НИЗО

Бир фермер ва икки ҳамқишлоқ ўртасида авж олаётган можаро нега ҳал бўлмаяпти? Суд қарори нега бажарилмаяпти?

Мамлакатимиз мустақиллигининг илк йиллариданоқ илгариги колхоз-совхозлар ўрнида янгидан тузилган фермер хўжаликлари фаолият кўрсата бошлади. Ер, мол-мулк улар ихтиёрига ўтди. Жойларда иш юритиш янгичасига ташкил этилди. Одамлар онгу шуурида ўзгариш, янгиланиш юзага келди. Иштихон туманидаги собиқ Амир Темур жамоа хўжалиги ўрнида ҳам кўплаб фермер хўжаликлари ташкил топди. Бундан тўрт йил аввал улар сафига яна бир шундай хўжалик — “Саида далалари” қўшилди.

 

Фермер хўжалигига аввал Олимжон Бўриев раислик қилди. Кейинчалик унинг ўрнини Анвар Бўриев эгаллади. Бу фермер хўжалигига Иштихон тумани ҳокимининг 2015 йил 15 июндаги қарори асосида 22,5 гектар ер майдони ажратиб берилди.. 2016 йилнинг 28 мартида эса мазкур фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини қайтадан тузиш тўғрисида туман ҳокими қарори қабул қилинди. Аммо...

Яқинда мазкур фермер хўжалиги иш юритувчиси Отамурод Бўриевдан таҳририятимизга шикоят хати келди. Унда жумладан шундай дейилади:

— Тўғриси, фермер хўжалиги раҳбари расмий жиҳатдан ўғлим бўлса-да, унга бошчилик қилиш менинг зиммамда. Буни оила бошлиғи гарданидаги залворли бир юк деб биламан. Шу сабабдан ҳам фермер хўжалиги ташкил топган кундан бошлаб, ўғилларим билан тиним билмай ишладик. Ўтган тўрт йил мобайнида артезиан қудуғи ковладик, трансформатор ўрнатдик, дала шийпони қурдик. Янги иш ўринлари барпо этдик. Аммо ишимиз энди юриша бошлаган бир пайтда бизга халақит берувчилар, еримизга эга чиқувчилар пайдо бўлиб қолди.

 Оқибатда еримизнинг бир қисми ўзгалар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, катта маблағ ҳисобига қаздирган артезиан қудуғи, ўрнатилган трансформатор, қурилган дала шийпони бошқалар ерида қолиб кетди. Набижон Бўтаев ва Баҳриддин Норбоев деган кишилар эса фермер хўжалигимизга тегишли жойда ноқонуний равишда уй-жой қуриб олишди. Ойбек Ҳайитов исмли фуқаронинг ҳаракати бундан-да ошиб тушди. У тегишли идоралар рухсатисиз хўжалигимизга олиб борадиган йўлни эгаллаб, шу ердан уй-жой қуришни бошлади.

Фермер хўжалиги иш юритувчиси ҳақиқат излаб кўплаб раҳбарлар қабулида бўлгани, аммо ҳокимлик, прокуратура ва бошқа нуфузли идораларга қилган мурожаатларининг фойдаси бўлмагани ҳақида ҳам ёзади.

Шикоят хати асосида Иштихонда бўлдик. Туман ҳокими, мажбурий ижро бюроси раҳбари ўринбосари, бу ишга дахлдор идоралар раҳбарлари билан суҳбатлашдик, керакли ҳужжатлар билан танишдик.

Маълум бўлишича, туман фермерлар кенгаши «Саида далалари» фермер хўжалиги тасарруфидаги ноқонуний эгаллаб олинган ерни қайтариб олиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига даъво аризаси киритган. 2017 йилнинг январь ойи 19-кунида мазкур суднинг очиқ мажлисида жавобгарлар – Бўтаев Набижон ва Норбоев Баҳриддиннинг ноқонуний қурилган биноларини буздириш ва ер майдонини фермер хўжалигига қайтариб бериш масаласи кўриб чиқилган. Суд даъвогар фойдасига қарор чиқарган. Жумладан унда шундай дейилади:

«Даъвогар Иштихон туман фермерлар кенгашининг «Саида далалари» фермер хўжалиги манфаатларини кўзлаб, жавобгарлар Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичларга нисбатан ноқонуний қурилган қурилишни буздириш ва ер майдонини қайтариб олиб бериш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилсин.

Жавобгар Бўтаев Набижон Ортиқович томонидан «Саида далалари» фермер хўжалигига тегишли бўлган 244-контурдан ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 1,0 гектар ер майдонининг 170,0 кв.метрдан иборат қисмида ноқонуний қурилган қурилиш жавобгар Бўтаев Набижон Ортиқовичнинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилсин.

Жавобгар Норбоев Баҳриддин Пўлатович томонидан «Саида далалари» фермер хўжалигига тегишли бўлган 244-контурдан ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 1,0 гектар ер майдонининг 200,0 кв.метрдан иборат қисмида ноқонуний қурилган қурилиш жавобгар Норбоев Баҳриддин Пўлатовичнинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилсин.

Жавобгарлар Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичлар томонидан «Саида далалари» фермер хўжалигига тегишли бўлган 244-контурдан ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан 1,0 гектардан эгаллаб олинган жами 2,0 гектар ер майдони жавобгарлар Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичлардан «Саида далалари» фермер хўжалигига олиб берилсин».

Бу иш яна бир неча бор судлар томонидан апеляция ва кассация тартибида кўриб чиқилган. Улардан бири 2017 йилнинг 16 март куни бўлиб ўтган фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди кассация инстанциясининг очиқ суд мажлиси Иштихон туманлараро фуқаролик судининг 2017 йил 19 январдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида ажрим чиқаради.

Аммо суднинг ҳал қилув қарори туман мажбурий ижро бюроси томонидан ҳамон бажарилмаяпти. Бу идорадагилар суд қарорини бажариш муддатини ортга суришга ҳам ҳаракат қилишди. Аниқроғи, қарор ижросини ортга суриш тўғрисида улар судга расмий хат билан мурожаат қилишди. Суд томонидан эса бу мурожаатнинг суд мажлисида муҳокама қилинмасдан оқибатсиз қолдирилганлиги ҳақида жавоб берилди.

— Шу ўринда яна бир муҳим масала ҳақида гапирмоқчиман, — деб ёзади Отамурод Бўриев. — Бир пайтлар оиламиздан бир эмас, тўрт киши бошқа Республикада ишлаб келарди. Сабаби, оиламиз катта бўлиб, рўзғор боқишнинг бошқа йўлини тополмаганмиз. Ўша пайтларда ўғилларим ишлаётган мамлакатда турли жиноий тўдалар мавжудлигидан оммавий ахборот воситалари орқали хабардор эдик. Мен фарзандларимнинг ана шундай хавфли оқимларга қўшилиб қолишидан жиддий ташвишланардим.

Ўйлаб кўрсам, энг тинчи фарзандларимнинг ўз юртимда, ёнимда бўлиши экан. Тендерда ғолиб бўлиб, фермер хўжалиги ташкил этганимизда бундай хавфлардан қутилганимизга, бундан буён тинч, бехавотир, фаровон яшашимизни, қишлоқдошларимиз учун янги иш ўринлари ташкил этишга йўл очилганидан қанчалар қувонгандик. Аммо орадан кўп ўтмай, ҳар қадамда ишимизга тўсқинлик қилувчилар учрай бошлади. Ҳатто улар суд қарорини ҳам тан олишмаяпти.

Кишида ҳақли савол туғилади: Иштихон туманида ҳам ҳуқуқ-тарғибот идоралари бор, хокимлик бор. Нега қонун талаби бажарилмаяпти?

Шу ўринда ушбу иш юзасидан туман ҳокимлигидан берилган маълумотда келтирилган далилларга эътибор қаратайлик:

«— Иштихон тумани «Қўрлисой техникалари» агрофирмаси ҳудудидаги 244-рақамли контурдаги ер майдони 68,1 гектардан иборат. Шундан 22,5 гектар лалми ҳайдаладиган ер майдони «Саида далалари» фермер хўжалиги раиси Бўриев Олимжонга ғаллачилик ва чорвачилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун туман ҳокимининг 2015 йил 18 июнь кунги №665-Қ сонли қарорига асосан 49 йил муддатга ижарага ажратиб берилган.

Ушбу контурда ғаллачилик йўналишидаги «Ҳилола баракали ҳосили» фермер хўжалигининг 29,5 гектар лалми ҳайдаладиган ер майдони, «Болқи» фермер хўжалигигнинг 10,0 гектар лалми ҳайдаладиган ер майдони мавжуд. Қолган 5,9 гектар лалми ҳайдаладиган ер майдони эса туман ҳокимлиги заҳира ер майдонлари хисобида қолган.

Заҳирада қолган 5,9 гектар лалми ҳайдаладиган майдоннинг 4,2 гектари 2017 йилда ўтказилган тендер танлови ғолиби — «Қўрли» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Бўриев Тиркашга ёнғоқчилик йўналишида фойдаланиши учун туман ҳокимининг 2017 йил 3 майдаги №1222-Қ сонли қарорига асосан 49 йил муддатга ижарага ажратиб берилган.

 «Ҳилола баракали ҳосили» фермер хўжалигидан заҳирага қайтарилган 244-рақамли контурдаги 5,0 гектар ер ҳам қайта тендер танловига қўйилган. Тендер танловида «Қўрли» қишлоқ фуқаролар йиғини Болқи қишлоғида яшовчи фуқаро Ҳайитов Аброр ғолиб чиққан. Унга туман ҳокимининг 2017 йил 10 июнь кунги №1657-Қ сонли қарорига асосан ана шу лалми ҳайдаладиган ер майдони узумчилик йўналишида фойдаланиш учун 49 йил муддатга ижарага ажратиб берилган. «Саида далалари» фермер хўжалиги мурожаатида кўрсатилган артезиан қудуқ ва ўрнатилган трансформатор ушбу 5,0 гектарда жойлашган...»

Ҳокимлик маълумотномасида «Саида далалари» фермер хўжалиги ҳозирги кунда ўзига тегишли 22,5 гектар ер майдонидан ташқари «Ҳайитов Жозил боғи» фермер ҳўжалигига қарашли 5,0 гектар ва Бўриев Тиркашга қарашли 4,2 гектар ҳамда заҳирада қолган 1,8 гектар жами 11,0 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани ҳақида ҳам сўз боради. Аммо фермер хўжалиги аъзолари бу фикрларни инкор этади. Улар бизга туман ҳокимининг бошқа бир қарорини, аниқроғи, 2017 йил 10 июндаги 1657-Қ сонли қарорини бекор қилиш ҳақидаги қарорини тақдим қилишди. Унда Самарқанд вилоят Адлия бошқармасининг 2018 йил 12 октябрдаги 13-12-663/3 сонли «Қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида»ги тақдимномасига асосан мазкур қарор бекор қилингалиги қайд этилган.

Маълумотда «Саида далалари» фермер хўжалиги билан Болқи қишлоғида яшовчи фуқаролар Бўтаев Набижон ва Норбоев Баҳриддинлар ўртасидаги низони бартараф этиш юзасидан қилинган ҳокимлик ҳаракати ҳақида ҳам айтилган. 2018 йил октябрь ойида туман ҳокими бошчилигида туманнинг бир қатор идоралари раҳбарлари мазкур масала юзасидан «Саида далалари» фермер хўжалигига боришган. Улар фермер хўжалиги раиси Бўриев Анвар ва акаси Бўриев Олимжонга Болқи қишлоғида яшовчи фуқаролар Бўтаев Набижон ва Норбоев Баҳриддинларнинг уй жойларини сақлаб қолиш ва улар эгаллаб турган 0,12 гектар ер майдони эвазига заҳирадаги 1,8 гектар майдондан қўшимча равишда ер ажратиб бериш таклифини беришган.

Маълумотнома мазмунидан англашиладики, ҳокимлик фермер ва ўзбошимчалик билан ноқонуний уй-жой қурганлар ўртасидаги низоларни бартараф этиш йўлларини ахтармоқда. Аммо фермер ҳокимлик таклифларига рози бўлмаяпти. Чунки у қонун ўз томонида деб билади. Сабаби, қўлида 22,5 гектарлик ерни 49 йил муддатга ижарага бериш тўғрисидаги туман ҳокими қарори, қолаверса, унинг ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш қилганларнинг ҳаракатларини ноқонуний деб топган суднинг ҳал қилув қарори мавжуд. Бунинг устига учинчи бир фуқаро томонидан унга тегишли йўлнинг ноқонуний эгаллаб олингани ҳам бор гап.

Яна бир эътиборли ҳолат, Бўтаев Набижон Ортиқович ва Норбоев Баҳриддин Пўлатовичларнинг ноқонуний тураржойини бузиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди 2017 йилнинг январь ойида ҳал қилув қарори чиқараяпти. Туман ҳокими эса орадан анча кеч - 2018 йилнинг октябрига келиб томонларни муросага чақириш мақсадида, бу икки фуқарога ноқонуний эгалланган ер майдонларини «ҳадя» этмоқчи бўлаяпти. Ҳокимнинг бу ҳаракатини унинг ваколати доирасида деб бўладими? Суднинг ҳал қилув қарори бажарилиши керакми ёки ҳокимнинг айтганими?

Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими ўринбосари Маъмур Йўлдошев билан учрашдик. Аммо у суд ҳал қилув қарорининг ижроси нега таъминланмаётгани ҳақида тайинли фикр айтолмади. Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Алишер Садатов эса фермер хўжалиги экин майдонидан бир, иккита эмас, саккизта уй-жой қурилгани, уларнинг олтитаси бузиб ташлангани ҳақида гапирди. «Йўл ҳам бошқалар томонидан эгаллаб олинган. Аммо фермерга йўл учун жой ташланган. Тўғри, бу ишни қонуний деб бўлмайди. Аммо кенг даштдаги бу ерда. Бўтаев Набижон ва Норбоев Баҳриддинга тегишли тураржойлар учун эса туман ҳокимининг қарори чиқарилган», деди у.

Тўғри, лекин бу қарор суд қароридан кейин чиқарилган.

«Соҳибкор» МФЙ томонидан ҳам бу низони бартараф этиш, томонларни муросага келтиришга ҳаракат қилинган. Аммо ҳокимликнинг ҳам, на маҳалланинг ҳам гапи ўтмаган. Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг бундан икки йил аввал қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш муддати ўтиб кетаётгани Мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлимини унчалик ташвишлантирмаётганга ўхшайди.

Хуллас, Иштихоннинг Болқи қишлоғидаги фермер ва унинг айрим қишлоқдошлари ўртасидаги низо ҳамон давом этмоқда. Бу вазият мураккаблашса мураккаблашяптики, асло юмшаётгани йўқ.

Бир фермер ер майдонидаги ноқонуний қурилишлар, йўлнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, ковланган артезиан қудуғи, ўрнатилган трансформатори-ю, дала шийпонининг бошқалар ерида қолиб кетиши каби масалалар нега мутасаддиларни олдинроқ ташвишлантирмади?

Энди эса бир қишлоқ одамлари ўртасидаги низо кун сайин кучайиб бормоқда. Энг ёмони, бу ерда ҳоким томонидан қабул қилинган қарор, суднинг ҳал қилув қарорига ҳам эътиборсиз қаралмоқда. Тартиб-интизом, назорат бўшашган жойда ўзбошимчаликлар бошланади. Камчилик ўз вақтида тузатилмаса, газак олиб кетади. Мана оқибат — қонунга, судга, ҳоким қарорига ҳам нописанд қаралмоқда. Қонун кучини кўрсата олмаган жойда тартибсизлик авж олади, ноинсоф одамлар бундан фойдаланишга уринади. Бундай ҳолатлар кўпайиб бораверади...

 

 Абдурасул САТТОРОВ,

журналист.

← Рўйхатга қайтиш