Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

СПОРТ ТИББИЁТИГА ЭЪТИБОР

27.11.2018

Тошкентда бўлиб ўтган «Спорт тиббиётининг долзарб ­муаммо ва истиқболлари» номли халқ­аро илмий-амалий конференцияда Россия, Япония, Туркия, Белорусь, Қозоғистон каби давлатлардан келган таниқли спорт шифокорлари, спорт тиббиёти бўйича мамлакатимизнинг етакчи мутахассислари иштирок этди.

Конференция иштирокчиларидан бир гуруҳи — россиялик мутахассислар Самарқандга ҳам ташриф буюришди. Улар иштирокида Самарқанд давлат тиббиёт институтида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Самар­қанд тиббиёт институти ректори, профессор Азамат Шамсиев конфренцияни очаркан, спорт тиббиётини ривожлантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан эканини таъкидлади.

Республика спорт тиббиёти илмий-амалий Маркази, Ўзбе­кис­тон Республикаси Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур конференцияда спортнинг тиббий-биологик таъминоти, спортчиларнинг функционал диагностикаси, диетология, фармакология ҳамда спорт тиббиётининг бошқа муҳим йўналишлари ҳақидаги муҳим масалалар муҳокама қилинди. Анжуманда вилоятдаги спорт шифокорлари, жумладан, спорт федерациялари, клублари ва спорт мактабларида фаолият кўрсатаётган спорт врачлари, СамДТИ профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.

Анжуманда томонлар спорт тиббиёти ва тиббий реабилитация соҳасида манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишиб олдилар.

Конференция иштирокчилари кун тартибидаги долзарб масалалар ҳақида шундай фикр юритишди:

Борис Поляев, МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари спорт тиббиёти шифокорлари ассоциацияси президенти, профессор:

— Спорт тиббиётининг долзарб муаммо ва истиқболларига бағишланган бундай халқаро илмий-амалий анжуман Ўзбекистонда биринчи бор ўтказилаяпти. Бу Ўзбекистоннинг спорт тиббиётидаги муаммоларга шунчаки томошабин эмаслигини, муҳим масалалар муҳокамасида анча фаоллигини кўрсатади. Бугун бутун дунёда спорт тиббиётидаги муаммолар, уларни бартараф этиш, спортчиларнинг мусобақалар жараёнида жароҳат олишларини камайтириш, турли шикастланишларнинг олдини олиш борасида кўплаб ишлар қилинмоқда. Бу борада МДҲ ва Болтиқ­бўйи давлатларида бир қатор ютуқларга эришилмоқда. Ўзбекистонда ҳам ­мутахассислар катта ишларни амалга ошираётганига гувоҳ бўлдим. Айниқса, мамлакатингиздаги республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида яратилган шароитлар, у ерда фаолият юритаётган мутахассислар менда катта таассурот қолдирди. Кўҳна Самарқандда ҳам бундай муҳим ишларга катта эътибор берилаётганига гувоҳ бўлдик.

Михаил Ерёмушкин, Россия тиббиёт таълим академиясининг травматология, ортопедия ва реабилитация» кафедраси профессори:

— Россия тиббиётининг бугунги ютуқлари, соҳадаги қувончли янгиликлардан кўпчилик хабардор. Лекин айни пайтда спорт тиббиётини ривожлантириш борасида бир қатор муаммолар ҳам борки, улар ечимини топишга эришиш дунё олимларининг ҳамкорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Самарқанддаги анжуман Тош­кент­да бошланган конференциянинг узвий давоми бўлди. Қувончлиси, Самарқандда тиббиётнинг травматология ва ортопедия соҳасида етарли тажриба тўпланган. Бу албатта спорт тиббиётининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Ильдус Ахметов, Қозон давлат тиббиёт университети молекуляр генетика бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори:

— Спортчининг саломатлиги нафақат ўзининг, балки унинг мухлислари учун ҳам ниҳоятда муҳимдир. Мусобақаларни кузатар эканмиз, спортчининг жароҳатлардан сақланишини чин дилдан истаймиз. Аслида, ҳар томонлама соғлом спортчи фавқулоддаги шикастланишлардан анча узоқ юради. Бу албатта спортчининг ўзини қандай тутиши билан боғлиқ. Медицинада ирсият ва ўзгарувчанлик деган тушунча бор. Бунда кўпроқ генетик белгиларнинг авлоддан-авлодга ўтиши жараёни тушунилади. Агар биз спортчиларимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида генетика ташвиқотини кучайтираолсак кўзланган мақсад сари дадил қадам ташлаган бўлардик. Бугунгидек халқаро анжуманлар бу борадаги мақсадларга эришилишида ниҳоятда муҳимдир.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.