Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2019 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси иши давом эттирилди.

Мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Сенаторлар ишни «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги механизмлари жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини муҳокама қилишдан бошладилар.

Қайд этилишича, Бюджет кодексига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги конституциявий қонунларга, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда. Шундай механизм жорий этилмоқдаки, унга кўра Олий Мажлис палаталари харажатлар сметалари уларнинг девонлари томонидан бюджет қўмиталари билан биргаликда парламентлараро ва халқаро ҳамкорликка доир харажатлар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

Сенаторлар таъкидлашича, ушбу қонун қабул қилиниши ҳокимиятнинг олий қонун чиқарувчи органи молиявий мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг Сенат аъзолари «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Қонун Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан ва унинг нормаларини сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари билан бирхиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилди. Тегишли ўзгартишлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, конституциявий қонунларга, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига киритилмоқда.

Жумладан, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни норма билан тўлдирилиб, унга кўра фуқаролар йиғини халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари номзодлари бўйича тавсиялар тақдим этади, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиш учун участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тақдим этади, шунингдек, сайлов комиссиясига ўз кузатувчиларини юборади.

Қонунчилик палатасида Экологик ҳаракат вакиллари учун депутатлар ўринларини квоталаш институти бекор қилиниши муносабати билан «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунидан келиб чиқадиган нормаларни амалга ошириш мақсадида «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги», «Ўрмон тўғрисида»ги, «Радиациявий хавфсизлик тўғрисида»ги, «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги қонунларга жамоатчилик назорати субъектлари киритилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 22 августдаги қарорига кўра Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Шунга мувофиқ бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирок этиш имконияти, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари маҳаллий бюджетларнинг параметрларини ҳамда уларнинг ижроси ҳақидаги ҳисоботларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан кўриб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнининг оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминлайди.

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги прогноз йил учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари ҳамда келгуси икки йилга оид бюджет мўлжаллари, шунингдек, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига юборилишидан олдин уларнинг жамоатчилик муҳокамасини таъминлайди.

Бундан ташқари, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритилмоқда. Унга кўра, бюджетдан ажратиладиган маблағлардан, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан фойдаланилиши, ўтказилган танловлар (тендерлар) ва олинган товарларнинг етказиб берилиши тўғрисида вазирликлар, идоралар, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бошқа бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириладиган тегишли ахборот ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига киради.

Қонун қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағларидан самарали фойдаланишга хизмат қилиши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин парламент аъзолари «Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Қайд этилишича, қонуннинг мақсади хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдир.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг 12 та қонунига ҳамда 3 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг терроризмга қарши курашиш, тезкор-қидирув фаолияти, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ваколатлари назарда тутилади.

Ҳарбий тайёргарлик тизимини янада такомиллаштириш мақсадида «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Жумладан, Муддатли ҳарбий хизматни офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар учун ва муддатли ҳарбий хизматни оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркиби лавозимларида ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун муддатли ҳарбий хизматни ўташнинг ягона муддати белгиланган.

Чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасаларида эмас, балки Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказларида амалга оширилишини назарда тутадиган норма киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра «Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Солиқ кодексига, шунингдек, Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилганлик, бузганлик ёки уларга шикаст етказганлик, нафақат кўп миқдорда зарар етказган ҳуқуқбузарликни қасддан содир этганлик, балки кўп ва анча миқдорда зарар етказган ҳуқуқбузарликни эҳтиётсизлик туфайли содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан, ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қурганлик ёки бузганлик, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик, ҳуқуқбузарликларни нафақат қасддан содир этганлик, балки эҳтиётсизлик туфайли содир этганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси нормалар билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари тегишли равишда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб қилинган даъволар ҳамда берилган аризалар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда, даъволар ва аризалар бўйича иқтисодий ҳамда маъмурий судларда давлат божи тўлашдан озод этилади.

Сенаторлар ушбу қонун қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ва Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларни, уларнинг ноёблигини, жаҳон маданияти ва тарихига қўшган бебаҳо ҳиссасини сақлашга, шунингдек, бўлажак авлодни тарбиялашга хизмат қилишига алоҳида урғу бердилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин парламент аъзолари «Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 12 та қонунига ва 1 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилганлиги таъкидланди.

Жумладан, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари лавозими бекор қилиниши ва жамоат тартибини сақлаш бўйича профилактика (катта) инспектори ёрдамчиси лавозими жорий этилиши муносабати билан «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ва «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига судьяларнинг чинакам мустақиллигини, судьялик корпусини шакллантириш ва номзоднинг шахси тўғрисида ишончли маълумотлар тўплаш масаласида очиқ-ошкораликни таъминлашнинг қўшимча механизмлари жорий этилмоқда. Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қоида киритилмоқда, унга кўра захирага киритилган судьялик лавозимига номзод Судьялар олий мактабида ўқишни муваффақиятли тамомлаганидан кейин бўш судьялик лавозимларини тўлдириш учун танловда иштирок этиш тўғрисида бевосита Кенгашга ариза бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Судьялар хатоларининг олдини олиш, судьялар корпуси етарли амалий ва ҳаётий тажрибага эга юқори малакали юристлар орасидан шаклланишини таъминлаш мақсадида «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига судьялар учун ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган ёш цензини назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Юқори палата аъзолари «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартишлар киритилиб, уларда нафақат руҳий касалликлар шифохонасида, балки турар жойидаги руҳий-асаб касалликлари диспансерида (туман (шаҳар) психиатрининг хонасида), яшаш жойидаги умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасининг умумий кузатиладиган бўлимида, умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасининг махсус реабилитация бўлимида тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.

Қайд этилишича, қонун қабул қилиниши руҳий ҳолати ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда бузилган шахсларга нисбатан суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашга, бир вақтда уларни жазолаш имкониятини яратишга, психиатрия ёрдами кўрсатишнинг амалдаги тизими имкониятларидан тўлиқ ва оқилона фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратишга, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг судлар, прокуратура органлари, адвокатлар ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиладиган шахслар билан ўзаро муносабатларини тартибга солишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра парламент аъзолари томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонунига ва 5 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, пенсия ёшига етган судланганлар ва ногиронлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига ва «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Уларда бевосита манзил-колония жойлашган ердаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ариза бериш орқали манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш, бундай шахсларга пенсия тўловини манзил-колония жойлашган ердаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиш орқали тўлаш назарда тутилмоқда.

Айбланувчи, судланувчи суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, уни бундан кейинги жиноий фаолиятининг олдини олиш, ҳукмнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига «Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш» деб номланган янги боб киритилган. Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш фақат давлатлараро ёки халқаро қидирув эълон қилинган айбланувчига ёки судланувчи шахсга нисбатан қўлланилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузганлик, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаганлик, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаганлик, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, бўш иш ўринларини яширганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгиловчи норма киритилганлиги муҳимлиги қайд этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қатор қонунларни маъқулладилар. «Халқаро меҳнат ташкилотининг саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-сонли Конвенциясини (Женева, 1947 йил 11 июль) ратификация қилиш ҳақида»ги, «Халқаро меҳнат ташкилотининг қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-сонли Конвенциясини (Женева, 1969 йил 25 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўғрисида»ги, «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияга (Кишинев, 2002 йил 7 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўғрисида»ги, «Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилотини таъсис этиш тўғрисидаги Битимни (Париж, 2001 йил 3 апрель) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Шундан сўнг парламент аъзолари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.

Муҳокама чоғида ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни таъминлаш жамият ҳаётининг алоҳида аҳамиятга эга бўлган соҳаси эканлиги қайд этилди. Айнан шу сабабли сўнгги йилларда мамлакатимизда жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг мутлақо янги механизмларини яратишга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши билан бу борадаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Унинг асосида ҳудудларни бириктирган ҳолда жамият хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш Бош прокурор, ички ишлар вазири ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони зиммасига юклатилди.

Бу мазкур йўналишда сезиларли натижаларга эришиш имконини берди. Жумладан, жорий йилнинг олти ойи натижалари бўйича жиноятлар умумий сони 32,1 фоизга камайди, жиноят-қидирув йўналишида эса уларнинг сони 41,7 фоизга камайди. Республикадаги 9093 та маҳалланинг 5747 тасида ёки 63 фоизида бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Ички ишлар органлари, шу жумладан, профилактика хизмати тизими тубдан ислоҳ этилиши, бу соҳадаги фаолиятни мунтазам мувофиқлаштиришнинг йўлга қўйилиши, энг асосийси, жамоатчилик ва фуқаролар фаол иштирокининг таъминланиши бундай ютуққа эришишда муҳим омил бўлганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, жиноят статистикаси таҳлили қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятларни камайтириш ва барвақт олдини олиш учун ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммолар борлигини кўрсатмоқда.

Жумладан, ҳуқуқбузарликлар умумий таркибида оғир ва ўта оғир жиноятлар улуши ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 2,7 фоизга кўпайди. Сурхондарё вилоятида қайд этилган жиноятларнинг 38 фоизи, Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида қайд этилган жиноятларнинг 30 фоизи, Навоий, Наманган ва Жиззах вилоятларида қайд этилган жиноятларнинг 25 фоизи жиноятларнинг айнан шундай тоифасига киради.

Шу муносабат билан сўзга чиққанлар қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ички ишлар органлари фаолиятини янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Муҳокама этилган масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.

Мамлакатимизнинг ташқи сиёсий идораси ўз фаолиятида асосий эътиборни Ташқи сиёсий фаолият концепциясида ҳамда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга қаратаётганлиги таъкидланди.

Ташқи ишлар вазирлигига юкланган вазифаларни ҳал этишда халқаро, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтиришга урғу берилганлиги қайд этилди. Жумладан, парламент билан яқин ҳамкорлик доирасида юқори даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишга оид «йўл хариталари"ни ижро этиш юзасидан эшитувларни тинглаш амалиёти йўлга қўйилди.

Мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ҳажмини ва хорижий туристлар оқимини ошириш Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган яна бир муҳим вазифа ҳисобланади. Уни рўёбга чиқариш мақсадида мамлакатимизнинг барча дипломатик ваколатхоналари мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш, унинг ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган иш олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга ошириш кўзда тутилган 5 миллиард 250 миллион долларлик 250 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги таъкидланди. Бундан ташқари, ҳукуматлараро комиссияларнинг 800 дан ортиқ инвестиция бизнес-форуми ва мажлиси ўтказилди. Салоҳиятли хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонга 1600 дан ортиқ ташрифи ва мамлакатимиз иқтисодий идораларининг хорижга қарийб 700 та ташрифи ташкил этилди.

Бундан ташқари, виза режимини янада эркинлаштириш мақсадида 2019 йил 5 январда Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. 45 та давлат фуқароларига 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди, фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхати 77 тага оширилди, қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визалар тоифалари жорий этилди («Vatandosh», «Student visa», «Academic visa», «Medical visa» ва «Piligrim visa») ҳамда хорижий мамлакатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида кўчмас мулкни сотиб олган тақдирда яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи тақдим этилди. Жорий йилнинг май ойида фуқаролари учун туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби татбиқ этиладиган мамлакатлар сони 77 тага етди.

Илк бор Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари бош вазирлари ўринбосарлари иштирокида минтақавий иқтисодий форум ўтказилди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон идоралари ва ишбилармон доираларининг 200 дан зиёд вакили қатнашди. Бу тадбир давлат ташқи сиёсатида асосий устувор минтақа ҳисобланган Марказий Осиёда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналарига республиканинг муайян ҳудудлари бириктирилганлиги Наманган вилояти мисолида яна бир бор ўзининг самарадорлигини кўрсатди. Жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги 18 та элчихонаси томонидан ҳозирги вақтда Наманган вилояти ҳокимлиги билан яқин ҳамкорликда 1,67 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шундан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 122,7 миллион доллар ўзлаштирилди.

Шунга қарамай, ягона ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий сиёсат олиб боришда Ташқи ишлар вазирлигининг мувофиқлаштирувчи ролини инобатга олиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик ҳамкорлик масалалари бўйича хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ва идоралараро мувофиқлаштириш ҳанузгача тизимли ва самарали йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди. Яқин ва ўртача истиқболда ўзида натижадор чора-тадбирларни мужассамлаштирган комплекс идоралараро режа ишлаб чиқиш масаласи ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда.

Мажлисда мамлакатнинг ташқи сиёсий идораси фаолиятини янада такомиллаштириш, халқаро, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан вазирликка юклатилган вазифаларни бажариш юзасидан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра сенаторлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг туризмни ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.

Сўзга чиққанлар кейинги йилларда Ўзбекистонда туризм индустриясини ривожлантириш, шу жумладан, имкон қадар қулайлик яратиш, тармоқнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорида миллий туристик маҳсулотни фаол танитиб бориш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрилганлигини қайд этдилар.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган мисли кўрилмаган чора-тадбирлар туризмни ривожлантиришнинг қонунчилик ва институционал асосларини такомиллаштиришга кучли туртки берди. Мисол учун, охирги икки йилда 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, уларнинг 13 таси жорий йилнинг 8 ойи давомида қабул қилинди. Асосий мақсад – туризм индустриясини Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг драйверларидан бирига айлантириш, қишлоқ жойларда, тоғли ҳудудларда ва олис туманларда аҳоли бандлигини ошириш ва янги даромад манбаларини яратишдир.

Тизимли ишлар туфайли туристлар оқимини ошириш, инфратузилмани модернизациялаш, виза режимини эркинлаштириш борасида сезиларли натижаларга эришишга муваффақ бўлинди. Масалан, энг либерал виза режимлари рейтингида Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ярим йиллик якунлари бўйича мамлакатимизда бўлган хорижлик туристлар сони 3 миллиондан ортиқ кишини ташкил этди, бу эса 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга кўпдир.

Туристик хизматлар экспорти ҳам ошмоқда. Бундай хизматлар ҳажми 2018 йилда 1 миллиард 40 миллион долларга етди. 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 590,5 миллион долларни ташкил этди. Бундай тенденция ва миқдорий натижалар ҳам туризм инфратузилмаси объектлари ривожига таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, хорижий туристлар мамлакатимизда узоқроқ вақтга қолаётганлиги туфайли уларни жойлаштириш билан боғлиқ масалалар кўпайди, бу эса туризм инфратузилмаси объектларидаги бандликка ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, бу соҳада ҳам қатор муаммолар мавжуд. Масалан, бир қатор алоқадор вазирликлар ва идораларда туризмни ривожлантириш масалалари фақат Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси масъулият доирасига киради, деган янглиш тасаввур пайдо бўлганлиги таъкидланди. Шу сабабли идоралараро мувофиқлаштириш заиф эканлиги маълум қилинмоқда. Бу қоидалари давлатнинг туризм соҳасидаги сиёсатига кўпинча мос келмайдиган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилаётганлиги ва қабул қилинаётганлигида акс этмоқда.

Алоқадор вазирлик ва идоралар мамлакатимиз туризми салоҳиятини оширишда фаоллик кўрсатмаётгани қайд этилди. Мисол учун, шу нуқтаи назардан Маданият вазирлиги узоқ вақт мобайнида Ўзбекистон музей ва театрларининг туристлар учун жалб этувчанлигини ошира олмаганлиги, музей фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий эта олмаганлигини айтиш мумкин.

Транспорт инфратузилмасидан фойдаланиш имконияти ва унинг қулайлиги ҳали ҳам ҳал этилмай қолмоқда. Авиачипталарга нарх қўйиш, темир йўл транспорти хизматлари нархи ва сифати ўртасидаги фарқ, ички автотранспорт йўналишлари тармоғининг ривожланмаганлиги кўплаб саволлар туғдирмоқда. Темир йўл, авиа ва автотранспорт чипталарини онлайн бронлаш тизими ҳозирги кунга қадар жорий этилмаган. Бу омиллар ички ва ташқи туризм ривожига жиддий тўсқинлик қилаётир.

Шу муносабат билан сенаторлар туризм соҳасида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш бўйича қатор таклифлар билдирдилар. Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенаторлар томонидан Хоразм вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ҳам эшитилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2018 йилларда Хоразм вилоятига ташрифи чоғида белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш борасида мақсадли вазифалар амалга оширилмоқда.

2019 йилнинг январь-июнь ойларида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,9 миллиард сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 106,5 фоизга ўсди. Ушбу давр мобайнида вилоятда 96,5 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилди ва бу режага нисбатан 220,7 фоизни ташкил этади. Вилоятда ижтимоий-иқтисодий ўсиш дастури доирасида 2019 йилда умумий қиймати 3727,7 миллиард сўмлик 946 та лойиҳани амалга ошириш ва унинг ҳисобига 11645 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Ҳисобот даврида 714,8 миллиард сўмлик 412 та лойиҳа амалга оширилган ҳамда 3178 та иш ўрни ташкил этилган.

Хусусан, жорий йилнинг 1 июлида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 35901 тани ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3346 нафарга ошди. Бироқ уларнинг 3422 нафари у ёки бу тўсиқларга учрагани сабабли ўз фаолиятини тўхтатиб қўйди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вилоят шаҳарларида, туман марказларида йиллар давомида сақланаб қолаётган коммунал соҳага оид муаммоларни ҳал этишга комплекс ёндашмаётганлиги аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлди.

Жумладан, Хоразм вилояти намунасида ичимлик суви тизимининг сув тақсимлаш иншоотларидан кейинги аҳоли пунктларига сув тарқатиш қисми бошқарувини инвестиция киритиш шарти билан 2019 йилдан бошлаб давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тадбиркорларга беришни йўлга қўйиш вазифаси ҳам тўла ижро этилмаган. Натижада вилоят аҳолисининг 56,5 фоизигина ичимлик суви билан таъминланган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида ва доимий комиссиялар мажлисларида турли даражадаги масъул раҳбар ходимларнинг 624 та ҳисоботи эшитилди. Бундай амалиёт ҳар бир ташкилот ёки идора иши натижасига бўлган масъулият янада ошишига сабаб бўлади.

Шу билан бир қаторда сенаторларнинг таъкидлашича, Хоразм вилоятида ҳудудларни ривожлантириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолият самарадорлигини оширишга салбий таъсир этаётган қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд. Бунда мавжуд салоҳиятдан тўлиқ равишда фойдаланилмаяпти.

Муҳокама якуни бўйича ҳудудларни ривожлантириш масалаларини ҳал этиш юзасидан вазирлик ва идоралар, шунингдек, ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини оширишга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг парламент аъзолари Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқдилар.

Сенаторлар бўш турган, қурилиши тугалланмаган объектлардан ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш борасида қонун ҳужжатларини ижро этиш ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича парламент сўрови юборилишини қўллаб-қувватладилар.

Шунингдек, сенаторлар боғдорчилик-узумчилик ширкатлари ҳолати ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор ҳам қабул қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан ўз ваколатларига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 26 та масала, шу жумладан, 16 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш