Сайловолди дастури

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОД

МАКСУДА АЗИЗОВНА ВАРИСОВАНИНГ

ТАРЖИМАИ ҲОЛИ ВА ДАСТУРИ

 


ТАРЖИМАИ ҲОЛ

 

Максуда Азизовна Варисова 1961 йил 20 январда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида зиёли оилада туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1984 йили Тошкент давлат тиббиёт институтини тугатган. Шифокор-терапевт мутахассислигига эга.

Меҳнат фаолиятини 1984 йилда Тошкент давлат тиббиёт институти клиникасида интерн-шифокор лавозимида бошлаган. Ўтган йиллар давомида туман даражасидан республика миқёсигача бўлган турли вазифаларда меҳнат қилган.

1987-1989 йилларда Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 6-сонли поликлиникада шифокор-терапевт, 1989-2013 йилларда Тошкент вилояти Зангиота тумани “Назарбек” қишлоқ врачлик пунктида шифокор-терапевт, 2013-2018 йилларда ушбу поликлиника мудири сифатида фаолият кўрсатди.

Шифокорлик фаолияти билан бир пайтда 2009-2014 йилларда халқ депутатлари Зангиота туман Кенгаши депутати, 2015-2019 йилларда халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, халқимиз манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим қонун ҳужжатларини қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

М.А.Варисова 2018 йилдан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари этиб сайланди. Ўтган давр мобайнида партиянинг марказда ва жойлардаги ташкилий кадрлар салоҳиятини сезиларли даражада оширди, партия электоратини ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни ечишда партия ташкилотларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорлигини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширди.

2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди. Ҳозирда Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, парламент қуйи палатасининг Оила ва аёллар масалалари комиссияси раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

М.А.Варисова оилали, уч нафар фарзанди бор.

2018 йилда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни камол топтириш ва ахлоқий муҳитни таъминлашда улкан ҳисса қўшгани учун I даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган.


ДАСТУР

 

Дастур Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг устувор йўналишларига асосланади. Дастурнинг асосий мақсади – мамлакатимизда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этишдир.

Ушбу вазифанинг ҳал этилиши, биринчи навбатда, аҳоли кенг қатламлари фаровонлиги таъминланишини назарда тутади. Бунда, ҳар бир оила ўзининг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларини қондириши учун, жумладан, қулай уй-жой, узлуксиз энергия таъминоти, табиий газ ва ичимлик суви, сифатли озиқ-овқат, замонавий таълим ва малакавий тиббий хизматдан фойдаланиши учун етадиган даромад манбаига эга бўлмоғи керак.

Иккинчидан, бундай давлатни шакллантириш барча соҳаларда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенгликни қарор топтиришни англатади. Бу ўз навбатида нафақат ҳуқуқий тенглик, балки ижтимоий мавқеи, мулкий ҳолати ва даромадидан қатъий назар, ушбу ҳуқуқларни амалга оширишда барча учун тенг имкониятлар яратишни тақозо этади.

Учинчидан, бу – фуқароларнинг демократик институтлар орқали аҳолининг ижтимоий кайфиятига, зарур ҳаётий эҳтиёжларини амалга оширишга таъсир кўрсатадиган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, жамоатчилик экспертизаси ва муҳокамаларида кенг иштирок этишини таъминловчи демократиядир.

Асосий мақсадга эришиш учун ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий вазифаларни ҳал қилиш бўйича қуйидаги устувор йўналишлар таклиф этилади.

 

I. Аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш

Биз аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш тарафдоримиз. Шу мақсадда қуйидагиларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз:

- аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш;

- ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш;

- ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш;

- олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш;

- аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёжи билан боғлиқ ҳамёнбоп товар ва хизматлар, арзон уй-жой ва коммунал хизматлар билан таъминлаш;

- аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш;

- ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш;

- пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш;

Шу мақсадда, давлат ҳар бир инсоннинг ижтимоий хизматлардан тўла ва бепул фойдалана олишини қонунчилик даражасида ва амалда кафолатлаш учун барча чораларни кўриши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Бу аввало, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига Конституцияда мустаҳкамланган (таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий ёрдам олиш, уй жойга эга бўлиш, ижтимоий таъминот, маданий ҳаётда иштирок этиш ва малакали юридик ёрдам олиш) устувор ҳуқуқларнинг амалга оширилиши учун кафолат беради.

Биз, ижтимоий ҳимоя қилиш тизими барча муҳтож фуқароларни тўлиқ қамраб олиши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

- пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш;

- кам таъминланган, лекин, боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятимизнинг фаол иштирокчисига айлантириш;

- ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётий эҳтиёжларига эътиборни кучайтириш, шу мақсадда “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйлари фаолиятини янада яхшилаш;

- “Меҳрибонлик” уйларини битириб чиққан ёшларни уй-жой билан таъминлаш, ишга жойлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш;

- илғор давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, давлат-хусусий ҳамда ижтимоий шериклик асосида аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиётини кенг ривожлантириш.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, бу борадаги тизимни тубдан яхшилаш мақсадида илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, қуйидаги чораларни кўриш зарур:

- миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенциянинг тамойиллари ва меъёрларига мувофиқлаштириш;

- ногиронлиги бўлган шахсларга оид халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш;

- Мамлакатимизда БМТнинг Ногиронларга нисбатан умумжаҳон ҳаракатлар дастурини амалга ошириш бўйича зарурий чоралар кўриш;

- ногиронлар жамиятларига давлат субсидияларини ажратиш.

 

II. Ижтимоий йўналтирилган иқтисодий сиёсат – кучли ижтимоий сиёсат асосидир

Биз иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлашда қуйидагиларни устувор вазифалар, деб ҳисоблаймиз:

- ўрта муддатли истиқболда кам таъминланган аҳоли қатламлари улушини камида 2 баравар қисқартириш мақсадида камбағалликни бартараф этиш бўйича самарали ишларни амалга ошириш;

- юқори қўшимча қийматга эга секторлар ва меҳнат талаб қиладиган тармоқларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, иқтисодиётнинг инновацион илғор технологияларга асосланган ишлаб чиқариш тармоқларини жадал ривожлантириш мақсадида самарали молиявий ва солиқ имтиёзларини қўллаш;

- ўрта муддатли истиқболда иш ҳақи даражасини яшаш минимумидан камида 1,5 баравар юқори бўлган (ўзини-ўзи банд қилиш ва хусусий тадбиркорликдан олинадиган даромадлар ҳисобига) меҳнатга лаёқатли аҳолининг барқарор иш ўринларида бандлигини таъминлашга эришиш.

Ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётда давлатнинг асосий тартибга солувчилик ролини янада мустаҳкамлаш зарур, деб ҳисоблаймиз. Бунда:

- умумхалқ аҳамиятига эга иқтисодиёт тармоқларининг бошқарувида давлат иштирокини мустаҳкамлаш;

- ҳар бир инсоннинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларига етадиган истеъмол саватчаси қийматини белгилаш, шу асосда яшаш минимумини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;

- озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёждаги бошқа товарларни ишлаб чиқариш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш чораларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;   

- ҳудудларнинг барқарор ривожланиши учун давлат даромадларини тенг ва адолатли тақсимлаш, ҳудудий дастурларни амалга ошириш учун давлат бюджети, бошқа ички ва ташқи манбалардан қўшимча молиявий ресурсларни сафарбар этиш;

- муайян ҳудудларга импорт товарларини олиб кирганлик учун божхона тўловларидан тушган маблағларнинг бир қисмини маҳаллий бюджетларга йўналтириш, шу орқали импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ривожлантириш бўйича махсус туман ва шаҳар инвестициявий фондларини яратиш;

- “ишлаб чиқариш ипотекаси”ни, яъни тижорат банкларининг инвестициявий ресурслари ҳисобига тайёр корхоналар ташкил этиш ва келгусида тадбиркорлик субъектларига кредит ёки лизинг асосида бериш механизимларини амалиётга киритиш;

- импорт ўрнини босадиган ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматларни ишлаб чиқариш бўйича асосли бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли кредитларни жорий этиш лозим.

Фикримизча, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори қўшимча қийматга эга товарлар билан тўлдириш барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан биридир.

Маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳаёт учун муҳим ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда кундалик зарур товарларни ишлаб чиқариш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурларни шакллантириш ва тасдиқлаш лозим.

Мазкур дастурларни ҳудудларда иш ўринлари ташкил этишга доир давлат буюртмалари ҳамда ўрта махсус, олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мувофиқлаштириш зарур.

Шунингдек, ҳудудий ривожлантириш дастурларида маҳаллий саноатнинг ўсиши билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарадорлигини ошириш, бу борада ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда:

- қишлоқ хўжалигида натижадорликни ошириш имконини берадиган хўжалик юритиш шаклларини жорий қилиш, шу асосда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг барқарор ва самарали тизимини яратиш;

- қишлоқ инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва технологияларини ривожлантиришга сармоя киритилишини кўпайтириш;

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш керак.

Ушбу вазифалар ҳал қилиниши орқали қуйидаги мақсадларга эришамиз:

- ички бозорни арзон озиқ-овқат маҳсулотлари ва ижтимоий аҳамиятга молик товарлар билан тўлдириш, ушбу маҳсулот ва товарлар нархлари кескин ўсиб кетишини олдини олиш;

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни қайта ишлаш корхоналарида барқарор ва юқори ҳақ тўланадиган янги иш ўринлари яратиш;

- аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш самарадорлигини ошириш.

Биз иқтисодиётни либераллаштириш ва эркин бозор муносабатлари жамиятни ижтимоий ривожлантириш мақсадларига эришиш кафолатини бермайди, деб ҳисоблаймиз. Шу боис давлат ва жамият томонидан иқтисодий ривожланишни назорат қилиш ҳамда тартибга солиш бўйича демократик тизимни шакллантириш лозим. Бунда:

- иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ва янги технологияларни жорий этиш масалалари бўйича барча жабҳаларда ижтимоий мулоқот ва жамоат назорати механизмини жорий этиш. Ушбу жараёнларни аҳолининг барқарор, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларида бандлигини ошириш, меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик даражаси ва ишлаб чиқаришнинг экологик тозалигини таъминлаш билан уйғунликда олиб бориш;

- давлат ташқи қарзлари ҳамда инвестициялар устидан жамоатчилик назоратининг самарали тизимини яратиш, инвестиция сиёсатида жамият манфаатлари ҳимоясини таъминлаш лозим.

 

III. Сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёждаги товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш

Ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари ва тарифлари норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги учун ушбу нархларни шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш лозим.

Шу мақсадда қуйидаги чораларни кўриш зарур:

- илғор хорижий тажриба ҳамда универсал халқаро ҳужжатларнинг тавсиялари ва меъёрларини ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқариш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш чора-тадбирларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;

- аҳолининг кам даромадли қатламларини ҳаёт учун зарур арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш;

- саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини ички истеъмол бозорини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарлар билан тўлдиришга йўналтириш;

- мамлакатимизда ишлаб чиқариш ресурси ва имконияти бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари, бошқа кундалик зарур товарларни импорт қилиш бўйича солиқ ва божхона тизимида мослашувчан чораларни амалга ошириш.

Бундан ташқари, ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, кам даромадли оилалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кундалик эҳтиёждаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарларни арзон нархларда сотадиган ижтимоий дўконлар тармоғини яратиш бўйича хайрия фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш зарур.

 

IV. Уй-жойлар ва коммунал хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш

Биз аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кенгайтиришга эришишни режалаштираяпмиз.

Ушбу масалани ҳал этишда қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

- мамлакатимизда замонавий инновацион технологиялар асосида қурилиш материаллари ва конструкциялар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш;

- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун арзон уй-жой қуришга имтиёзли ипотека кредити бериш амалиётини такомиллаштириш;

- “Коммунал хизматлар тарифларини тартибга солиш асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

- ўрта муддатли истиқболда шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларида аҳолини арзон электр-энергия, иссиқлик ва иссиқ сув тизими билан таъминлаш бўйича ҳудудий инвестиция дастурларини, жумладан, жойларда давлат-хусусий шериклик тартибидаги дастурларни амалга ошириш;

- коммунал хизматларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан асоссиз равишда нарх-наво ва тарифлар оширилиши ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида, соҳада маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда коммунал хизматлар тарифлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;

- ўрта муддатли истиқболда шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларида яшил ҳудудлар, истироҳат боғлари, болалар учун ўйин майдончаларини кенгайтириш, бунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг дам олиши учун зарур шароитларни яратиш.

 

V. Аҳолининг барча қатламларига юқори сифатли ва тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатиш

Бирламчи тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришда қуйидагиларни устувор йўналишлар, деб ҳисоблаймиз:

- мулкчилик шаклидан ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган, давлат томонидан кафолатланган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;

- аҳолини, жумладан, кам таъминланган оилаларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, бошқа ижтимоий-демографик заиф гуруҳларни юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдамдан фойдаланган ҳолда, ҳар йили бепул кўрикдан ўтказишни ташкил этиш;

- аҳолининг алоҳида тоифалари, жумладан, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларга тақдим этиладиган дори воситалари, медикаментлар, протезлаш воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий хизматларни бепул тақдим этиш тизимини такомиллаштириш;

- “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

 

VI. Ёшларнинг сифатли таълимдан тенг фойдаланишини таъминлаш

Мактабгача, ўрта, касб-ҳунар ва олий таълимда аҳолининг барча қатламларига тенг имкониятлар яратиш учун қуйидаги чораларни кўриш зарур:

- 6 ёшга тўлган болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлов билан бепул тўлиқ қамраб олиш, ҳар бир аҳоли пунктида мактабгача таълим муассасаларини очиш;

- мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги ўқувчилар ва тарбияланувчиларни сифатли ва соғлом озиқ-овқат билан кафолатли таъминлаш;

- бепул олий таълим бериш тизимини тартибга солишнинг замонавий механизмларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш ва амалиётга жорий этиш. Шунингдек, талабаларнинг дарсни ўзлаштириши ва уларнинг инновацион фаолиятда иштирок этишига қараб, стипендиялар миқдорини белгилаш, турар-жойларга муҳтож талабаларни қулай яшаш шароитлари билан таъминлаш;

- кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандларини таълим олишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

- олис қишлоқлардаги болалар учун мўлжалланган маданият муассасалари, спорт иншоотлари, “Баркамол авлод” марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг фаолиятини янада ривожлантириш;

- ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, уларга маънавий-маърифий соҳада тенг имкониятларни таъминлаш. Махсус адабиётларни, жумладан, овоз жўрлигидаги Брайль алифбоси асосида ҳам чоп этиш ва харид қилиш, инклюзив таълимни ривожлантириш, шу соҳада фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларга имтиёзлар тақдим этиш.

 

VII. Халқ демократияси ва ижтимоий тенглик

Биз мамлакатда халқ демократияси тизимини шакллантириш тарафдоримиз. Бу аҳолининг барча, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг давлат ва жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш демакдир.

Шу билан бирга, барча инсонларнинг ёши, жинси, ногиронлиги, миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур.

Ушбу мақсадларда биз қуйидагиларга эришиш керак деб ҳисоблаймиз:

- мамлакат ичида ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш;

- аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини амалга ошириш билан боғлиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш мажбурийлигини қонунчиликда мустаҳкамлаш;

- мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим жабҳалари, аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларига дахлдор бўлган ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича ижро ҳокимияти томонидан қарорлар қабул қилишда, парламентдаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан жамоатчилик маслаҳатшувини ўтказиш механизмини жорий этиш;

- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамасида эркин иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

- давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштирокини кенгайтириш.

Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилиш суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этишдаги устувор йўналишлар ҳисобланади.

Шу мақсадда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

- одил судловни амалга оширишда фуқароларнинг судларда Халқ маслаҳатчилари сифатида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш;

- фуқароларнинг осойишталиги ва жамият хавфсизлигини таъминлаш йўналишида кўнгилли Халқ посбонлари фаолиятини ривожлантириш;

- камситишларга қарши қонунчиликда белгиланган меъёр ва қоидаларнинг амалда, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига нисбатан тўлиқ ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш;

- ҳуқуқи бузилган кам даромадли фуқароларнинг ҳимоя қилишда адвокатура ва юридик хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш;

- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун ҳуқуқий ёрдам ва хизмат кўрсатиш бўйича ижтимоий мақбул бўлган тизим яратиш, уларга бепул маслаҳат берадиган “юридик клиника”лар тармоғини ривожлантириш;

- аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга доир ишлар самарадорлигини янада яхшилаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари негизида хуқуқий маслаҳат бериш тизимини яратиш. Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ижтимоий масалалар бўйича давлат ва вакиллик органларига юбораётган мурожаатлари юзасидан маслаҳатлар бериб бориш.

 

VIII. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш

Биз мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш тарафдоримиз. Ушбу мақсадда қуйидагиларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз:

- аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали ва адолатли шакли сифатида маҳалла тизимини ривожлантириш, маъмурий, ижтимоий, экологик, маданий ва бошқа муаммоларни ҳал этишда унинг тўлиқ иштирокини таъминлаш;

- қабул қилинаётган қонунлар ва қонун ҳужжатлари, давлат бошқаруви органлари фаолияти натижаларини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш;

- долзарб иқтисодий ва ижтимоий вазифаларнинг ҳал этилишига таъсир кўрсатиш масалаларида сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмалари ҳуқуқ ва ваколатларини янада ошириш бўйича аниқ чоралар кўриш;

- давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шериклик амалиётини кенг ривожлантириш;

- жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқароларнинг бевосита иштироки даражасини ошириш.

Ёшларга оид давлат сиёсати ёшларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилиши лозим. Салоҳиятли ёшларга сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари тизимида ишлашни рағбатлантириш зарур.

Давлат органлари фаолиятига аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатадиган муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларни самарали ҳал қилишни таъминлайдиган замонавий “ижтимоий диагностика” услубларини жорий қилиш керак, деб ҳисоблаймиз. “Ижтимоий диагностика” натижаларига кўра, тегишли қарорлар қабул қилиниши ҳамда тезлик билан бажарилиши зарур.

 

IX. Халқаро сиёсат

Биз Ўзбекистоннинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатдорлик ва тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорлик ва шерикчиликни фаол ривожлантириш, яхши қўшничилик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш тамойиллари асосида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббускор халқаро сиёсат юритиш тарафдоримиз.

Ушбу йўналишда қуйидагиларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз:

- Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиши масалаларини кўриб чиқиш. Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотларни мунтазам равишда ўтказиш;

- БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва инсон ҳуқуқлари масаласи юзасидан халқаро ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни кучайтириш;

- минтақавий барқарор ижтимоий ривожланиш, муқобил энергетика ва замонавий тиббиёт соҳаларида инновацион дастурлар ҳамда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мақсадида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ҳамкорликни кучайтириш;

- чет элда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш. Шу асосда тартибга солинган, хавфсиз, бошқариладиган меҳнат миграцияси сиёсатини амалга ошириш.

Ташқи сиёсат вазифаларини самарали амалга ошириш мақсадида қуйидаги ижтимоий-сиёсий механизмларни таклиф этамиз:

- парламентлараро алоқа институтларини ривожлантириш;

- гуманитар, маданият, санъат, илм-фан, спорт ва туризм, нодавлат ташкилотлар ҳамда партиялараро алоқалар соҳаларида “халқ дипломатияси” усулларини қўллаш;

- мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорликни кенг тарғиб қилиш мақсадида халқаро ахборот ресурсларидан фаол фойдаланиш.

 

***

 

Сайлов жараёнларидаги бизнинг шиорларимиз:

Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи!

Халқ демократияси – тараққиёт асоси!

Ижтимоий барқарорлик – фаровонлик гарови!

Ижтимоий тенглик ва адолат тарафдоримиз!

Ишсизларга – иш ўринлари!

Бепул таълим, бепул соғлиқни сақлаш!

Иқтисодий ресурслар – барча учун!

Камбағалликка барҳам берайлик!

 

Юклаб олиш

Қорақалпоқ тилида ўқинг

Қорақалпоқ тилида плакат

 

 

qq_kir

qq_lot