МАҚТАНИШДАН ФОЙДА ЙЎҚ

Бугун ўз ишига танқидий ёндашган партия ютади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунлари юзасидан матбуот анжумани ўтказди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракция раҳбарининг ўринбосари Абдуғаффор Қирғизбоев фракция фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

Таъкидландики, фракция фаолияти парламентга йўлланган мурожаатнома асосида янгича йўналишда ташкил этилди. Хусусан, Давлат дастурининг ижроси билан боғлиқ масалаларда депутатлик бирлашмалари ва партия фаоллари иштирокини таъминлашга доир семинар-тренинг, амалий машғулотлар ташкил этилди.

Қайт этилдики, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга қаратди. Жумладан, қонун ижодкорлигига алоҳида эътибор берилди. Фракция йиғилишларида 109 та қонун лойиҳаси ўрганиб чиқилди, 12 та қонун лойиҳасига фракция аъзолари ташаббуси билан концептуал ўзгартиришлар киритишга эришилди.

Шунингдек, Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича 134 таклиф ишлаб чиқилди, улардан 120 таси қонунларни қабул қилиш жараёнида инобатга олинди. «Марказ-вилоят-туман» тизими орқали 79 та қонун лойиҳаси тўғридан-тўғри жойларга партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларига муҳокама учун юборилди, улардан 120 дан ортиқ таклиф олинди. Фракция аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан тайёрланган 8 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ташаббускор бўлишди.

Шунингдек, 2019 йил бошидан фракция фаолиятида қонун ижодкорлигини ташкил этиш мақсадида янги йўналиш жорий этилди. Яъни, Қонунчилик палатасига кириб келган қонун лойиҳалари фракцияда алоҳида рўйхатдан ўтказилиб, дастлабки муҳокамалардан сўнг партия ташкилотлари орқали жойларга юбориш ва тўғридан-тўғри муҳокама қилиш тизими жорий этилди. Натижада 79 та қонун лойиҳасига маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари, партия фаоллари 200 дан ортиқ таклиф ва мулоҳаза берди. Мазкур жараён «Қонунларнинг бирдан-бир манбаи ва ижодкори халқ бўлиши керак», деган тамойилга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган эди. Фракциянинг таклиф мулоҳазаларидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ногиронлиги бўлган боласини тарбиялаётган оналарга пенсияга чиқаётганда камида 7 йиллик иш стажига эга бўлиши шартлиги амалиёти бекор қилинди.

Парламент эшитувлари депутатларнинг сайловчилар билан мулоқотларида кўтарилган долзарб муаммолар асосида ташкиллаштирилди. Уларда маҳаллий Кенгаш депутатларининг иштирокини таъминлаш амалиёти жорий қилинган.

Жорий йилги Давлат дастурининг 1-бандига асосан парламент аъзолари ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ўз сайлов округига чиқиб, муаммоларни тизимли равишда ўрганиб борди. Депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасида, яъни 6 марта ўз сайлов округларида бўлишди. Мазкур мулоқотлар давомида фуқаролар томонидан 3 485 та масала кўтарилган. Уларнинг аксарияти (90 фоизга яқини) ҳудудларнинг ўзида маҳаллий мутасаддилар билан бирга ҳал этилди. Қолганлари Қонунчилик палатасида тегишли вазирлик-идора раҳбар ва масъуллари иштирокида кенгайтирилган йиғилишларда муҳокама қилинди. Айрим масалалар юзасидан тушунтириш сўраб, тегишли соҳалар раҳбарларига депутатлик сўровлари юборилди.

Бундан ташқари, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, қонунчиликни самарали татбиқ қилиш, ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашга қаратилган таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назорати давом эттирилди. 14 та туман ва шаҳарда ўтказилган сессияларда соғлиқни сақлаш бўлимларининг ҳисоботлари эшитилди.

Фракция ҳар ойда депутатлар жойлардан қайтганда, сайловчилар томонидан кўтарилган масалаларни таҳлил қилиб, ижро ҳокимиятининг масъул вакилларини жалб этган ҳолда муҳокамалар ўтказиб келди.

Анжуманда шу ва яна бошқа кўплаб масалалар хусусида атрофлича маълумот берилди. Белгиланган маърузадан сўнг журналистлар саволлар билан мурожаат қилди.

 

Савол:

— Жойларда сайловчилар билан учрашувлар давомида кўтарилган масалалар юзасидан юборилган депутатлик ҳамда парламент сўровига мутасаддиларнинг муносабати қандай бўлмоқда?

 

Турсунпўлат НОРБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Тўғриси, парламент сўровларига муносабат дастлабки босқичда у қадар сезилмади. Икки-уч йил давомида бир неча марта юборган парламент сўровларимиз жорий йилда қайта йўлланди. Қарангки, бир марта юборилган сўровга аввалгидек, бошқарма бошлиқлари ёки вақтинча раҳбарлик вазифасини бажарувчилар эмас, вазирлар имзоси билан жавоблар келмоқда. Асосийси, кўтарилган муаммолар ҳал этиляпти.

Масалан, Сурхондарё вилояти Узун ва Денов туманларидаги магистрал йўлнинг аянчли аҳволи ҳақидаги сўровимга кўп бора беписандлик билан қаралган эди. Бу йил вазир назорати билан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунақа мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Аммо вазият тўлиқ яхшиланди, парламент сўровларига ҳамма жиддий қарамоқда, дейишга ҳали эрта.

 

Савол:

— Қонун ташаббускорлиги жараёнида туб бурилиш ва катта ўзгаришларни қачон кўрамиз?

 

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун ташаббускорлиги жараёнида анча йиллар давомида ҳал бўлмай келаётган қатор масалаларга ечим топишга эришилди, деб айта оламан. Масалан, соғлиқни сақлаш соҳасида ачинарли ҳолатга келиб қолган ҚВПлар қайта таъмирланди, жиҳозланди, дори воситалари билан боғлиқ муаммолар тизимли равишда ўрганилиб, назоратга олинмоқда.

Айтайлик, ногиронликни белгилаш масаласида шаффофлик таъминланди. Бунинг учун ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий рўйхати тузилди ва уларнинг шарт-шароити ўрганилди. Тизимдаги ҳуқуқий асос такомиллаштирилди, бўшлиқлар тўлдирилмоқда. Охирги вақтларда дори воситалари нархининг асоссиз равишда оширилиши кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур тизим ҳам танқидий асосда ўрганилди ҳамда дори воситалари ва фармацевтика фаолияти билан боғлиқ янги қонун қабул қилишда фракциямиз аъзолари ташаббус кўрсатди. Ёки инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш билан боғлиқ муаммолар ечимига хизмат қилувчи қонун қабул қилинишида алоҳида ташаббус кўрсатди.

Булар ўз йўлига. Лекин эртага сарҳисоб қилиш вақтида яна нима қилдик, нималарни бой бердик ёки қила оламиз, деган савол атрофида бош қотиришимиз керак. Ўзимизга мана шулар асосида вазифа қўйишимиз зарур.

Қонунлар ёмон бўлмайди, бироқ улар ўзидан ўзи амалга ошмайди. Қонунларни жамият ҳаётига татбиқ қилишда депутатлар, партия фаоллари бевосита ва бош иштирокчи бўлишимиз лозим, деб ўйлайман.

 

Бунёд ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Тўғриси, авваллари жойларга чиқиб, хонадонма-хонадон юрмаганимиз учун ҳақиқий аҳвол ҳақида бу қадар чуқур тасаввурга эга эмасдик. Энди эса хонада ўтириб қабул қилинган қонунлардаги камчиликлар кўриниб қолди.

Мисол учун, соғлиқни сақлаш соҳасига алоқадор қонунчиликда врач хонаси беморлар ётадиган хонадан катта бўлиши кераклиги белгиланган. Мантиқан эса бу нотўғри. Аслида беморлар хонаси каттароқ бўлиши талаб этилади. Ногиронларга компенсация бериш ҳуқуқини тиклаш бўйича ҳам таклиф ишлаб чиқилмоқда. Ёки нафақа беришни олайлик. Кўп болали оилаларга нафақа тўлаш тартиби жорий этилган. Аммо қария, баъзи ёлғиз яшайдиган шахслар учун бундай тўлов бекор қилинган. Шу тартиб нотўғри ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Пенсия ва нафақалар аҳолининг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб белгиланиши кераклиги ҳақидаги таклифларимизни тайёрладик. Келгусида мана шу йўналишдаги ишларимизни янада кучайтириб, сайловолди дастуримизда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашга бор кучимизни сафарбар этамиз, албатта.

Матбуот анжуманида фракция аъзолари яна қатор саволларга жавоб берди.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов фикрлар ҳамда берилган маълумотлардан келиб чиқиб, ўз мулоҳазаларини билдирди.

— Анжуман давомида берилган саволларга жавоб қайтаришда айбдорни, жавобгарни, масъулни қидиришга уринишдан воз кечишимиз керак, — деди партия етакчиси. — Журналистнинг биргина саволидан барчамиз сергак тортдик ва бунинг учун ОАВ ходимларига раҳмат айтишимиз лозим. Чунки уларнинг бугунги танқидий руҳдаги саволлари эртанги фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ўзимизни ўзимиз озгина танқид қилишни ўрганишимиз зарур. Келинг, йил якунига қадар ҳар куни бир марта ўзимизга виждонан ҳисоб берайлик. Ўз ишидан қониқмаслик — яхши хислат. Доим фаолиятимизга танқидий жиҳатдан ёндашсак, сайловда кўпроқ овоз олишга, тарафдорларимиз сафини кенгайтиришга эришамиз.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

← Рўйхатга қайтиш