Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

06.11.2018 , 12:15

Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасида 2018 йилнинг кутилаётган якунлари ҳамда Ўзбекис­тон Республикасининг 2019 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси, Давлат бюджети лойиҳаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бос­қичма-босқич амалга оширилиши, иқтисодиёт соҳаларини жадал ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича қабул қилинган чоралар жорий йил учун белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилишини таъминлаб бераётгани таъкидланди.

Маҳаллий ҳокимият органларининг маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги эркинлигини ошириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, шунингдек, аграр секторни ислоҳ қилиш ва валюта бозорини либераллаштириш бўйича қабул қилинган тадбирлар натижасида 2018 йил якунларига кўра, Давлат бюджетига даромад тушумлари прогноз кўрсаткичларининг ошириб бажарилиши кутилмоқда.

Давлат бюджети параметрларининг даромад қисми прогноз кўрсаткичлари ошириб бажарилиши харажатларни кўпайтиришга, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият ва ижтимоий соҳа бошқа йўналишларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва сифатини оширишга йўналтирилган ­ижтимоий соҳадаги давлат дастурларини амалга ошириш, шунингдек, иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини оширишга имкон яратди.

2018 йилда республика бюджетидан арзон уй-жойлар қурилишини тижорат банкларининг кредит линия­лари орқали молиялаштиришга 3,8 триллион сўм, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига 1 527,6 миллиард сўм, «Yoshlar — kelajagimiz» дастурига 500 миллиард сўм, шунингдек, янги ташкил этилган Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондига 300 миллиард сўм қўшимча маблағлар йўналтирилди.

Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларининг ижроси, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш, мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига, шунингдек, Қорақал­поғис­тон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларини шакллантириш учун қарийб 4,5 триллион сўм йўналтирилди.

Йиғилишда келгуси йиллар учун ишлаб чиқилган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, давлат бюджетининг даромадлар ва харажатлар параметрлари бўйича ёндашув ва таклифлар ҳар томонлама муҳокама этилди.

2019 йилдан бошлаб Давлат бюджетини прогноз йил учун ва бюджет мўлжалларини келгуси икки йил учун тасдиқлаш орқали бюджетни ўрта муддатли режалаштириш механизми жорий этилаётгани таъкидланди.

Солиқ ва бюджет сиёсатини такомиллаштириш, бюджетлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, аҳолининг муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг манзиллилигини оширишга қаратилган тизимни яратиш, иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг инфляцияга таъсирини баҳолаш асосида табақалаштирилган ҳолда ошириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирларни 2019 йилда ҳам давом эттириш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сон Фармони билан тасдиқланган солиқ сиёсатини такомиллаштириш Концепциясининг асосий йўналишлари доирасида 2019 йилдан эътиборан:

1) иш ҳақи фондига солиқ юки қу­йидагича камайтирилмоқда:

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасининг 12 фоиз миқдорида ўрнатилиши ва фуқароларнинг мажбурий суғурта бадалларининг (иш ҳақидан 8 фоиз) бекор қилиниши натижасида «қўлга» тегадиган иш ҳақи миқдори ўртача 6,5 фоизга ошади;

иш ҳақи фондидан ягона ижтимоий тўлов миқдори 12 фоизгача пасайтирилмоқда;

2) давлат мақсадли жамғармаларига айланмадан (оборотдан) 3,2 фоиз миқдорида ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинмоқда;

3) юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкалари 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун — 22 фоиздан 20 фоизгача, дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан солиқ — 10 фоиздан 5 фоизгача, юридик шахслар мол-мулк солиғи — 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилмоқда.

Мазкур чоралар натижасида хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахслар ихтиёрида қарийб 10 триллион сўм маблағ қолади.

Ушбу чоралар билан бир қаторда йиғилиш қатнашчилари томонидан ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бюджетга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлашга йўналтирилган солиқ сиёсатини такомиллаштириш соҳасидаги қўшимча таклифлар атрофлича кўриб чиқилди, жумладан:

мутлақ миқдорларда белгиланган солиқ ставкаларини индексация қилиш (ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, акциз солиғи);

сигарета учун акциз солиғи бўйича қатъий белгиланган ставка билан бир қаторда адвалор ставкасини жорий этиш;

якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ва меҳнат фаолиятининг ҳисоби юритилиши мураккаб бўлган шахслар учун фуқароларнинг суғурта бадаллари ўрнига ягона ижтимоий тўловларни жорий этиш (суғурта бадалларининг бекор қилиниши сабабли);

айрим турдаги фойдали қазилмалар (қум, оҳак, шағал ва бошқалар) учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича мутлақ миқдорларда қатъий белгиланган энг кам ставкаларни киритиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларида қабул қилинган давлат дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз ҳудудларига қилган ташрифлари якунлари бўйича берган топшириқлари, шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур бўлган маблағлар назарда тутилган.

Олдинги йиллар каби 2019 йилда ҳам устувор йўналиш сифатида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари (Давлат бюджети жами харажатларининг 54 фоизи) сақлаб қолинмоқда. Шунингдек, иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини ошириш, шу жумладан, 2019 йил 1 январдан:

умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва раҳбарлари иш ҳақларини 10 фоизга, малака тоифасига эга бўлган ўқитувчиларнинг иш ҳақларини эса табақалашган ҳолда 15 фоиздан 25 фоизгача;

меҳнатига кам ҳақ тўланадиган бюджет соҳасида ишловчи ходимлар иш ҳақларини 5 фоиздан 15 фоизгача ошириш кўзда тутилмоқда.

Таклиф этилаётган чоралар бюджет соҳасида меҳнат қилаётган 360 мингдан ортиқ ходимларни қамраб олиши айтиб ўтилди. Мисол учун, бюджет ташкилотининг энг паст ойлик олувчи техник ходимларининг иш ҳақлари, устама ва қўшимчалардан ташқари, 502 минг сўмдан 577 минг сўмгача оширилади.

2019 йилги бюджетда олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари ҳамда уларнинг раҳбарлари иш ҳақларини 1,5 баробарга, давлат муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг иш ҳақларини ўртача 26,5 фоизга (2018 йилнинг 1 декабридан 20 фоизга оширилишига қўшимча равишда) ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, бюджет соҳасида ишловчи ходимларнинг иш ҳақларини инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириш ҳамда ижтимоий нафақаларни молиялаштиришга мўлжалланган маблағларни 20 фоизга ошириш ҳисобга олинган.

Инвестиция харажатлари 11,9 триллион сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Ушбу маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари билан белгиланган стратегик муҳим лойиҳаларни, шу жумладан, ичимлик суви таъминоти, сув хўжалиги объектларини, транспорт-коммуникация инфратузилмаларини ҳамда таълим ва тиббий-ижтимоий муассасаларни ривожлантириш ва реконструкция қилиш дастурларини амалга оширишга йўналтирилади.

Шунингдек, йиғилишда 2019 йилда 12 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилаётган соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тиббиёт муассасаларини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида қарийб 1 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасидаги асосий дастурларни амалга ошириш учун 661,5 миллиард сўм, замонавий диагностика, лаборатория ва даволаш ускуналари билан жиҳозлашга 58 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда.

Ягона ижтимоий тўлов миқдорининг пасайтирилиши ва фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ва айланмадан (оборотдан) тўланадиган мажбурий ажратмаларнинг бекор қилиниши муносабати билан юзага келган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тақчиллигини қоплаш ҳамда пенсия ва нафақаларнинг ўз вақтида сўзсиз тўланишини таъминлаш мақсадида 4,7 триллион сўм миқдоридаги субсидия бюджет харажатларида кўзда тутилган.

Арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастурларни молиялаштиришда иштирок этадиган банкларга кредит линиялари очиш харажатларига 3 триллион сўм миқдорида маблағлар режалаштирилмоқда.

Бюджет жараёнининг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида Молия вазирлигига жорий йилнинг 15 ноябрига қадар «Фуқаролар учун бюджет» лойиҳасини ­оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш учун вазирликнинг расмий сайтига жойлаштириш бўйича зарур чораларни амалга ошириш юзасидан топшириқ берилди.

Муҳокамалар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг кун тартибидаги масалалар бўйича ҳисоботлари эшитилди.

Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ижрочи органлар раҳбарларига бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, бюджет даромадларининг ўз вақтида ва тўлиқ тушумини таъминлаш, ҳудудлардаги давлат солиқ ва молия органлари бўлимларига бюджет даромадлари базасини кенгайтириш ва қўшимча захираларни аниқлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Муҳокамалар якуни бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет концепцияси, Давлат бюджети лойиҳаси ва 2020-2021 йиллар учун мўлжалланган прогноз кўрсаткичларини маъқуллаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этиш юзасидан қарор қабул қилинди.

 

ЎзА