Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

УЙИ ВА ПУЛИГА КУЙГАН ОДАМ

09.07.2019 , 10:00

Ўз мулкидан ажралиб қолган битта эмас, иккита эмас... Уларни ким ҳимоя қилади?

Сурхондарёлик Абдузоир Қодиров турмуш ўртоғи билан Россия Федерацияда ишлаб, топган пулига Тошкентдаги кўп қаватли уйдан квартира сотиб олмоқчи бўлади. Аммо прописка бўлмаса, Тошкентдан уй олиб бўлмайди. Хўш, нима қилиш керак?

Ўзаро маслаҳатдан кейин турмуш ўртоғининг Тошкентда яшовчи укаси, яъни қайинукаси Ғайрат Маҳмудовнинг номига уй оладиган бўлишди.

— Ғайрат бегона эмас, ўзимизники, — деди Абдузоир ака оила аъзоларига, — Онангнинг туғишган укаси. Сенларга эса тоға бўлади.

Хуллас, 2005 йил август ойида Тошкент шаҳар С.Раҳимов (ҳозирги Олмазор) тумани Қорақамиш массиви 2/5,16-уй, 68-хонадонни Елена Каличкодан 4300 АҚШ долларига сотиб олишга келишишади. Буёғини энди етмиш ёшли отахон Абдузоир Қодиров айта қолсин.

— Турмуш ўртоғимнинг укаси Ғайрат Маҳмудовнинг номига уйни расмийлаштириб, кейинчалик менинг ўғлим Зокиржон номига ўтказиб бериш шарти билан нотариусга боришган. Ўғлим уй олди-сотди шартномаси бўлаётган вақтда 4300 АҚШ долларини ўз қўли билан Елена Каличкога берган. Айни вақтда Елена Каличко уй учун ўғлимдан 4300 АҚШ доллари олганлиги ҳақида тилхат ҳам ёзиб берган. Уй қайинукам Ғайрат Маҳмудов номига расмийлаштирилган. Уй олди-сотди бўлаётганида Елена Каличко ўғлимга:

— Ҳозир сизлар қариндошингиз номига уй олаяпсизлар. Эртага муаммо бўлмайдими? — деган.

— Ҳеч қандай муаммо бўлмайди, — деган Ғайрат.

Биз унинг гапига ишондик. Ўзбекчилик, инсонгарчилик бор-ку, дедик. Қолаверса, уйнинг ҳужжатлари ўғлимнинг қўлида эди.

Ишонувчанлигимиз бир куни келиб бошимизга бало бўлишини хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик.

Ана-мана дегунча ойлар, йиллар ўтди. 2010 йили қайинукам Ғайрат Маҳмудов жиноят содир этиб, қамалди. Уёқдан чиққач, ҳунарини кўрсата бошлади. Ғайрат ўғлимдан таъмагирлик қилиб, тез-тез 100-200 минг сўм пул сўраш йўлига ўтди. 2015 йил декабръ ойида тоға-жиян ижара шартномасини тузади. Уйни «Ижарага берувчи» мақомини олган Ғайрат бизга фириб бераётганини дастлаб сезмадик. У уйнинг ҳужжатлари йўқолганлиги ҳақида газетага эълон ҳам берибди. Кадастр хизматидагиларни лақиллатиб, дубликат ҳужжат олибди. Аслида уй ҳужжатлари йўқолмаган, ўғлимда эди. Ғайратнинг мақсади ўғлим ва келиним яшаётган уйни сохта эълон билан қўлга киритилган кадастр ҳужжати билан сотиш экан.

Ғайрат очиқдан-очиқ ўғлим ва келинимга «уйдан чиқинглар, уйни сотаман», деди. Вазиятнинг бундай кескин тус олишини кутмаган ўғлим профилактика инспекторига шикоят билан чиқади.

— Уй бизники. Бирор чорасини кўринг, — дейди Зокиржон Қодиров профилактика инспекторига.

Маҳалла раиси ва профилактика инспектори Ғайрат Маҳмудовни чақириб, суҳбатлашади.

— 5000 АҚШ доллари берсин, кейин тинч қўяман, — дейди Ғайрат уларга.

Абдузоир Қодиров масаланинг чигаллашиб бораётганлигини билгач, Сурхондарёдан Тошкентга келади.

— Ғайрат сенга нима бўлди? Ахир уйни сенинг номинга сотиб олаётган пайтдаги гапинг эсингдан чиқдими? — дейди Абдузоир ака. — Сен қамалган пайтингда ота-онангга пул бердим. Қўлимдан келганича ёрдам қилдим. Сендан берган пулларимни сўрагани келганим йўқ. Инсоф қил. Уй меники бўлса...

Отахоннинг гапи оғзида қолди. Ғайрат унинг ўғли ва келинига айтган гапни такрорлайди:

— 5000 АҚШ доллари берасиз. Ёки уйни бўшатиб, чиқиб кетинглар.

Нима қилиш керак? Қаерга борса арзини эшитади? Қайинукасининг ноқонуний талабини кимга айтади? Эртаси куни Абдузоир ака Қорақамишдаги «Шодиёна» маҳалла раисининг олдига бориб, бор гапни айтади.

— Майли, қарз-ҳавола қилиб бўлса-да, 2,5-3 минг доллар берайин. Ғайратни инсофга чақиринг. Ахир, пешона тери эвазига шу уйни олганмиз-ку.

Ғайрат эски гапида туриб олди:

— 5000 «кўкидан» беришсин. Кейин уй билан ишим бўлмайди.

Абдузоир ака ортга қайтиб, Сариосиёга боради. Ғайратнинг оғайниларини йиғади.

Ғайрат Маҳмудовнинг ака-укалари Абдузоир акани юпатишади.

— Ҳаммасини биламиз. Ғайратнинг ўзи бизга «поччам билан опам Россиядан ишлаб топган пулига Тошкентда ўғлининг номига уй олди», деб айтганди, — дейишди ака-укалар. — Ғайратнинг уйга эгалик қилишга ва сотишга ҳаққи йўқ. Уйнинг пулини сиз берганлигингизни биз биламиз-ку.

Абдузоир ака яна Тошкентга йўл олади. Олмазор тумани ИИБ бошлиғи номига ёзма мурожаат қилади. ИИБдагилар фуқаролик судига мурожаат қилишни маслаҳат беришади.

Судлашиш бошланади. Абдузоир Қодиров даъвогар сифатида жавобгар Ғайрат Маҳмудов ва Тошкент шаҳар нотариал идорасига нисбатан олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида судга мурожаат қилади. 2018 йил 12 апрелда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро суди Олий суд пленумининг «Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида»ги қарорига таянди. Ушбу қарорга асосан олди-сотди шартномаси фақат унинг иштирокчилари учун ўзаро ҳуқуқ ва мажбурятларни вужудга келтириши боис, мазкур шартноманинг ҳақиқийлиги бўйича шартнома иштирокчилари ҳамда шартнома объектининг мулкдорлари низолашишга ҳақлидирлар. Суд ана шу қарорга асосланиб, Абдузоир Қодировнинг даъво аризасини рад этди. Абдузоир Қодиров суддан хафа бўлиб чиқди.

Ғайрат Маҳмудов анойилардан эмас экан. 2018 йил 16 ноябрда ФИБ Шайхонтоҳур туманлараро суди даъвогар Ғайрат Маҳмудовнинг жавобгар Зокиржон Абдузоировга нисбатан ижара шартномаси ва унга қўшимча келишувни бекор қилиш, ижара ҳақини ундириш, турар-жойдан мажбурий кўчириш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантирди. Шунингдек, жавобгар Зокиржон Абдузоировдан даъвогар Ғайрат Маҳмудов фойдасига 5.320.000 сўм миқдорида ижара пули ундириладиган бўлди.

Ана мот, мана мот!!!

Қўлимизда 2019 йил 14 февралда «Шодиёна» маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва котиби тасдиқлаган далолатнома бор. Ундай шундай сўзлар ёзилган: «Ҳақиқатан ҳам, Қорақамиш 2\5,16-уй, 68-хонадонда Абдузоировлар оиласи 2005 йилдан то шу кунгача яшаб келади... Ушбу оила уйнинг барча коммунал тўловларини тўлаб яшаб келмоқдалар... Маҳмудов Ғайрат Самандарович ушбу хонадонда умуман яшамаган ва коммунал тўловларни умуман тўламаган».

— Судда, — дейди Абдузоир Қодиров фиғони чиқиб, — Ғайрат уй учун пулни мен берганман, деб ёлғон гапирди. Ахир бу инсофдан-ми? Туҳматга қолдик. Уй учун пулни мен берганман-ку. Елена Каличко тилхатида ҳам, судда ҳам пулни ўғлимнинг қўлидан олганлигини қайта-қайта таъкидлаяпти. Лекин суд инобатга олмади...

Бу масала қандай якун топиши ҳозирча номаълум. Абдузоир Қодиров кураша-кураша бир кун мақсадига етар...

Бизни масаланинг бошқа томони кўпроқ қизиқтиради. Вилоятларда яшовчи ҳамюртларимиз орасида Тошкентда пропискаси бор яқин қариндоши ёки дўсти номига уй олиб, кейин муаммога дуч келаётганлар оз эмас.

Биринчидан, уйни кимнинг номига расмийлаштириш тўғрисида жиддий ўйлаб кўриш керак. Юристлар билан маслаҳатлашиб, бир қарорга келинса, адашмайсиз.

Яна бир савол кишини ўйлантиради. Нега Ўзбекистон фуқаросининг исталган вилоятдан уй сотиб олиш ҳуқуқи поймол этилмоқда? Майли, доимий рўйхатдан (пропискадан) ўтказилмасин. Аммо мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи бўлиши керак эмасми?..

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.