Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ГАЗЕТА ЎҚИЙДИГАН ОДАМ...

28.11.2018 , 8:50

Бу энди ўтган асрнинг 85-90-йилларининг гапи. Ёшлар газетасида ишлардим, жума куни кечаси навбатчи эдим, икки-учта «мих» материал бор, хаёлимда эртага шов-шув бўлади. Саҳифаларни ўқиб бўлиб, уни босмахонага жўнатгач, хотиржам уйга келдим. Эрталаб нонга дўконга чиқсам, унинг ёнидаги газета киоскасида «очередь». Қизиқсиниб суриштирсам, кеча мен навбатчилик қилган газетани айтишди. Хурсанд бўлиб мен ҳам навбатга турдим. Яқинлашганимда, олдинда қаттиқ-қуттуқ овозлар эшитилди. Билсам, газета тугаб қолибди... Навбатда турганлар норозилик қилишаётган экан. Газета тегмаган бўлса-да, ичимдан ғурурланиб нон дўконига кирсам, нон ҳам тугаб қопти. Бозорга қараб чопганим эсимда...

Гарчи ҳозир газета киоскалари олдида илгаридай нав­батлар бўлмаса-да, ҳар бир дўкончанинг доимий мижозлари бор. Уйимиз ёнидаги дўкончи, масалан, «Китоб ­дунёси» газетасини олмас экан. Ҳозир мен учун бир дона олади. Чорсу бозорида «Тим»нинг тагида ҳам бир дўконча бор. Унда кекса онахон ҳам менга газеталар йиғиб қўяди. Йўлим тушганда биратўла оламан.

Бу гаплар бугунги «қўл телефон» замонида бироз ғалати ҳам туюлиши мумкин. Лекин телефондаги гаплар асосан олди-қочди, узуқ-юлуқ, у-бу ҳодисаларга шахсий муносабатлар, холос. «Бозорчи хотинларнинг гапи» деган умумий баҳо атрофидаги гаплар. Газетанинг ўзини ўқиш аввало кишига бошқача руҳ бағишлайди. Масалаларга вазмин-босиқ ёндашиш, ўйлаш, хулоса ясаш, хуллас, фикрлашга ўргатади.

Умуман, одамлар менинг назаримда, икки тоифага бўлинади: газета ўқийдиганлар ва ўқимайдиганлар. Кўп кузатганман, ўқийдиганлар мушоҳадали, мустақил фикр­ли бўлади, масалаларга «бозор миқёсида» эмас, кенгроқ даражада муносабат билдиради. Ватанпарварроқ, ижтимоийроқ десам, балки баландпарвоз гапга ўхшаб кетар, лекин улар аслида ҳам шундай одамлар.

Бугун газеталар иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволда қолди. Кейинги узоқ йиллар ичида бундай ҳолга тушмаганди. Менимча, унинг биринчи сабаби ҳозир айримлар томонидан «мажбурий обуна» деб айтиладиган, аслида жамоаларга керакли ­нашрлар бўйича обуначилар қатлами шакллантирилган эди. Масалан, бир мактаб бир нусха «Маърифат» газетасига обуна бўлишини мажбурий деб бўладими? Ўз қобиғида ўралашиб, «дунё бехабар» бўлиб, ёш авлодга фақат дарсликнинг ўзини ўқитиб яшаб бўлмайди-ку. Жисмоний тарбия муассасалари «Спорт» газетасини, қишлоқ хўжалик ходимлари «Қишлоқ ҳаёти»ни ўқимаса, илғор тажрибалар, техно­логия­лар, инновацияларни қаердан ўрганади? Ҳар бир фермер хўжалиги ўз соҳаси нашр­ларини олмаса, ўқимаса, ўрганмаса, ўзича солиштирмаса, четдан келган маҳсулотларни «еб» юраверамизми?

Эҳтиросларга берилмай, билиб-билмай гапиришдан ўзимизни тийишимиз керак. Аввало ўзимизга ўзимиз савол бериб кўрайлик: охирги марта қачон газета ўқиганмиз? Газета нималигини яхши биламизми? Билмасак, бу ҳақда ақл ўргатишга маънавий ҳақ­қимиз борми?... Ҳар бир соҳа вакили ўз касбига дахл­дор газета-журналларга обуна бўлса, доим ўқиб, ўрганиб борса, ҳуқуқий, сиёсий билими ошади, ўз касби бўйича янгилик ва тажрибалардан хабардор бўлади.

Бундан ташқари, оддий ишчи, тадбиркор, врач, ўқитувчи, олим, ҳуқуқшунос парламент ва сиёсий партиялар ҳаётидан хабардор бўлса, бунинг нимаси ёмон? Ёки «Адабиёт ва санъат» газетасини ўқиса, зиён кўрадими?..

Иккинчи масала — газета сотиш, тарқатиш тизимини тубдан янгилаш керак. Уларда ҳамон сақич, тароқ совун каби маҳсулотлар кўпроқ. Супермаркетларда, гипермаркетларда бир нечта олифта, ялтироқ муқовали чет эл журналлари туради, холос. Агар мен қайси дўконга кирсам, доимий ўқийдиган газета-журналларим бўлса, жон деб оламан. Дейлик, тиббиёт муассасаларида марказий ва албатта тармоқ нашрлари бўлса, бунинг нимаси ёмон?

Асли Қирғизистоннинг ­Наманган вилоятига чегарадош туманиданман, қишлоққа борсам, албатта, ўзим ўқиб бўлган газета-журнал, китобларни олиб кетаман, (совға ўрнига ўтади), ҳамма хурсанд, ҳатто талаш бўлиб кетади. Охун Бойхонов деган ака бор, чегаралар очилгандан бери Ўзбекистонда чиқадиган ян­ги газета-журналлардан харид қилиб, олиб келиб, устига бир сўм-ярим сўм қўйиб сотади. «Очередь» бўлиб кетади. Ҳатто буюртмалар қа­бул қилади.

«Матбуот ўладими?» деган миш-мишлар кўпайиб қолди. Бир пайтлар «адабиёт ўладими?» деб Шукур Холмирзаев бонг урган эди. Мана, худога шукр, адабиётимиз янги, жўшқин паллага кирди. Матбуот ҳам шу, у ҳам янада юксалиш йўлларига чиқиб олади. Бу ўринда эҳтимол муассис масъулиятини ошириш, дўстлик клублари, ҳо­мийлар масаласини ўйлаб кўриш керакдир. Ижтимоий ҳимоя, имтиёзлар қайта кўрилар... Аммо мақолалар нечоғли долзарб, ҳаётий, «ўқувчи шуни ўқийдими?» деган савол устида жур­налист­лар қаттиқроқ ўйлаши керак. Партия газеталари саҳифаларининг тенг ярми, балки ундан кўпроғи партия ташкилотлари қандай тадбир, мажлис ўтказганини ёзиши шарт­ми? Пар­тия­вий ишларга бағишланиши тўғрими? Фақат охирги бир-икки саҳифагина умум ўқувчига мос гаплар, холос. Газета саҳифаларининг 50 фоизи партия тадбирлари бўл­са, ўша пар­тия аъзоларининг ҳаммаси ўз эътиқоди доирасида обуна бўлсин. Агар улар ҳақиқий аъзо бўлса, албатта, ўз наш­рига обуна бўлиши керак-ку?.. Ўшанда пар­тия нашрлари 100 минг нусхадан ҳам ошиб кетади. Сиёсий партия аъзолари ўз ­нашрига обуна бўлмаслигини қандай тушуниш керак?..

Матбуотнинг энг асосий хомашёси — қоғоз. Табиийки, у мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайди. Яқин-яқингача давлат босмахоналарига четдан қоғоз сотиб олишда муайян имтиёзлар бор эди, конвертация очилгач, улар ҳам бозор нархида қоғоз ёки бош­қа матбаа хомашёларини сотиб оладиган бўлишди. Бу ҳам газета таннархи ва обунасига ўз таъсирини сездиради.

Болаларнинг нашрлари «Тонг юлдузи», «Гулхан», «Ғунча»да нима гаплар экан? Ҳеч шубҳасиз, болалар тарбиясида, фикрлашида, яна боя айт­ганим ватанпарвар, фаол бўлишида бу нашрларнинг ўрни катта. Ҳар бир ўқувчи биттасига обуна бўлишини ташкил этиш..., балки қийин бўлса, 4-5 таси бир бўлиб, бу ишни қилса, мактабда ундан барча баҳра олса қандай яхши. Ва бунинг нимаси мажбурий обуна, балки эҳтиёжий обунадир бу. Куни кеча набирам 25 минг пул сўради. Синфи билан телеминорага боришаркан. Балки бу ҳам керакдир. Кўради, тафаккур қилади, осмонга яқинлашади. Лекин бир синфдан шунчадан пул йиғилса, болалар нашрларига бемалол обуна бўлса бўлади. Бунинг нимаси мажбурий обуна?

Обунани тарғиб қилиш, уюштириш, хонадонларга газета-журналлар кириб келиши нимани англатади? Бундан фойдами, зарарми? Ўқимагандан кўра, ўқиган яхши эмасми?...

 

Аҳрор АҲМЕДОВ,

журналист.