Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИГА ШАРҲ

11 Сен 2017

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонига

ШАРҲ

Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши давлат бошқарувининг мутлақо янги ва самарали фаолият юритувчи тизимини яратишни талаб қилади.

Шу муносабат билан мамлакатда давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаш­тириш ва модернизация қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлат органлари фаолиятининг очиқли­ги­ни таъминлаш ва давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш учун электрон порталлар ва маълумотлар база­лари яратилди.

Хусусан, рухсат берувчи ҳужжатлар ва лицензия олишни соддалаштириш учун www.license.gov.uz, «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатишни таъминлаш учун birdarcha.uz веб-сайтлари яратилди. Давлат хизматларини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш натижасида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг тартиб-таомиллари 4 мартага, рўйхатга олиш учун зарур вақт эса 30 дақи­қага қадар қисқартирилди.

Шу билан бирга, сўнгги йилда амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг объектив таҳлили, давлат бошқаруви органлари фаолияти, аҳоли билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот натижалари мавжуд муаммо ва камчиликларни тизимли ҳал этишга эҳтиёж вужудга келганлигини кўрсатди.

Бу, биринчи навбатда, қуйидаги ҳолатлар­га тааллуқлидир:

— бир қатор идораларнинг вазифалари декларатив хусусиятга эгалиги ва уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарли эмаслиги;

— фақат ҳолатларни қайд этиш ва статистикани тўплашдан иборат бўлиб қолган фаолиятни баҳолашнинг самарасиз тизими ва бу кўпчилик ҳолларда жойлардаги ишларнинг ҳаққоний ҳолатини акс эттир­майди;

— ҳудудларни ривожлантириш дастур­лари­ни шакллантириш ва аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий ҳокимият органлари ролининг пасайишига олиб келувчи давлат функцияларининг ҳаддан ташқари марказлаштирилганлиги;

— бюрократлаштириш ва юқори сарф-харажатларга олиб келаётган инновацион ривожланишнинг паст даражаси;

— хўжалик бошқаруви органлари томони­дан давлатнинг тартибга солиш ва хўжалик функциялари қўшиб олиб борилиши, соғлом рақобат муҳитининг ривожланишига тўсқин­лик қилувчи имтиёз ва преференция­ларни танлаб тақдим этиш амалиёти;

— ҳудудларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётган айрим раҳбарларда лозим даражада масъулият ва ташаббус­корликнинг мавжуд эмаслиги.

Ушбу камчиликлар иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани модернизациялаш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш бўйича давлат сиёсатини муваффақиятли амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Бу борада Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республика­сида Маъмурий ислоҳотлар концепция­си­ни тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармон 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республика­си­ни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда муҳим қадам ҳисобланади ҳамда моҳиятига кўра Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилишида янги саҳифани очиб беради.

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг 6 та асосий йўналиши белгилаб берилди.

Биринчи йўналиш ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаш­тиришга бағишланган. Мазкур соҳадаги чора-тадбирлар қуйидагиларни назарда тутади:

— ижро этувчи ҳокимият органларини ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ мезонлари ҳамда тартиб-таомилларини жорий қилиш;

— кадрлар ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда, ижро этувчи ҳокимият органларини оптималлаштириш;

— ижро этувчи ҳокимият органларининг мустақиллигини ошириш ҳамда уларнинг Вазирлар Маҳкамаси билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш;

— давлат хизматлари кўрсатиш тизимини изчил такомиллаштириш ва «Электрон ҳукумат» тизимини янада кенг жорий этиш;

— маъмурий адлияни ривожлантириш ва мурожаатларни коллегиал эшитишни жорий қилиш.

Иккинчи йўналиш ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифаларини, уларни амалга ошириш механизмлари ва жавобгарлик соҳаларини аниқлаштиришни назарда тутади. Шу муносабат билан қуйидаги масалалар бўйича чора-тадбирлар кўрилади:

— ривожланиш дастурларини шакллан­тиришда ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг ташаббускорлиги ва ролини ошириш;

— мақсадли индикаторларга эришишга асосланган, барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг принципиал янги тизимини жорий қилиш;

— халқаро амалиётда муваффақиятли қўлланилаётган, шу жумладан, сифат менежменти, индикатив режалаштириш, аутсорсинг, краудсорсинг каби ишни ташкил этишнинг замонавий услубларидан фойда­ланиш;

— ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишда жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликнинг замонавий шаклларини жорий этиш.

Учинчи йўналиш иқтисодиёт тармоқла­ри­га маъмурий таъсирни қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш ҳисобланади. Ушбу йўналишда қуйидагилар режалаштирилмоқда:

— хусусий сектор самарали фаолият кўрсатаётган соҳаларда давлат иштирокидаги тижорат ташкилотларини тузишни чеклаш ва амалдаги давлат корхоналарини қайта ташкил этиш;

— иқтисодий фаолиятда давлат иштиро­кининг аниқ бозор механизмларини ишлаб чиқиш;

— ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш;

— айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш.

Тўртинчи йўналишда, жумладан, қуйидагилар орқали вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмларини такомил­лаш­тириш назарда тутилган:

— давлат бошқарувини босқичма-босқич номарказлаштириш;

— маҳаллий давлат ҳокимияти органлари­нинг молиявий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг роли ва жавобгар­лигини ошириш;

— ҳудудий органларнинг раҳбар кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кучайтириш.

Бешинчи йўналиш давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштиришнинг замонавий шакллари, инновацион ғоялар, ишланма ва технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган. Мазкур чора-тадбирлар қаторида қуйидаги­ларни таъкидлаш лозим:

— давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва сод­далаш­ти­ришни таъминлайдиган давлат бошқарувининг инновацион шаклларини жорий этиш;

— инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқишга инвестицияларни фаол жалб этиш;

— замонавий илмий-тадқиқот ва инновацион ютуқларни муваффақиятли жорий қилиш учун зарур бўлган ривожланган инфратузилмани яратиш;

— табиатни муҳофаза қилиш, ресурс ва энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш.

Ва ниҳоят, сўнгги олтинчи йўналишда профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ўрнатиш белгиланган. Уларга эришиш учун қуйидагилар режалаш­тирилган:

— давлат хизматининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги механизм­ларини жорий этиш;

— давлат хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминотининг замона­вий тизимини киритиш орқали уларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш.

Бундан ташқари, Фармон билан Ўзбекис­тон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси нормаларини амалий рўёбга чиқариш бўйича 40 дан ортиқ аниқ тадбирларни назарда тутувчи «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия ҳамда давлат бошқаруви тизимини танқидий ўрганиш ва уни тубдан ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Комиссия ишчи гуруҳлар томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойи­ҳа­лари сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этади, шунингдек, Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва «Йўл харитаси»нинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан қатъий назорат олиб боради.

Шу билан бир қаторда, Комиссияга давлат бошқаруви тизимини танқидий ўрганиш ва уни тубдан ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш жадвалини тасдиқлаш вазифалари юклатилди, унга асосан 100 дан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш режалаштирилди.

Маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилиши қуйидаги натижаларга эришишга қаратилган.

1. Кутилаётган ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга, ижти­моий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожла­нишнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал этишга қодир бўлган, инновацион ривожланишнинг умум­жаҳон тенденцияларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизимини яратиш, шу жумладан, қуйидагилар орқали яратиш:

— ортиқча ва ўзига хос бўлмаган вазифа, функция ва ваколатларни бартараф этиш, такрорлаш ва параллелизмни тугатиш ҳисобига давлат бошқаруви тизимини оптималлаштириш ҳамда номарказлаш­тириш;

— давлат бошқарувини бюрократиядан холи қилиш ва унинг сарф-харажатларини пасайтириш, бошқарув қарорлари қабул қилиш тизимининг фаолият самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш;

— стратегик режалаштириш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар тизимини жорий этиш;

— иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ҳамда бошқарувнинг соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва аҳолининг ишчанлик фаоллигини оширишга қаратилган бозор механизмларини кенгайтириш;

— жамоатчилик ва парламент назорати­нинг, энг аввало, коррупция кўринишлари­нинг олдини олишга қаратилган самарали шаклларини жорий этиш.

2. Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини яратиш, уларнинг фаровонлигини ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидан қаноатлан­ганлик даражасини янада ошириш, шу жумладан, қуйидагилар орқали янада ошириш:

— давлат органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан ҳуқуқий муносабатларини аниқ тартибга солишга қаратилган маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаш­тириш;

— ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари ва ҳаракатлари устидан шикоят қилиш тартибини такомиллаштиришни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат­ларини коллегиал эшитиш механизмларини жорий этишни назарда тутувчи маъмурий адлия тизимини ривожлантириш;

— «Электрон ҳукумат» тизимини такомил­лаштириш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш;

— жамиятда қонун устуворлигини таъмин­лаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкам­лаш.

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, сўзсиз, инновацион ривожланишнинг замона­вий тенденциялари ва жаҳон стандартларини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви тизимини модернизация қилишга янги куч бағишлайди.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республика­сида маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилиши«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак»,деган улуғвор ғояни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилади.

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил