Онлайн дарснинг талабага фойдаси кўпроқ

 

Ижтимоий тармоқларда онлайн дарслар орқали етарли билим олиш имкониятининг пастлиги, ўқувчи ва талабаларни синф ва аудиторияларга қайтариб, дарсларни ўтиш кераклиги тўғрисида турли фикрлар билдирилмоқда.
 
Бизнинг фикримизча, ўқувчи ва талабаларни синф ва аудиторияга қайтаришга шошилмаслигимиз керак, чунки бу ҳол вирус билан касалланиш ҳолатларини кўпайтириши мумкин. Биз ҳали бунга тайёр эмасмиз, чунки касалланиш кўрсаткичлари, юқтириш манбалари ҳали ҳам юқори. Биз фуқароларимизда вирусдан ҳимояланиш бўйича қоидаларга сўзсиз риоя қилиш кўникмасини ҳали тўлиқ шакллантира олмадик. Бу жараёнда биз, педагоглар зиммасига ҳам катта масъулият юкланади.
 
Онлайн дарслар бутун дунёда энг илғор, шаффоф усул ҳисобланади ва кенг қўлланилади. Унинг сифати бўйича шуни айтиш лозимки, соҳасини мукаммал билувчи ўқитувчи қайси турдаги дарс бўлишидан қатьий назар шу соҳадаги ўқув материалини тўлиқ баён қилиб, ўқувчи онгига етказа олади. Кўп ҳолларда гап ўқувчининг ўша билимни ўзлаштиришга бўлган хоҳиши даражасига боғлиқ.
 
Бу каби дарслар баъзилар ўйлагандек осон эмас. У ўқитувчидан жуда кўп ишлашни, янги усулларда дарсни ўқувчига етказиш, топшириқлар тайёрлаш, унинг ўзлаштиришини талаб қилади. Ўқитувчи ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишлайди ва унга жуда кўп вақтини сарфлайди. Ўқувчи одатда ўқитувчи билан дарс ёки маслаҳат соатида мулоқотда бўлади. Онлайн дарс ўқувчига доимий ва узвий равишда ўқитувчи билан мулоқот ва алоқада бўлиш имконини беради. Ўқитувчи ҳар куни ўқувчи ёки талаба фаолиятини баҳолаб боради. Ўқитувчи онлайн маъруза, дарс ва топшириқ, адабиётларни тайёрлайди, уларни ўқувчига етказади, шу орқали ўқувчи фаолиятини доимий мониторинг қилиб боради.
 
Онлайн дарслар ўқувчилар учун қулай. Ўқувчи ёки талаба уйида ўтириб дарсларда қатнашади. Талабанинг яшаши, йўл ҳақи, овқатланиши ва бошқалар билан боғлиқ харажатларига кетадиган маблағи тежалади. Агар ўқувчи берилган топшириқларни ўз вақтида бажарса, фанни аудиториядагидан кўра чуқур ўзлаштириши, талаба мутахассислиги ёки бошқа соҳада ўз фаолиятини юритиши, ота-онасига ёрдам бериш имкони кенгаяди.
 
Онлайн дарслар ривожланган давлатлар амалиётида кенг қўлланилади ва у жуда самарали усул. Чунки у ўқувчи ёки талабанинг мустақиллиги, қарор қабул қила олиш, ўз устида ишлаш, ғоявий фикрлаш, вақтдан унумли фойдаланиш ва режалаштиришни ўргатади. Дарсдан ташқари бирон бир фаолият билан шуғулланиш ҳам мумкин.
 
Яна бир муҳим масала – бу таълимда коррупция ва таниш-билишлик, ғирром йўл билан баҳо олиш жараёнларини чеклашга ёрдам беради.
 
Умуман олганда, онлайн дарс ўқитувчи ва ўқувчидан кўп ишлашни талаб қилиши билан бирга, у жуда кўп ижобий жиҳатларга эга замонавий, масофавий таълим жараёнидир. Биз онлайн дарслар орқали хорижий давлатлардагидек ёшларимизни кўпроқ мустақил ишлаш, мушоҳада қилиш, қарор қабул қилиш, янги ғояларни шакллантиришга ўргатишимиз мумкин. Албатта, бу соҳада камчиликлар ҳам бор. Масалан, дарс жараёнини самарали ташкил этиш учун барча ҳудудларда доимий электр энергия ва интернет тармоғи талаб даражада ишлаб туриши каби. Аммо бугунги шароитда бор имкониятдан фойдаланиш ҳам билим олишни давом эттириш имконини беради. Иккинчи энг муҳим жиҳат – бу ёшларимизда ўқишга, фанларни ўзлаштиришга бўлган хоҳишнинг мавжудлиги. Масофавий таълим, онлайн дарслар таълим муассасасига бориб гўёки “ўқиётган” баъзи ёшларни мустақил равишда топшириқларни бажариб, билим учун баҳо олишга даъват қилади. Бу эса келажакда билимли, ўз фикрини эркин баён қила оладиган, таҳлил қилиб хулоса шакллантира оладиган кадрлар шаклланишига олиб келади.
 
 
 
Шарбат Абдуллаева,
Тошкент молия институти профессори, иқтисодиёт фанлари доктори,
ЎзХДП Фахрийлар кенгаши ишчи гуруҳ раиси.
 

 

← Рўйхатга қайтиш