“Мен Ўзбекистон Халқ демократик партиясини танладим”

Сапура КАЙПНАЗАРОВА, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, ЎзХДП аъзоси:

— Мен Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманининг энг чекка қишлоғида яшайман. Ушбу ҳудудда яшаш учун инсонда ватанига, тупроғига ва яқинларига меҳри бўлакча бўлиши керак. Шундагини бу ерга меҳр қўйиб, бахтли яшаш мумкин.

Мен ҳам Мўйноқимни жуда қадрлайман, бу ерларда яшовчи инсонларга ҳурматим ва ишончим ўзгача. Қишлоқдошларимга спорт билан шуғулланишим ва келажакда ватанимнинг шаъни ва довруғини дунё миқёсида ҳимоя қилишим ҳақида кўп гапирардим. Яқинларим, қўни-қўшниларим, устоз ва мураббийларимнинг қўллаб-қувватлаши, кўмаги ва албатта ишончи мени илҳомлантириб, янги марраларга чорлар эди. Спортнинг каратэ тури билан мунтазам шуғулландим. Дастлаб туман мусобоқалари, сўнгра республика ўйинларида иштирок этдим. Дастлаб натижаларим сал пастроқ бўлсада, ичимдаги ишонч ва дилимдаги мақсадларим ўз устимда янада кўпроқ ишлашимга куч берди, яқинларим мени доимо олқишлаб турди. Қарабсизки, марраларни босқичма-босқич забт эта бошладим. 2016 йилда Қорақалпоқ давлат университети жисмоний тарбия ва спорт факульетитига ўқишга кирдим.

2018 йилда Ўзбекитон ХДП томонидан ўтказиладиган уч босқичли “Ёш сиёсатчи” кўрик-танловида иштирок этдим. Билим ва маҳоратларимни тобладим, мамлакатимизнинг фаол ёшлари билан танишдим, фикр алмашдим. Танловнинг республика босқичида “Энг фаол ёш сиёсатчи” йўналиши бўйича тақдирландим. Зафар ва омад пиллапояларидан бирин-кетин одимлай бошладим. "Зулфия" номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлдим.

Мамлакатимизда бўлаётган янгиланиш жараёнини мунтазам кузатиб бораман. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлардан хабардор бўлишга интиламан. Ўзгаришларнинг туб моҳиятини англаш, мақсадини тушунишга ҳаракат қиламан. Келгусида ана шу жараёнларда фаол иштирок этишга қарор қилганман. Ана шу мақсад мени сиёсий партия аъзоси бўлишга ундади.

Қайси сиёсий партияга аъзо бўлсам экан деб, кўп ўйладим. Уларнинг фаолиятини кузатдим, тадбирларида иштирок этдим. Узоқ вақт кузатувлардан сўнг, фикрларим ғояларига мослиги сабабли Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо бўлдим. Партиянинг аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган кишилар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган амалий тадбирлари менга маъқул келди. Айниқса, жойларда ташкил этилаётган очиқ мулоқотлар, партия фаолларининг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда одамларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал этишда ташаббус кўрсатишаётгани ЎзХДПга ишончимни, меҳримни янада оширди.

Яқинда бир тадбирда ўзим аъзо бўлган партиямнинг жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар муносабати билан ишлаб чиқилган янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасида иштирок этдик. У билан танишар эканман, орзуларимга эришиш ишончи янада мустаҳкамланди. Жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтириш бўйича муҳим вазифалар, ғоялар илгари сурилмоқда. Бу партиямизга бўлган интилишимни янада оширди.

Энди мен бор кучим, билимим ва салоҳиятим билан ўзим ишонган ва аъзоси бўлган партиянинг дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш учун ҳаракат қиламан. Чунки мен энди оддий фуқаро эмасман, мамлакатимиздаги йирик сиёсий партия аъзосиман.

← Рўйхатга қайтиш