Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ВАЪДАНИНГ ЧЕГАРАСИ БОРМИ?..

28.11.2018 , 13:05

Қўшкўпир тумани Қатағон қишлоғидаги «Баратлар» маҳалласида 1968 йилда қурилган 120 ўринли боғча-ясли тумандаги дастлабки мактабгача болалар муассасаларидан биридир. Мана, орадан 50 йил ўтди. Шу даврда боғча-ясли 20 мартадан кўп таъмирланди. Лекин унга олиб борадиган йўлни шу пайтгача ҳеч бўлмаса бир марта таъмирлаш раҳбарлар эсига тушмади. Бу қадим йўлни икки марта экскаватор билан қазиб, қувур ташлашни билишди-ю, қазилган ерни кўмишни хонадон эгалари зиммасига ташлашди. Боғча ва мактаб йўли ниҳоятд хароб аҳволга тушиб қолганига анча йил бўлди. Бу эса нафақат йўловчиларнинг, шу кўчада яшовчиларнинг ҳам жонига тегиб кетди. Қишлоқда ягона бўлган боғча ва ўрта мактабга автомобилларида қатновчилар ҳамда фарзандларини яёв олиб келиб, олиб кетадиган ота-оналар шу йўлдан юради. Қишлоқнинг «шоҳ кўчаси» бўлган бу йўлда чанг ва лой, ўйим-чуқурлар ниҳоятда кўпайиб кетган. Қор, ёмғирда мактаб ва боғчага борувчи ўқувчиларнинг аҳволини кўриб, раҳминг келади. Шу атрофда яшовчилар узоқ йиллардан буён мактаб ва боғча йўлини таъмирлаб беришларини сўраб, мутасадди ташкилотларга оғзаки ва ёзма равишда мурожаат қилавериб чарчашган. Натижа эса йўқ!.. Натижа аслида бор, лекин бу ерда «ўйин» бўлаётир.

2013 йилдан бошлаб бу муаммо ҳал қилинишини сўраб, кўп жойларга ёзилди. Олдинига мурожаатлар дом-дараксиз кетди, кейингиларида онда-сонда жавоб хатлар олина бошланди. Бу хатларда фактлар тасдиқланганлиги, келгуси йилда бу йўлни таъмирлаш албатта, давлат дастурига киритилиши ваъда қилинди.

— Арзимизни тинглайдиган мард бор экан, деб ўйладим. Менинг ўзим бу мавзуда уч марта юқорига ёзганман, — дейди шу кўчада яшовчи Ж.Авезов.

— Дастлаб мактаб йўлининг 20 метрча қисмига тош тўшалиб, асфальт қилинди-ю, кейин йўл қурувчилар бошқа кўчаларга бурилиб кетишди, ҳамма ҳайрон. Ке­йин маълум бўл­дики, бурилган кўчаларнинг бошида ­туман йўл идораси бош муҳандиси Б.Худойберганов, иккинчисида унинг қариндоши Ё.Худойберганов яшар экан. Бу кўчаларда фақат уларнинг уйи атрофи ва боғининг ичигача асфальт қилинди-ю, иш тўхтади. ­Посёлкада яшовчиларнинг 2015 йилги ёзишмалари туфайли мактаб ва боғча йўли яна кейинги йил дастурига киритилди. Бу гал қишлоқ фуқаролар йиғинининг ўша пайтдаги раиси С.Қўшназаров ва туман молия бўлимининг раҳбарлари қатнайдиган кўчага тош тўшалди. Бу адолатсизликдан Қўшкўпир туманининг собиқ ҳокими С.Юсупов қабулига кирдик. У тартиббузарларга чора кўришни ваъда қилди, лекин йўл дастурга ҳам кирмади, айбдорларга чора ҳам кўрилмади. Мурожаатчилар яна ёзишди. Бир ойдан кейин С.Юсуповнинг Президент девонига ёзган жавобининг нусхаси мурожаатчиларга ҳам келди. Унда мактаб ва боғча атрофи йўллари 2018 йил давлат дастурига албатта киритилиши ёзилган. Худди шу мазмундаги хат Хоразм вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бош­қармаси бошлиғи Ф.Солаев томонидан Республика автомобиль йўллари давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ­Ш.Назаровга ва Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари ­Ш.Абдуллаевга ҳамда мурожаатчиларга келди. Бу орада С.Юсупов ҳокимликдан кетди. Туман йўл идораси мутасаддилари назорат йўқ­лигидан фойдаланишди. Давлат дастурига киритилган «Баратлар» маҳалласидаги йўл ўрнига «Араблар» маҳалласида туман йўл идораси амалдорларидан бири ­Д.Сапаев яшайдиган кўчага тош тўкишди.

— Шу йил июнь ойида 3-мактабда бўлган қабул пайтида бу масалани кўтардик. Туман йўл идораси бошлиғи Э.Умиров «Сизларнинг кўча дастурда бор, иккинчи ярим йилликда бошлаймиз», деди. Биз ишондик, аммо яна ­алдашди. Шу орада маҳалла раиси Д.Рўзметов яшайдиган кўчага тош тўшалди. Бунга зарурият ҳам йўқ эди, қатнов ҳам деярли йўқ. Дастурга «мактаб ва боғча кўчаси» деб кирган ҳолда «Араблар» маҳалласи кўчаларига тош тўшалиши нима сабабдан бўлди? Ахир, «Араблар» маҳалласида мактаб ҳам, боғчаям йўқ. Давлат дастурига кириб, тасдиқланган ишни ўзгартиришга кимнинг ҳаққи бор!!! Бу иш тегишли органларга ҳавола.

Хўш, Президент Девонига ва мурожаатчиларга ваъда берган ҳоким ишдан кетган экан, унинг ўринбосарлари қаерда қолди? Ўзининг юқори ташкилотига ваъда бериб қўйган вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Ф.Солаев қаерга қараяпти? У нега туман йўл идорасининг бошлиғи Э.Умировнинг ўзбошимчалигига йўл қў­йиб, жим ўтирибди? Шунча ёзишмаларга қарамасдан Э.Умиров туман ҳокимига мурожаатлар бўйича жавоб хатида «Фуқаро Р.Холлиев ўз тушунтириш хатида мурожаатни ўрганиш натижасидан қониқиш ҳосил қил­ди», деб нотўғри маълумот берган, аслида йўл идорасидан бир қиз келиб, ҳеч нима ёзилмаган оқ қоғозга алдаб имзо чектириб кетган ва уёғини ўзи тўлдирган. Бу ҳам Э.Умиров ҳийласи бўлса керак.

Яна юқорига ёзилди, бу мурожаат бўйича текширувчилар келганида мурожаатчилар тўлиқ тўпланишди. Улар ҳам оқ қоғозга имзо чектирмоқчи бўлганларида мурожаатчилар бир овоздан рад қилишди. Кейин бу мурожаат жавобсиз қолди. (Балки юқорига яна ёлғон жавоб ёзилгандир?) Таҳлилларга кўра, мурожаат асосида дастурга киритилган йўлни таъмирлаш ишлари туман ҳокимлари ўзгарган пайтга тўғри келаяпти. Вилоят бош бошқармаси бошлиғи Ф.Солаев ҳам бу йўл 2019 йил дастурга киритилиши керак, деб энди мужмалроқ жавоб бериб қўйибди. Туманнинг ҳозирги ҳокими Ж.Раҳимов эса «Ойдин» ва «Нурҳаёт» кўчалари (биз шикоят қилаётган кўчалар ҳозир шундай номланди) 2019 йил режасига киритилади, деб мурожаатчиларга ва Президент Девонига хат бериб қўйибди. Олдинги ҳокимлар ҳам худди шу мазмунда хат беришганди...

Ж.Раҳимов қатиятли, чаққонгина йигитга ўхшайди. Айтинг-айтинг, бахтимизга ваъда амалга ошириладиган пайт­да бу ҳоким ҳам алмашмасинда, акс ҳолда пайт пойлаб ётган йўл идораси амалдорлари йўл таъмирлаш ишларини ўзларининг кўчасига буриб юбориши ҳеч гап эмас.

 

Умид НОРИМОВ,

Эркин ЭРМАТОВ,

Шоназар ХОЛЛИЕВ,

Одилбек ЮСУПОВ

ва бошқалар. Кўшкўпир тумани.