Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ГЎЗАЛ ҒОЯ ВА ЛОЙИҲАЛАР

09.11.2018 , 9:35

амалга ошмоқда, корхона қуввати юксалмоқда, ишчи-ходимлар, ҳаётдан рози бўлмоқда

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг комбинат ишчи-ходимларига билдирган қуйидаги самимий эътирофи ёдимга тушса, қалбимда ажиб бир ифтихор туяман:

«Инсонда бир олам орзу-ҳаваслар бўлиши мумкин. Бироқ уларни амалга ошириш учун мол-дунёси бўлмаслиги мумкин. Ёки одамнинг давлати бисёр бўлиши мумкин-у, бироқ унда чиройли мақсадлар, ёрқин режалар бўлмаслиги мумкин. Сизларда гўзал ғоялар, ажойиб лойиҳалар ҳам, уларни рўёбга чиқариш учун етарли маблағ ҳам бор экан. Даромадингиздан замонавий шаҳарлар бунёд этиб, фарзандларингиз учун маданият ва спорт иншоотлари қуриб, мазза қилиб яшаётган экансизлар».

Ёки ўзбек халқининг суюмли шоираси Фарида Афрўз комбинатимизга ташриф буюрганида, эртакмонанд шаҳарларимизни айланиб, ишчи-ходимлар ва уларнинг фарзандлари учун яратилган шароитдан ҳайратланиб; «Сизлар мамлакат ичра мамлакат яратибсизлар», деганларини эсласам, суюниб кетаман.

Республика маънавият-тарғибот марказига малака ошириш учун борганимда ёши улуғ бир устоз дарс жараёнида жавобларимдан кўнгли тўлиб; «Қизим, қайси ташкилотдансиз?», деб сўраган. Навоий кон-металлургия комбинати мутахассиси эканлигимни билгач, менга алоҳида эҳтиром кўрсатган ва аудиторияга юзланиб, «Келинглар, бир дуо қилайлик, юртимизда Навоий кон-металлургия комбинатидек бақувват корхоналар кўпайсин», дея қўлини дуога очган. Шунда юзлаб нигоҳлар менга ҳавас кўзи билан боқаётгани ҳис қилиб, дунёларга сиғмай кетганман.

Ҳаётимда комбинат билан боғлиқ бунга ўхшаш воқеалар кўп бўлган. Мен ҳар доим олтин ва уран ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг кучли компаниялар ўнталигига кирувчи Навоий кон-металлургия комбинати мавқеига муносиб мутахассис бўлишга интилиб келганман. Турмуш ўртоғим кончилик соҳасининг етук мутахассиси Бахриддин Юлдашев билан комбинат тизимида ёш мутахассис сифатида иш бошлаганимизга чорак аср бўлаяпти. Ўтган йиллар мобайнида қандай вазифада ишламай, ишчи-ходимлар ва ёшлар ўртасида миллий истиқлол ғоясини ва китобхонликни тарғиб қилиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича бир нафас ҳам оғишмасдан чин дилдан меҳнат қилдим.

Бугунги кунда комбинат тарихи музейи раҳбари сифатида фаолият юритаяпман. Ҳар сафар музейга чет эллардан ёки республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ташриф буюрадиган меҳмонларга Навоий кон-металлургия комбинати тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида ҳикоялар сўзлаб берар эканман, юрагим алланечук фахрланиш ҳис-туйғуларидан тўлиб-тошиб кетади. Оллоҳ назари тушган юртимиз, қимматбаҳо нодир маъданларимиз, юксак малакали мутахассисларимиз ҳақида соатлаб гапиргим келади. Катта салоҳиятли раҳбар ва соҳанинг йирик олими бош-қош бўлган корхона ютуқлари ҳақида ҳикоя қилиш кишига қувонч бағишлайди.

Навоий кон-металлургия комбинати ҳақида гап кетганда, ишчи-ходимлар ижтимоий ҳимояси борасида қилинаётган ишларга алоҳида тўхталиш керак.

Навоий шаҳрида дам олиш, даволаниш учун «Металлург» соғломлаштириш санаторийси мунтазам ишлаб турибди. Учқудуқ шаҳрида «Кончи» сиҳатгоҳи капитал таъмирдан чиқарилди. Нуробод шаҳрида сув билан даволаш «Нуробод» санаторийси хизмат кўрсатаяпти. Зоминда қурилган 150 ўринли дам олиш маскани яқинда фойдаланишга топширилади.

Шунингдек, Чорвоқ денгизи бўйида қад ростлаган «Горняк» пансионатида йил давомида комбинат ишчи-ходимлари ва уларнинг оила-аъзолари дам олишади. «Тўдакўл» оромгоҳида ёз ойларида мавсумий дам олиш йўлга қўйилган. Касаба уюшмаси томонидан республикамизнинг барча санаторийларига, шунингдек, Ялта, Кисловодск шаҳарларида даволаниш учун йўлланмалар берилади.

— Комбинатимиз болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кўрик-танловида етакчи ўринда туради, — дейди НКМК касаба уюшмаси кенгаши раиси ўринбосари Мўмина Нуримова. — «Сармиш», «Болажон», «Сўғдиёна», «Зарафшон» болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фарзандларимизга юқори даражада хизмат кўрсатиб келмоқда. Чорвоқ сув омбори бўйида болаларимиз учун яна битта «Паҳлавон» оромгоҳи қурилди. Ўтган йили Ургут туманидаги «Келажак» болалар соғломлаштириш оромгоҳи комбинат ихтиёрига берилди. Бу ерда ишчиларнинг 900 нафар фарзанди дам олди. Ҳар йили комбинат ишчи-ходимларининг 10 минг нафарга яқин болалари оромгоҳларда мириқиб дам оладилар.

Навоий кон металлургия комбинати Касаба уюшмаси тасарруфидаги «Сўғдиёна» жисмоний тарбия спорт клуби республикамиздан ташқарида ҳам маълум ва машҳур. Клубнинг болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортнинг 8 тури — сузиш, бокс, юнон-рум кураши, миллий кураш, бадиий гимнастика, синхрон сузиш, қиличбозлик ва футбол бўйича 1284 нафар ёшлар шуғулланмоқда, шундан 538 нафари қиз болалардир. Ҳар йили комбинат ишчи-ходимлари ўртасида спартакиада мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

«Фарҳод» маданият саройи қошида 76 ижодий жамоа, гуруҳ, тўгараклар ва клубларда жами 1801 нафар киши шуғулланади. Улардан 1611 нафари болалар ва ўсмирлар .

Комбинатимизнинг 60 йиллик остонасида катта меҳнат жамоамиз олдида улкан вазифалар турибди. Комбинат фаолиятини янада ривожлантириш, янги конларни ўзлаштириш, янги гидрометаллургия корхоналарини қуриш ва мавжудларини кенгайтиришга қаратилган ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. 2017-2026 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида 27 та лойиҳа амалга оширилади. Қиймати 3 миллиард доллардан зиёд бўлган мазкур лойиҳалар доирасида комбинатнинг ишлаб чиқариш қуввати 30 фоизга ортади. 31 мингга яқин янги иш ўрни яратилади ва ишловчилар сони 90 мингга етади.

Бу залворли вазифаларни уддалаш учун сафимизни мустаҳкам иродали, билимли, кучли мутахассислар билан тўлдиришимиз зарур. Оғир юкни тортиш учун қийинчиликлардан тап тортмайдиган, юқори малакали кадрлар керак.

Бу вазифани Навоий давлат кончилик институти жамоаси шараф билан бажармоқда. Шунинг учун ҳам корхонамиз қуввати ошиб, ютуқлари юксалиб бораверишига ишончимиз комил.

 

Салима ХОЛДОРОВА,

НКМК тарихи музейи мудири.