Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ТОШКЕНТДА ЯНА БИР КОРЕЯ УНИВЕРСИТЕТИ ФИЛИАЛИ ОЧИЛАДИ

04.12.2018 , 20:30

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 30 ноябрдаги «Тошкент шаҳрида Аджу университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ пойтахтимизда қурилиш, архитектура, электротехника соҳалари ва бошқа талаб юқори бўлган таълим йўналишларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Жанубий Кореянинг Аджу университети филиали очилади.

Янги олий ўқув юртини молиялаштириш тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинаётган талабалар маблағлари, хўжалик фаолиятидан тушадиган даромадлар, шартнома асосида хизмат кўрсатиш ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети ҳисобидан келгуси ўқув йилининг бошида университет бино ва иншоотларини тайёрлаш бўйича таъмирлаш-қурилиш ишлари амалга оширилади.

Ўқув жараёнида кадрларни тайёрлашнинг юқори даражасини таъминловчи илғор педагогик ва ахборот технологиялари, фан ва техниканинг энг янги ютуқларидан фойдаланилади. 2019/2020 ўқув йилида университетда бир вақтнинг ўзида бакалаврларни тайёрлашнинг учта – архитектура, электротехника ва қурилиш-инжиниринг йўналишлари очилиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Банк-молия акаде­мия­сида магистратура ихтисослиги бўйича бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Аджу университетининг иқтисодиёт ва бизнес олий мактаби очилади.

 

Роман БОНДАРЧУК,

ЎзА мухбири.