашиб, эркин нафас олиш имкониятига эга бўлди. Ушбу, таъмирлаш жараёнида юқорида айтилган бургут бошли герб ҳам билинтирмай олиб ташланди.

Мен 90 ёшни қоралаб қолган бир мутахассис сифатида собиқ шўро даврида Регистон майдонидаги сир-синоат билан боғлиқ таъмирлаш ишлари қай тариқа амалга оширилганидан ёшларимизни хабардор қилишни лозим топдим.

 

Аҳмадали АСҚАРОВ,

академик.

www.uzbekistonovozi.uz