Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ИХТИРОЧИ АЁЛЛАР

27.06.2019 , 11:10

Жанубий Кореяда бўлиб ўтган халқаро кўргазмада икки Гран-при, 5 олтин, 2 кумуш ва 6 бронза медалини қўлга киритишди

Корея ихтирочи аёллари ассоциацияси (KWIA), Корея интеллектуал мулк оффиcи (KIPO) ва Халқаро интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан Жанубий Кореяда XII Корея Халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси — KIWIE 2019 ўтказилди.

Халқаро кўргазма ихтирочи аёлларнинг фан ва технология соҳасида эришаётган ютуқлари, тажрибалари ҳамда яратган янги технологияларини ўрганиш, рағбатлантириш мақсадида 1993 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Ушбу кўргазмада бу йил 30 дан зиёд давлатлардан 400 нафардан ортиқ ихтирочи хотин-қиз технология, тиббиёт, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё ва саноатнинг турли йўналишлари бўйича ўз ихтиролари ҳамда инновацион ишланмалари билан қатнашишди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ёрдами билан 12 нафар ихтирочи аёл ушбу кўргазмада иштирок этди. Ўзбекистон делегацияси аъзолари эришган натижалари ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларини намойиш қилишди. Олима аёлларимизнинг ихтиролари халқаро экспертлар томонидан ўрганилиб, юқори баҳоланди.

Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи, профессор Карима Норқулованинг «Энергиятежамкор қуритиш қурилмаси» номли ихтироси KIWIE 2019 нинг техника-технология йўналиши бўйича махсус соврин — Гран-прига, «Sky Beauty» компанияси раҳбари Назокат Абдуллаева томонидан яратилган «Зайтун ёғи асосида ишлаб чиқилган органик совун» лойиҳаси ҳам косметика йўналиши бўйича — Гран-прига лойиқ кўрилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси аъзолари 5 олтин, 2 кумуш ва 6 бронза медалини қўлга киритишди.

 

Шуҳрат ИСЛОМОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.