Улуғбек Иноятов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Рустам Эмомали билан учрашди

 

Душанбе шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов бошчилигидаги мамлакатимиз парламент делегацияси 21 сентябрь куни Тожикистон Республикаси Мажлиси милли Мажлиси Оли раиси Рустам Эмомали билан учрашди.
 
Суҳбат бошида Р.Эмомали 2019 йили Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи ва музокараларда эришилган ижобий натижаларни илиқ хотирлаб, давлатимиз раҳбарининг оталарча меҳр кўрсатган қабулидан ҳозиргача чуқур таассуротда эканини билдирди.
 
Мажлиси милли Мажлиси Оли раиси мамлакатларимиз ва биродар халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётгани учун Президент Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик изҳор этди.
 
Унинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш йўлида конструктив ғоя ва ташаббусларни илгари сургани натижасида бугунги кунда минтақамизда буткул янги – ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳити ўрнатилди.
 
Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларида эришилган барча ижобий кўрсаткичлар икки мамлакат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси, бир-бирига юксак ишончи ва устувор йўналишлар бўйича стратегик қарашлари самарасидир.
 
Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги самимий дўстона муносабатлар бошқа давлатлар учун ўзаро самарали ҳамкорликнинг намунавий модели бўлиб хизмат қилиши мумкин.
 
Тожикистон халқи ва раҳбарияти Шавкат Мирзиёевнинг икки томонлама муносабатларга доир барча масалаларни ўзаро манфаатларга ҳурмат билан ёндашган ҳолда, конструктив шаклда ечиш бўйича ташаббуслари ва амалга оширган саъй-ҳаракатларини юксак қадрлайди.
 
Рустам Эмомали, шунингдек, Тожикистон дўст Ўзбекистонга муҳим стратегик шерик сифатида қарашини ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳаларида икки томонлама асосда ва минтақа миқёсида ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
 
Учрашувда томонлар кўплаб соҳаларда, хусусан, икки мамлакат парламентлари йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратди. Чунончи, биринчи навбатда дўстлик гуруҳлари ва парламентлараро ҳамкорлик механизмини ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган шаклда йўлга қўйиш учун мавжуд барча имкониятлар ишга солинишини таъкидладилар.
 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш