Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ДАВЛАТ БАЙРОҒИГА ҲУРМАТ ТУЙҒУСИ ИЙМОНИМИЗ КАБИ МУҚАДДАС БЎЛСИН

16.11.2018 , 9:00

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Байроқ ор, номусдек асралган.

«Темур тузуклари»да ёзилишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсолларитуғ ва ноғора инъом қилинган. Бу соҳибқирон Амир Темур давлатида салтанат рамзлари нечоғли баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун 1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинди. Шунга асосан давлат байроғи суверенитетимизнинг рамзига, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсолига айланди. Унда Ватанимиз табиати, тарихимиз акс этгани ҳар бир ўзбекистонликка фахр бағишлайди. Байроғимиз 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида БМТнинг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади.

2010 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ҳақидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, байроқдан фойдаланиш тартиби, байроққа билдириладиган муносабат бандма-банд қайд этилган.

Қонунга кўра, Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган. Байроқ тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш тақиқланган. Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.

Аммо афсуски, бепарволигимиз оқибатида айрим кўча ва муассасаларда давлат байроғидан, ундаги рамзлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди. Яъни, байроқ турли «бейжик»ларда, ташқи реклама маҳсулотларида фон сифатида ишлатилиб, унинг устига турли расм ва ёзувлар жойлаштирилмоқда. Баъзи жойларда деворларни байроқ ранглари ва белгилари шаклида бўяш ҳолатлари мавжуд. Ваҳоланки, бундай ҳаракатлар қонун билан тақиқланган. Давлат байроғи ердан камида 2,5 метр баланд жойлаштирилиши белгиланган.

Давлат байроғининг ҳажми қатъий белгилангани ва ҳар қандай ҳолатда унинг пропорцияси сақланиши лозимлиги кўрсатилганига қарамай, баъзи муассасалар олдида, жамоатчилик сайр қиладиган ҳудудларда бу кўрсатма ҳам бузилмоқда.

Ватанга ҳурмат унинг рамзларига ҳурматдан бошланади. Давлатимиз рамзларига юракдан, қонун талаби асосида муносабатда бўлайлик, фарзандларимиз ҳам биздан шуни ўргансин.

 

Мақсуда Ворисова,

Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси.