Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ҚЎШМА КОМИССИЯ ЙИҒИЛИШИ

13 Фев 2018

Тошкентда Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон — Афғонистон қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг 2017 йил 4-6 декабрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон — Афғонистон қўшма комиссия­сини тузиш ҳақида келишувга эришилган эди.

Йиғилишда Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, қурол савдоси ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштириш ва уюшган трансмиллий жиноятчиликнинг бошқа шакл­ларига барҳам бериш масалаларидаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Хавфсизликни таъминлаш, қўшма тараққиёт ва инфратузилма лойиҳалари, жумладан, Мозори Шариф — Ҳирот темир йўли ҳамда Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш линияси қурилишини амалга ошириш, шунингдек, Кобул ва Мозори ­Шариф шаҳарларидаги ишлаб чиқариш корхоналари, марказлари, савдо уйлари хавфсиз фаолиятини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Тадбирда Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги кўп қиррали ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг ижобий динамикаси қайд этилди. Транзит-транспорт, инфратузилма, савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика ва бошқа муҳим соҳаларда қўшма лойи­ҳаларни амалга оширишдаги нафақат икки томонлама, балки кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.

— Икки давлат раҳбарларининг 2017 йил декабрь ойи­даги учрашуви мамлакатларимиз ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини берди, — деди Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳаниф Атмар. — Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон — Афғонистон қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши якунлари бўйича эришилган натижалар эса Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида келгусида стратегик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон — Афғонистон қўшма комиссиясининг илк йиғилиши якунлари бўйича тегишли протокол имзоланди.

 

ЎзА