Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ДАСТЛАБКИ ҲОСИЛ, ДАСТЛАБКИ САБОҚЛАР

28.11.2018 , 11:05

Миришкор туманида аччиқ қалампирни йиғиб олиш якунланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январда қабул қилинган «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, 6 ҳудудда — Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Бухоро, Фарғона, Наманган, Хоразм вилоятларида бу ўсимликни етиштириш белгилаб берилган эди. Қашқадарё воҳасида 4,5-5 минг гектар ерда қалампир ўсимлиги ўстирилган бўлса, шундан 3000 гектари «Brand Investment Group» компаниялар гуруҳининг вилоятда тузилган «Big Agro» масъулияти чекланган жамиятига тегишли эди. Қарши даштидаги Миришкор туманида эса энг кўп майдонда қалампир етиштирилди. 2000 гектар ердан ҳосилни йиғиб экспортга жўнатиш бошлангани ҳақида газетамизнинг 91-сонида «Аччиқ қалампир жаҳон бозорида» мақоласи чоп этилган эди. Бугун якуний ишлар ҳақида фикр юритамиз.

Деҳқон учун осон йилнинг ўзи йўқ, мушкуллар қалашиб келаверади. Бу йил энг катта муаммо сув танқислиги бўлди. Бу икки йилдан буён воҳада пешқадамликни қўлдан бермай келаётган Миришкор туманида ҳам яққол сезилди. Туманда дон етиштириш ва давлатга сотиш режалари ошиғи билан уддаланди. Бироқ 10 минг гектар майдонда кластер усулида пахта етиштирган сармоядор — тадбиркорлар иши унчалик унмади. Ҳосилдорлик қоғозларда қайд этилган рақамларга етмади. Агротехникада ҳам хатоларга йўл қўйилди. Натижада бу хатолар ялпи хирмонга таъсир қилди ва туманнинг пахта сотиш режасини кейинга тортди. Ҳа, бу — ер билан ишлашнинг янги усулларини қўллашда илмий асослар, деҳқончиликнинг узоқ йиллик тажрибасига таяниш лозимлигини исботлайдиган аччиқ сабоқдир...

Аммо янги ўсимлик бўлсада, қалампирдан мўл ҳосил етиштирилди. Хориждан маҳсулот хариди учун келган айрим тадбиркор-ҳамкорларимизнинг фикрларини олдинги мақоламизда эълон қилган эдик. Ҳиндистон давлатидан келтирилган қалампирнинг «живало» ва «каян» навлари чиндан серҳосил экан. Терим ҳам намунали бошланди. Теримчиларга бир кило ўсимлик меваси учун минг сўмдан ҳақ тўлаб борилди. Натижада бир кунда 50-60, ҳатто 80-90 кило қалампир терганлар бўлди. Дастлаб терилган маҳсулотлар ҳам экспортга жўнатилди.

— Терим бошлангандаёқ ҳамкорларимизнинг буюртмаларини бажаришга киришгандик, — дейди «Big Agro» МЧЖнинг экспорт бўлими бошлиғи Бобур Абдумавлонов. —Россия давлатидан келган сармоядорлар бир неча юк машинасида қалампирнинг хом мевасидан олиб кетишди. Пишган ҳосилни БАА, Туркия, Польша, Германия каби давлатларга экспорт қилдик. Ҳисоб-китоблар давом этаяпти, ҳали анча ҳосилимиз далада ...

Бобуржонни тушундим, йиғим-теримга анча кеч киришилганди. Шунинг учун октябрь ойининг охири ва ноябрь ойининг бошларида тушган қаттиқ совуқ қалампир ўсимлигининг ҳали хом мевасидан анчасини уриб кетди. Ўсимлик буталари барг ташлаб, қовжираб қолди. Аммо туман ҳокимлиги ва МЧЖ мутасаддилари зудлик билан керакли чораларни кўришди. Ўсимлик карчовка қилиниб, даладан йиғиштириб олина бошланди.

Мен чўлга етиб келганимда, кун тиккага келган, осмонда тўда-тўда булутлар сузиб юрар, далада иш қизғин эди. Айтишларича 100 дан ортиқ трактор ёрдамида ўрилган қалампир поялари даладан олиб чиқилиб, аҳоли хонадонларига етка­зил­япти. Одамлар тоза пишган, қип-қизил меваларни териб, ҳар килосини 1000 сўмдан топшираётган экан.

— Сиз тракторларнинг ёқилғисини узлуксиз таъминланг. Сиз эса маҳаллалар билан кимнинг хонадонига қанча қалампир навдаси тўкиб берилганини ҳисоблаб чиқинг, — дея ходимларига кўрсатма берарди МЧЖ раҳбари, сармоядор ва тадбиркор Шуҳрат Хуррамов. Сўнгра у менга юзланди: — Вилоятнинг деярли ҳамма туманида қалампир ўстирилган, аммо энг кўпи — 2 минг гектари Миришкор туманида. Воҳадаги жами 3 минг гектар майдондаги ҳосилга биз масъулмиз. Нега шошиб қолдик? Нега анча ҳосилни бой бериб қўйдик? Бугун ана шу саволларга жавоб беришимиз керак. Биринчидан, ташкилотимизга кредит беришни кечиктиришди. Иккинчидан, Ҳиндистон давлатидан ўсимлик уруғини кеч олиб келиб, кеч экдик. Учинчидан, бу йил совуқ бунчалик эрта тушиши ва ҳали пишмаган қалампир меваларини уруб кетишини ҳеч ким кутмаганди. Агар ниҳолларни апрель ойининг бошида экканимизда, пишган ҳосилни октябрь ойи охригача йиғиб олган бўлардик. Бу бизга аччиқ сабоқ бўлди. Бироқ далалардаги ҳосилнинг қолган қисмини сақлаб қолишга уринаяпмиз.

— Мен Қашқадарё вилоятида 20 йилдан буён деҳқончилик қилиб келаман, — дейди Наманган вилоятидан келган ва қалампир экилган 150 гектар майдоннинг иш бошқарувчиси Фарҳод Раимқулов. — Тўғриси, қаттиқ меҳнат қилинди. Яхши ҳосил етиштириб, анчасини экспортга жўнатдик. Қаранг, далаларимизда тўда-тўда ўрилган қалампир поялари қовжираб ётибди, аммо қип-қизил бўлиб пишган мевасини совуқ уролмади.

Дарҳақиқат, миришкорликлар катта меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни сақлаб қолиш ва совуқ урмаган қизил қалампир меваларини териб олишга ҳаракат қилишмоқда. Бир кекса аёл шундай деди: «Эрим автоҳалокат туфайли ҳалок бўлган, 6 нафар қизни ўстираяпман. Пахта териб, 9 миллион сўм даромад олдик. Фарзандларим қалампир ўсимлигини ўстиришда ҳам меҳнат қилишди. Совуқ эрта тушиб, анча ҳосил нобуд бўлганига роса ачиндик. Энди қолганини сақлаб қолиш керак. Майли, бизнинг ҳовлимизга 10 «тележка» ўрилган қалампирни тўкиб беришсин, пишганини саралаб топширамиз. Буни кўпга келган тўй дейдилар...»

Мен Гулистон қишлоғида «Сатторов Ўрол» фермер хўжалигининг ишчиси Гулнора Худойбердиева ва бошқа кишиларнинг хонадонларида қовжираган буталардан қизил мевани териб олиш жадал кетаётганини кўрдим. Мутахассисларнинг айтишича, терилган қизил қалампир тумандаги автохўжаликнинг ҳовлиси, бош пиллахона ва бошқа жойларда сараланиб, кейин Қарши шаҳридаги цехга етказилади. Цехда қуритилган қалампир меваси экспортга жўнатилади.

Маълумки, шу йилнинг май ойида туманда эртачи карам ҳам етиштирилиб, 500 тоннага яқин ҳосил Россия давлатига экспорт қилинган эди. Далага чиқсак, МЧЖ агрономи Абдухолиқ Восиқов раҳбарлигида 100 гектар жойдаги гулкарам ниҳоллари устини плёнка билан ўраш қизғин давом этаётган экан. Гулистон қишлоғидан келиб ишлаётган ­Гулноза Пардаева, Дилбар Тошмуродова ва бошқалар қалампир ўсимлигини экиш, ўстиришда иштирок этишгани, мана, энди карам етиштиришда қатнашаётгани, иш ҳақларини олишаётгани ҳақида гапириб беришди.

МЧЖнинг экспорт бўлими раҳбари Бобур Абдумавлонов хорижга маҳсулот жўнатиш ҳақида гапирар экан, «шафран» ўсимлигини ҳам тилга олди. Бу ноёб ўсимлик уруғини Бобуржоннинг ўзи Голландия давлатига бориб олиб келибди. Нави — «Negine» деб аталаркан. Ўсимликнинг пиёзидан ўсиб чиққан учи экспортга жўнатилар, унинг 3 грами жаҳон бозорида 150 доллардан кам турмас экан. Ундан ноёб дори-дармонлар тайёрланаркан. Бу йил Тошкент вилоятида етиштирилган «шафран» ўсимлиги чет эллик ҳамкорларга жўнатилибди.

Хуллас, Қарши чўлидаги Миришкор тумани ерларида турли-туман экин экиб, мўл ҳосил олиб, четга экспорт қилиш осон кечмаяпти. ­Лекин одамлар ўз меҳнатлари роҳатини ҳам кўришмоқда, туманнинг иқтисодий қуввати ошмоқда, имкониятлари кенгаймоқда.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.