Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ФАОЛ ПАРТИЯДОШИМИЗ АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҲИССА ҚЎШМОҚДА

08.11.2018 , 12:00

Жорий йилда Шўрчи туманида 171 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Саноат, хизмат кўрсатиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда партиядошларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани қувонарли.

Тумандаги «Далварзин оқ тумшуқ» масъулияти чекланган жамиятига Ўзбекистон ХДП аъзоси Диёр Бекмуродов раҳбарлик қилади. Унинг ташаббуси билан яқинда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси фойдаланишга топширилди. Бу ерда тайёрланаётган ўн турга яқин миллий таомлардан мижозлар мамнун бўлмоқда. Тўрт нафар электоратимиз вакилининг иш билан таъминлангани эса янада қувонарли.

— Тадбиркорликни йўлга қўйишда Ўзбекистон ХДП Шўрчи туман кенгаши мутасаддилари яқиндан ёрдам берди, — дейди Диёр Бекмуродов. — Акциядорлик тижорат «Халқ банки» туман филиалидан 500 миллион сўм кредит олганимиздан кейин 25 сотихли ташландиқ жойни обод қилдик. Дастлабки босқичда кўркам мажмуа иш бошлаган бўлса, яқин келажакда 200 ўринли кинотеатр, музқаймоқ цехи, суратхона, тўлов шохобчасини ишга туширмоқчимиз. Шунда яна 20 кишининг бандлигини таъминлай оламиз.

— Жорий йилнинг етти ойида тадбиркор ва ишбилармонлар томонидан 107 лойиҳа амалга оширилди, — дейди Шўрчи туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шоҳжаҳон Абдуллаев. — 27 миллиард 34 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган лойиҳаларнинг якунланиши билан 355 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Бу борадаги хайрли ва эзгу ишларни мунтазам давом эттириш кўзда тутилган.