Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

“Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танлови НИЗОМИ

01.10.2018

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ҳайъатининг
2018 йил 29 октябрдаги Х-10/14–сонли қарорига илова

 

 

“Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танлови

Н И З О М И

 

I боб.  Умумий қоидалар

II боб. Кўрик-танловнинг мақсад ва вазифалари

III боб. Кўрик-танловни ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби

IV боб. Кўрик-танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар

V боб. Кўрик-танлов шартлари

VI боб. Натижаларни умумлаштириш тартиби

VII боб. Ҳакамлар ҳайъати ва саноқ комиссияси

VIII боб. Кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш

IX боб. Кўрик-танлов ғолиблари учун имтиёзлар

X боб. Кўрик- танловнинг молиявий таъминоти

XI боб. Якуний қоидалар

 

I боб. Умумий қоидалар

 

1. “Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танлови (кейинги ўринларда кўрик-танлов деб юритилади) йилда бир маротаба (қоида тариқасида, жорий йилнинг август-сентябрь ойидан навбатдаги йилнинг 7 мартигача), уч босқичда ўтказиладиган танловдир.

2.            Кўрик-танлов Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ҳайъатининг кўрик-танловни ўтказиш тўғрисидаги тегишли қарорига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ ўтказилади:

кўрик-танловнинг I босқичи август-сентябрь ойларида туман-шаҳарлар миқёсида,

II босқичи ноябрь-декабрь ойларида Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар миқёсида,

III босқичи кейинги йилнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида Тошкент шаҳрида ўтказилади (республика босқичи истисно тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда ҳам ўтказилиши мумкин)

3.            Кўрик-танловнинг барча босқичларида тадбирлар ўтказиладиган жой байрамона безатилади, Ўзбекистон ХДП аъзоси бўлган хотин-қизларнинг кенг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

 

II боб. Кўрик-танловнинг мақсад ва вазифалари

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сонли Фармонида ҳамда Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда партия сафидаги хотин-қизлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юксак сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизларни аниқлаш, истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, рағбатлантириш, уларни партия тизимига жалб этиш, давлат органлари ва ҳокимликлар тизимида турли лавозимларга, жумладан, депутатлик лавозимларига асосий захирага киритиш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд хотин-қизлар муаммоаларини бартараф этишнинг энг самарали усулларини аниқлаб, оммалаштириш.

III боб. Кўрик-танловни ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби

 

5.                     Кўрик-танловни ташкил этиш ва уни ўтказишга умумий раҳбарлик қилиш Республика ташкилий қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Кўрик-танловни ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита таркиби ҳар бир босқич учун партия ташкилотларининг раҳбар ва масъул ходимларидан иборат таркибда тузилади.

6.                 Кўрик-танловнинг ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва ўтказишга раҳбарлик қилиш, жойларда тузилган ташкилий қўмиталар томонидан амалга оширилади.

7.                 Кўрик-танлов қуйидаги талаблар асосида ташкил этилади:

Дастлаб кўрик-танлов бошланишидан камида бир ой олдин танлов ҳақида республика ва ҳудудий ОАВлар орқали эълон берилади. Эълонда кўрик-танловда иштирок этадиган хотин-қизларга қўйиладиган талаблар, кўрик-танлов шартлари ҳамда иштирок этишни хоҳловчилар мурожаат этиши мумкин бўлган манзил (боғланиш телефонлари) тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилади.

 Кўрик-танловда иштирок этиш истагини билдирган хотин-қизлар туман(шаҳар) босқичини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага ариза билан мурожаат қилади.

 Ташкилий қўмита келиб тушган аризалар асосида иштирокчилар рўйхатини шакллантиради.

Кўрик-танловнинг ташкилий масалаларига оид ҳужжатлар, ҳакамлар ҳайъати, саноқ комиссияси таркиби, кўрик-танловни ўтказиш вақти ва жойи Ташкилий қўмита томонидан белгиланади.

 Ташкилий қўмита кўрик-танлов ғолиби бўлган, яъни 1-ўринни эгаллаган 1 нафар иштирокчининг маълумотномаси, шахсини тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти) нусхаси ва кўрик-танловнинг тегишли босқичи якуни бўйича ташкилий қўмита хулосасини вилоят, республика ташкилий қўмитасига тегишли босқич ўтгандан сўнг 1 ҳафта муддат ичида тақдим этади.

 Кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида туман (шаҳар) босқичи ғолиблари, республика босқичида эса Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар қатнашади.

 

 

IV боб. Кўрик-танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар

 

8.                 Кўрик-танловда миллати, келиб чиқишидан қатъи-назар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, Ўзбекистон ХДП аъзоси бўлган 25 ёшдан 50 ёшгача бўлган, партия тизимида масъул лавозимларда ишламайдиган хотин-қизлар иштирок этади.

9.                 Кўрик-танловнинг республика босқичи иштирокчиси кейинги кўрик-танловларда такроран қатнашиши мумкин эмас.

 

V боб. Кўрик-танлов шартлари:

  1-шарт. Хотин-қизлар муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли

Мазкур шартда иштирокчилар ўзларининг ҳудудларидаги хотин-қизларга оид муаммолар - уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилавий ажримлар, эрта ва қариндош-уруғлар ўртасида никоҳ, аёллар ўртасида жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари олдини олиш борасида янгича ёндашув асосида самара берадиган амалий ишларини очиб берадилар. Эришилган амалий натижаларни фото ёки видео кўринишида тақдимотини ўтказиб берадилар.

Масалан:

 семинар - тренинглар, давра суҳбатлари ўтказиш орқали;

 аҳолининг кенг қатламлари ва оилаларга кириб бориш орқали;

 ижтимоий шериклик орқали;

 ташвиқот ва тарғиботнинг янги шакл ва услубларидан фойдаланиш орқали;

 муаммоларни маҳаллий кенгашлардаги депутатлар ҳамкорлигида ўрганиб, вилоят, туман-шаҳар доимий комиссия ҳамда сессиялари йиғилишиларида муҳокама этиш йўли билан эришилган амалий натижаларини олиб чиқиш орқали.

 Ушбу шартда иштирокчининг нотиқлик маҳорати, хотин-қизлар муаммоси ечимининг энг самарали усулларига, амалий ишлари ва натижасига алоҳида эътибор қаратилади.

 Вақт: 5 дақиқа.

Баҳолаш мезони:

хотин-қизлар муаммосини ечиб берганлиги ва амалий натижа учун - 4 баллгача;

нотиқлик қобилияти ва аудитория билан ишлаш маҳорати учун -3 баллгача;

янги инновацион ғоялари учун- 3 баллгача.

Жами 10 баллик тизим асосида баҳоланади.

Мазкур шарт якунига кўра, иштирокчининг ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланган, инновацион ғояларга йўғрилган хотин-қизлар муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўллари бутун республика бўйича оммалаштирилади.

2-шарт. Сиёсий ҳозиржавоблик.

Бу шарт бўйича иштирокчи 3 дақиқа мобайнида оғзаки бериладиган 7 та саволнинг қанчасига тўғри, қисқа, аниқ, лўнда ва тезкор жавоб бера олганлигидан келиб чиқиб баҳоланади. Саволлардан 5 таси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуни, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий Қонун, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, қонунлар, Оила кодекси, Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” асосида тузилади. 1 та дунё тарихидаги машҳур сиёсатчи аёллар ҳақида ва яна 1 та чуқур мушоҳада талаб этмайдиган саволлар берилади.

Вақт: Тайёргарликсиз, 3 дақиқа.

Баҳолаш мезонлари:

ҳар бир тўғри жавобга - 1 балл

Жами 7 баллик тизим асосида баҳоланади.

 

3-шарт. Эркин мавзу.

 

Мазкур шартда иштирокчилар ўзлари севган машғулотлардан намуналар кўрсатишади. Қўшиқ, шеър, монолог айтиш, турли қизиқарли чиқишлар (театр, рол ўйнаш) ва шу каби бошқа истеъдодларини намоён этадилар.

Ушбу шартни баҳолашда иштирокчининг саҳнада ўзини тутиши, талаффузи, ижодкорлиги аудитория диққатини ўзига жалб қила олиши ва ҳаракатларининг табиийлигига эътибор қаратилади.

 

Вақт: 5 дақиқа.

 

10 баллик тизим асосида баҳоланади.

 

VI боб. Натижаларни умумлаштириш тартиби

 

10.            Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир шарт бўйича иштирокчиларни шарт мезонларидан келиб чиққан ҳолда баҳолайдилар. Умумий баллар натижасига кўра энг юқори балл тўплаган иштирокчи ғолиб деб топилади.

11.            3 та шарт натижасига кўра иштирокчиларнинг тўплаган баллари бир хил бўлиб қолган тақдирда, ғолиб тенг миқдорда энг юқори балл тўплаган иштирокчилар ўртасида ҳакамлар ҳайъати томонидан қўшимча саволлар бериш орқали аниқланади. Ушбу шартга 10 дақиқагача вақт берилади.

VII боб. Ҳакамлар ҳайъати ва саноқ комиссияси

12. Ҳакамлар ҳайъати таркиби 5 кишидан иборат бўлади ва сиёсатшунослар, депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакилларидан тузилади. Танловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ҳеч қандай аралашувларга йўл қўймаслик мақсадида 1 ва 2-босқичларида лавозимидан қатъи-назар партия тизимида фаолият юритиб келаётган ходимларни Ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.

13. Саноқ комиссияси таркиби 3 кишидан иборат бўлади. Саноқ комиссияси кўрик-танловда ҳакамлар ҳайъати қўйган балларни умумлаштириб боради ва регламент қоидаларига амал қилинишини назорат қилади.

14.    Кўрик-танлов ўтказилаётган вақтда регламентда белгиланган вақтга амал қилиниши эътиборга олинади. Саноқ комиссияси регламентда белгиланган вақтдан ўтиб кетган иштирокчи тўғрисидаги хабарни Ҳакамлар ҳайъатига маълум қилади. Ҳакамлар ҳайъати бир овоздан келишиб, шарт якуни бўйича балларни эълон қилиш жараёнида, иштирокчи тўплаган умумий баллнинг 5 фоизигача бўлган миқдорда чегирма қилинганлиги тўғрисида қатнашчиларга маълум қилиб, умумий баллни эълон қилади.

 

VIII боб. Кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш

 

15. I ва II босқичларда кўрик-танлов иштирокчилари ва ғолибларини диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирлаш Ўзбекистон ХДП минтақавий ва маҳаллий кенгашлари томонидан амалга оширилади.

16. Кўрик-танловнинг республика босқичи (III босқич) иштирокчи ва ғолибларини тақдирлаш Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан амалга оширилади, ғолиб ва номинациялар бўйича совриндорлар партиянинг ҳамкорлари томонидан ҳам тақдирланиши мумкин.

 

IX боб. Кўрик-танлов ғолиблари учун имтиёзлар

17. Кўрик-танловнинг I, II босқичларида ғолиб чиққан иштирокчилар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда депутатликка номзод этиб кўрсатиладилар, сайловлар оралиғида эса тегишли округдаги бўшаб қолган ўринлар учун номзодлари тавсия этилади.

18. Кўрик-танловнинг республика босқичи иштирокчилари, ўз ҳудудидаги партиянинг туман (шаҳар) кенгашига раис, минтақавий кенгашга раис ўринбосаригача бўлган лавозимларга асосий захирага олинадилар ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловларда уларнинг номзодлари партия томонидан илгари сурилади.

X боб. Кўрик-танловнинг молиявий таъминоти

19. Кўрик-танловда иштирок этиш учун келиб-кетиш йўл харажатлари, овқатлантириш ва ётоқхона харажатлари Ўзбекистон ХДП МК ва минтақавий кенгашларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

20. Кўрик-танловнинг I, II босқичларини ташкил этиш ва уни ўтказиш билан боғлик сарф-харажатлар Ўзбекистон ХДП минтақавий ва маҳаллий кенгашлари зиммасига юклатилади.

21. Кўрик-танловнинг III босқичини ташкил этиш ва уни ўтказиш билан боғлик сарф-харажатлар (жумладан, ётоқхона харажатлари, иштирокчиларни овқатлантириш, диплом ва совғалар билан тақдирлаш ва бошқалар) республика Ташкилий қўмитаси зиммасига юклатилади ҳамда Ўзбекистон ХДП МКнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

XI боб. Якуний қоидалар

22. Кўрик-танлов Низомига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ҳайъати қарорига асосан амалга оширилади.