«Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди миллиардлаб маблағни нимага сарфлади?

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017-2021-йилларга мўлжалланган бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ долзарб масалалар белгиланган. Бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамоат фондлари ҳам фаол қатнашмоқда. «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди бу йўналишда мамлакатимиздаги етакчилардан бири ҳисобланади. Яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлигида фонднинг ўтган беш йилдаги фаолияти таҳлил этилди, сарфланган маблағлар ҳисоботи эшитилди.

 

Асрол МИРЗААҲМЕДОВ, «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди бошқаруви раиси:

— Жамоат фонди ҳисобот даврида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ўзининг ижтимоий ҳамкори сифатида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, «INSPIRED» МЧЖ, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа бир қанча давлат, жамоат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келди.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида жамоат ташкилотларининг иштироки тобора кенгайиб бормоқда. Буни фонд томонидан ҳисобот даврида олиб борилган ишлар ҳам кўрсатиб турибди. Хусусан, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишда, ижтимоий кўмакка муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлашда, соғлом турмуш тарзи ғояларини тарғиб қилишда жамоат фондимизнинг ҳам ўзига хос ўрни бор.

Фонд бир неча йўналишда маблағларни йўналтирмоқда. Мисол учун, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, муҳтожларга кўмаклашиш, уларнинг саломатликларини тиклашига ёрдам бериш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир. Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ҳисобот даврида фонд харажатлари 14.029.012.370 сўмни, хайр-эҳсон, ҳомийлик харажатлари эса 13.326.325.370 сўмни ташкил этди. Жамоат фондининг ҳисобот давридаги жами харажатларига нисбатан 94.9% ни, хўжалик харажатлари эса 5.1% ни ташкил этди.

 

Баҳодир ЮСУПАЛИЕВ, Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари:

— Бугун соғлиқни сақлаш тизими олдида турган муаммоларни ҳал қилиш, халқимизда сифатли тиббий хизматни ташкил этишда жамоат фондларининг ҳам муҳим ўрни бор. Шу боис вазирлик «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди билан доимий ҳамкорлик қилиб келади. Айниқса, фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, касалликка чалинган беморлар учун малакали шифокорлар маслаҳати ва даволаш ишларини уюштириш, ногиронларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари, тиббиёт муассасаларини тиббий анжомлар, буюмлар ва ўқув қурилмалари билан таъминлашда, чет эл клиникаларида стажировкадан ўтган маҳаллий мутахассисларнинг ўқиши билан боғлиқ сафар харажатларини қоплаш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларни озиқ-овқат, кийим-кечак ва дори-дармонлар билан таъминлаш масаласига жуда катта кўмак кўрсатишмоқда.

Ютуқлар бор, бироқ камчиликлар ҳам оз эмас. Энди фонд фаолиятига янада замонавий ёндашувларни жорий қилиш, фонд вилоят ваколатхоналари ишини тубдан такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун шароит ва имконият яратиб бериш муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, жойлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилиши, мавжуд муаммолар ечими ҳамкорликда изланиши зарур.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ, «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди васийлик кенгаши аъзоси:

— Энг муҳим йўналишлардан бири фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашдир. Бу масала фонд фаолларининг доимий эътиборида бўлиб турибди. Ҳисобот даври ва 2019 йилнинг 1 июнига қадар Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонасига, жамоат фонди бошқарувига келган мурожаатлар 529 та бўлиб, уларнинг асосий мазмуни ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар даволанишларида, жарроҳлик амалиётида ишлатиладиган материаллар, эндопротезлар, дори воситалари билан таъминлашда ҳомийлик ёрдами кўрсатилиши сўралган. Эътиборлиси, барча ариза ва мурожаатлар белгиланган муддатларда кўриб чиқилиб, ҳал этилди.

 

Қаноат АЗИЗОВ, «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди Қашқадарё вилоят ваколатхонаси раҳбари:

— Ҳисобот даврида Қашқадарё вилояти ҳудудий муассасаси Давлат дастури ҳамда ўз иш режасида белгиланган вазифаларни бажаришда аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламлари, ёлғиз кексалар, тўшакда ётиб қолган қариялар, боқувчисини йўқотган оилаларнинг ногирон фарзандлари, афғон уруши қатнашчилари, Ватанимиз чегараларини қўриқлашда вафот этган ҳарбийларнинг оилаларига кўмак бериш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўтказилган хайр-эҳсон тадбирларида 2625 нафар фуқарога 338322000 сўмлик ёрдам кўрсатилди. Аммо бу етарли эмас, ҳали қанча инсонлар бизнинг кўмагимизни кутиб турган бўлиши мумкин. Шунинг учун бу йўналишдаги ишларимизни янада ривожлантиришимиз талаб этилади.

Йиғилишда барча йўналишдаги ишлар танқидий таҳлил қилинди. Камчиликлар очиқ айтилиб, уни ечиш йўллари муҳокама қилинди. Тадбир якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Нурали ОРИПОВ

← Рўйхатга қайтиш