АҲОЛИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТДА

20 дан ортиқ масала ижобий ҳал қилинди

Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши Термиз шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Маданият ва истироҳат боғида «Аҳоли билан мулоқот: муаммо, ечим ва самара» мавзусида очиқ мулоқот ташкил қилди. Мутасаддилар, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда асосий диққат-эътибор аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишга қаратилди.

— Учрашувни ташкил қилингани айни муддао бўлди, — дейди «Байналмилал» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акрам Раҳмонов. —Ҳудудимизда 4 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, икки кун электр энергияси таъминотида узилиш бўлганди. Кўпчиликни қийнаган масала қисқа фурсатда ечим топганидан хурсандмиз.

— Мен ҳам «Байналмилал» маҳалласида яшайман, — деди Анора Номозова. — Сув қувури ёрилганидан азият чекаётгандик. Муаммо юзасидан бир неча марта мутасаддиларга мурожаат қилдик. Афсуски, фойдаси бўлмаяпти.

— Қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани учун ҳақиқатан ҳам узилишлар бўлди, — дейди Термиз шаҳар «Сувоқова» унитар корхонаси бош муҳандиси Атҳам Жўраев. — Бир ҳафта ичида қувурлар тўлиқ таъмирланади ҳамда аҳоли ичимлик сувидан баҳраманд бўла бошлайди.

Тадбир давомида шу каби 30 га яқин мурожаат қабул қилинди, уларнинг асосий қисмига жойида ечим топилди. Учрашув якунида ижтимоий ҳимояга муҳтож бир гуруҳ электоратимиз вакилларига қўлтиқтаёқ, ногиронлик аравачалари ҳамда вилоят партия кенгашининг совғалари топширилди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

журналист.

← Рўйхатга қайтиш