Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ХАЛҚАРО ТОҒ ТУРИЗМИ

07.11.2018 , 10:00

ноёб ва табиий гўзаллиги билан жозибали. Имкониятлари кенглиги, иқтисодий фойдаси катталиги билан эътиборга молик.

АҚШнинг Ўзбекистон тоғлари шароитига ўхшаш қояли тоғларидаги Сантефе ва Ҳиндистоннинг Лорджини баланд тоғли курортлари дунёга машҳур. Лекин иқлим шароити, жойнинг рельефи, ноёб комплекс табиий шароити бўйича Зоминсув дарёси ҳавзасидаги Супа платоси дунёдаги мавжуд кўпгина тоғ-спорт марказларидан юқори туради.

Туризм дунёдаги кўпгина давлатлар иқтисодиётининг муҳим даромад манбаига айланиб улгурди ва жуда тез ривожланмоқда. Бутунжаҳон туристик ташкилоти табиий ва тарихий меросларни ўз аслича сақлашдан манфаатдор, табиий ва маданий объектлардан самарали фойдаланиш ва уларни ривожлантиришни, рағбатлантиришни ташкил этишга қодир бўлган ягона ташкилотдир.

Ҳозирги вақтда дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакати халқаро туризм марказига айланган. Жаҳон туристик оқимининг ривожланган мамлакатлардан ривожланаётган мамлакатлар томон ўсиши туризмнинг янги-янги турлари юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Тадқиқот ва сўровлар шуни кўрсатадики, 48 фоиздан кўпроқ европаликлар дам олишни тоғли жойларда ўтказишни маъқул кўради. Японияда «тезюрар поездлар тизими» мамлакатнинг асосий шаҳар марказларини баланд тоғлар билан боғлайди. Швейцарияда троллейбуслар шаҳар марказларини тоғ музликлари билан боғлайди. АҚШнинг Глейшер (Монтана, АҚШ) ва Айсфилдз-Парквей миллий боғига тезюрар поездлар Канаданинг Банф ва Джайспер миллий боғлари орқали ўтади. Осиёда Покистон ва Хитойни боғловчи «стратегик ҳарбий мақсадлар учун қурилган» Қорақорум шоссеси ҳам маълум даражада халқ­аро туризмни ривожлантиришга имкон беради.

Кўпгина тоғли районларда туристик мавсум қисқа бўлса ҳам туристлар бу жойларда ёзга нисбатан икки баробар кўп бўлади. Масалан, Альп тоғлари қишки туризм даврида жуда катта даромад келтиради.

Тоғ соф, мусаффо ҳавоси ультрабинафша нурларнинг кўплиги, турли хил спорт турларини ташкил қилиш имкониятлари билан ажралиб туради. Шунинг учун Европада Альп, Осиёда Ҳимолай, Африкада Атлас, Америкада Кордилера халқаро тоғ туризми ­районлари бўлиб қолди. Айниқса, Альяс­ка, Канада тоғларида, Гренландия бўйлаб туристик маршрутлар жуда маш­ҳур бўлиб, ҳар йили 1,5 миллион дан ортиқ турист боради. Россиянинг Олтой, Тебер, Урал ва Бошқир тоғларида кўп кунлик отда юриш туристик маршрутлари ривожланган.

Кейинги вақтларда Европа мамлакатларида тоғ-ғор туризми анча ривожланди. Дунёнинг кўпгина мамлакаатларида туристик экскурсия уюштириш учун жиҳозланган ғорлар сони 1250 дан зиёдни ташкил этади. Юртимиз сўлим тоғлари масканларида ҳам отда юриш туризмини ривожлантириш учун ҳамма имкониятлар бор. Шимолий Туркистон тоғ ён бағрида ғорларга экскурсия уюштиришни ташкил этиш катта фойда келтиради. Лекин Ўзбекистонда жуда кўплаб маш­ҳур ғорлар бўлишига қарамасдан, улардан бирортаси туристик экскурсия ташкил этиш учун ҳали жиҳозланмаган.

Ўзбекистон тоғли районларининг рекреацион ресурсларидан фойдаланиш ва туризмни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири — бу қулай иқлим шароити, тоғ ва баланд тоғ зоналарини қоплаган тоғ арча ўрмонлари, субальп ва альп ўтлоқлари, қуруқ иқлим ва соф ҳаво, озон, ҳавони ҳар хил касалликлардан тозаловчи фитонцит енгил учувчи бирикмалар, узоқ давом этувчи қулай ҳарорат шароити ва қуёшли кунларнинг кўплиги, организм учун оптимал нисбий намлик ва бошқа иқлим омиллари кўрсаткичлари бўйича Ўрта денгиз рекреацон имкониятларидан кам эмас. Бу ерда иқлим билан даволаш ва дам олишни ташкил этиш учун мақбул имкониятлар бисёр.

Ўзбекистон тоғли районларида 60 дан ортиқ минерал сувлар манбалари (булоқлари) топилган. Фар­ғона ва Сурхондарё водийларида кенг тарқалган олтингугурт суви даволаш хусусияти бўйича Кавказдаги машҳур олтингугурт сувидан (Сочи, Мацета ва бошқалар) кам эмас.

Афсуски, Ўзбекистоннинг тоғли зоналарида бой туристик рекреацион ресурслар амалда ўзлаштирилмаган. Бунга асосий сабаб туристик базалар ва меҳмонхоналарнинг камлиги ҳамда транспорт инфраструктурасининг яхши ривожланмаганлигидир.

Тўғри, Ўзбекистоннинг тоғли районларида халқаро туристлар учун меҳмонхоналар қуриш анча мураккаб. Тоғ олди текислик районларида қадимги шаҳарларда (Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Тошкент ва бошқалар) туристларнинг яшаши учун меҳмонхоналар ва ҳакозолар оз эмас. Айрим жойларда тоғ олди шаҳарларидан тоғли зонага борувчи йўллар ҳам бор. Бунда туристик маршрутлар текисликдан (тарихий ёдгорликлар, воҳалар, сунъий гидротехник иншоотлар ва бошқалар билан танишиб) тоққа (экзотик ландшафтларга) йўналтирилган бўлади.

Шунинг учун биз Ўзбекистонда ­халқаро тоғ туризмига муносиб қуйидаги «текислик-тоғ» маршрутларни таклиф этамиз:

Ўзбекистонда халқаро тоғ туризмини ривожлантиришнинг биринчи маркази Туркистон тизмасининг шимолий ёнбағрида жойлашган Зомин сув дарёси ҳавзасидир.

Кейинги вақтларда бу регион ноёб табиати ва экзотик хусусияти ҳамда тарихий ёдгорликларга бой шаҳарларнинг яқинлиги туфайли чет эл туристларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, бу ҳудудга боришнинг осонлиги — Тошкент-Самарқанд электрлашган темир йўл ёқасида жойлашган Даштобод шаҳрининг яқинлиги (Зомин туман марказига 22 км.) билан ҳам қулайдир.

1978 йилда бу ерда ташкил этилган Зомин миллий боғи туристларни табиатнинг ажойиб ноёб ҳодисалари — тоғ рельефи, чўққилар, шаршара, ғорлар (20 ортиқ ғор бор), реликт ўсимликлар, арчазорлар, ноёб ҳайвон турлари, нураш натижасида ҳосил бўлган одамсимон шакллар, дунёда кам учрайдиган арид (қурғочил) минтақаларга хос бўлмаган супер экзотик карст жараёнлари билан ўзига жалб этади.

Маршрут қуйидагича тузилади: Даштобод — Зомин миллий боғи — Ғўралаш арчазори — «Қирққиз» — Карст далалари — Бахмал — Авлиё булоғи, Илон ўтди ғори — Пешағор — Зомин. Бу айланма маршрут асфальт йўл билан таъминланган.

Ўзига хос туристик объектларга бой бўлган халқаро туристик объектлардан яна бири Зарафшон тоғларидир. Бу ерда 30 дан ортиқ ғорлар ва минг­лаб карст воронкалари бўлиб, туризм­нинг айрим соҳаларини ривожлантиришга имкон беради. Самарқанд шаҳридан 40 км. жанубда, Самарқанд-Китоб йўли ёқасида 1220 метр баландликда Омонқўтон ғори жойлашган. Бу ғор 1947 йили СамДУ доценти Д.Лев томонидан очилиб, устья даври қадимги одамлари яшагани аниқланган. Туристлар бу ерда ғордан таш­қари Омон­қўтон дарёси атрофида бир ярим аср аввал инсон кўли билан тоғ ёнбағрида яратилган аралаш ўрмонларни ҳам томоша қиладилар.

Яна бир маршрут — Самарқанд шаҳридан 50 км. жанубда, Зарафшон тизмасининг сув айирғичида 2200-2300 метр баландликда жойлашган Қирқтоғ платосидир. Плато девон даврининг оҳактошларидан тузилган, бу Ўрта Осиё шароитида карст жараёнларининг кенг, интенсив ва классик ривожланишига мисол бўла олади.

Бу ерда 3000 дан ортиқ карст воронкалари,64 бўшлиқ (полость), шу билан бирга 5 та горизонтал ғор, 56 та қудуқ ва шахталар борлиги аниқланган. Шахтанинг энг чуқури 1080 метр бўлиб, у Ургут ва Қашқадарёнинг Китоб районини сув билан таъминлайди. Бу карст шахтаси Осиё қитъасидаги энг чуқур табиий ғор ҳисобланади ва дунёнинг энг чуқур ғорлари ўртасида 3-ўринни эгаллайди.

Бу бетакрор манзарани кўриш учун чет эллик туристлар Самарқанд-Камонгарон (Ургут райони) қишлоғигача борадилар. У ердан Қирқтоғ платосигача от ёки вертолётда бориш мумкин. Бу маршрут чет элликлар учун қимматга тушмайди.

Непал тоғли мамлакатларида турист­лар гуруҳи (15 кишигача) турис­тик маршрутларга чиқмасдан 2 ой олдин маблағ тўланиши шарт. Тўлов суммаси гуруҳ учун Эверест жанубий маршрути 70 минг АҚШ доллари, бош­қа йўналишлар учун 50 минг АҚШ долларини ташкил этади. Алоҳида турист­лар учун эса 8000 метрдан ортиғига 10 минг доллар тўланади. Бу ўз нав­батида мамлакат миллий иқтисодиётига катта ҳисса қўшади.

Зарафшон водийсида яна бир «текислик-тоғ» туристик манзил — Бухоро-Сармишсой маршрутидир. Туристлар Бухородан ғарбий Нурота тоғларининг жанубий ён бағрида жойлашган Сармишсой водийсидаги тоғ қояларига туширилган қадимги ноёб расмларни томоша қиладилар. Тоғ манзараси ўзининг улуғворлиги, тарихий ва табиий ўзига хослигининг такрорланмас гармонияси билан одамни ҳайратда қолдиради. Бу ерда неолит даврида яратилган петроглифлар бир неча мингдан ортиқдир. Сармишсой комплекси тош асри, бронза даври ва дастлабки темир даврига мансуб бўлган 200 дан ортиқ қадимги ёдгорликлардан тузилган кремнийли қуролларни ишлаб чиқиш бўйича устахоналар, шахталар, қишлоқ (овуллар), қўрғон ва петроглифлардан иборат.

«Текислик-тоғ» тизими бўйича яхши ўйлаб ва илмий асослаб ташкил этилган туристик маршрутларни Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона водийсида ҳам амалга ошириш мумкин. Чунки бу регионларда ҳам рекреацион имконият катта.

Ўзбекистон бой туристик рекреациявий потециалга эга. Унинг ҳудудида ноёб табиий ресурслар, миллий ва дунё аҳамиятига молик маданий-тарихий мерослар мавжуд. Аммо туристик-рекреакциявий потенциал юқорилигига қарамасдан ҳозиргача мамлакатимизда туристик имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаяпти. Бу имкониятлар тўлиқ ишга солинса, Ўзбекистон ҳар йили 10-15 миллион чет эллик ва маҳаллий ту­ристларни қабул қилиши мумкин.

Ўзбекистонда яна қўшимча туристлар оқимини вужудга келтириш имкониятларидан бири — конгресс туризмини йўлга қўйишдан иборат ­Са­марқанд, Бухоро ва Тошкентда ташкил қилинадиган халқаро конгресс ва конференциялар дастурига Самар­қанд-Зарафшон тоғлари тизмасига, машҳур Омонқўтон ғорига, Бухорода Сармишсой тоғ массивига экскурсиялар уюштирилади. Жаҳон тажрибасидан бунга мисоллар келтирадиган бўлсак, биргина Женевада ҳар йили 200 дан зиёд конференция ўтказилади ва дастур доирасида кўл атрофидаги тоғ маршрутларига саёҳат ташкил қилинади.

Халқаро туризм талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон тоғли минтақаларида рекреациявий имкониятларини ишга солиш ва бу йўналишларни илмий асосда жадаллаштириш лозимлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

 

Лапас АЛИБЕКОВ,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,

Самарқанд давлат университети профессори.

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Фақат мамлакатимизда эмас, балки дунё география фани билимдонлари орасида таниқли олим Лапас Алибековнинг ушбу мақоладаги таклифлари туризм соҳаси раҳбарлари, тадбиркорлар учун кўпгина ташаббусларга туртки бериши мумкин. Дарҳақиқат она юртимизда тоғли ҳудудларда туризмни йўлга қўйиш имкониятлари катта. Тоғлар бағрида хушманзара, гўзал гўшалар, зилол суви, жонга роҳат булоқлар, ажойиб шаршаралар, ғаройиб ғорлар, табиат яратган бошқа мўъжизалар оз эмас.

Туризмни ривожлантириш, даромад кўриш, иш ўринлари яратиш, Ўзбекистонимизни дунёга танитиш учун имконият катта. Бошқа кўплаб имкониятлардан тузукроқ фойдаланмай келаётганимиздек, туризм соҳасидаги имкониятларга ҳам бепарвороқ бўлиб келдик. Бизда ташаббускорликни одатда икки иллат буғиб келди. Биринчидан, юқоридан махсус топшириқ берилишига ўрганиб қолганимиз. Масалани кўриб, билиб турсакда сукут сақлаб, атрофга аланглаб буйруқ кутамиз.

Иккинчиси, бюрократиянинг жон бериши қийин кечаётгани, айрим раҳбарлар ё эгилиб салом беришингни ёки «нимадир» дейишингизни барибир кутиб туради. Охири қўлингни силтаб ташаббусдан воз кечасан. Бундан кимга фойда, кимга зиён?

Бизнингча, ушбу мақолада кўтарилган масала долзарблигини ҳисобга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан мутахассислар таклифларини жамлаб, аниқ дастур ишлаб чиқилса, амалий иш қилинган, соҳани ривожлантириш бўйича яна бир муҳим қадам ташланган бўларди.