САЙЛОВ КАМПАНИЯСИГА ТАЙЁРГАРЛИК

ёки муваффақият қозониш йўллари

Маълумки, жорий йилнинг декабрь ойида мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён — парламентга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Навбатдаги сайловлар янги ҳуқуқий демократик тамойиллар асосида ҳар қачонгидан қизғин курашлар остида ўтиши кутилмоқда. Сайлов кодексининг қабул қилиниши билан сайловдаги талаб ва шароит янгланди, сиёсий кучлар ўртасида янада кенг рақобат муҳити яратилди. Демак, сайловларга тайёргарлик кўриш жараёни ҳар бир сиёсий партиядан фаоллик ва ташббускорликни оширишни талаб этади.

Сайлов жараёнида сиёсий партиянинг дастурий мақсадларидан жамоатчилик кенг хабардор бўлиши, айни пайтда партиянинг ғояларини қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун, аввало, партиянинг сайловолди дастури электорат муаммолари ечимига бағишланган ва ҳаётий бўлиши зарур. Навбатдаги вазифа эса партия дастурий мақсадларини кенг тарғибот этиш билан боғлиқ. Бу борада партия матбуотидан ташқари, замонавий ахборот технологияларидан ва бошқа тарғибот воситаларидан кенг фойдаланиш масалалари устида чуқур ўйлаб кўриш керак бўлади.

ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан шу кунларда ўтказилаётган сиёсий ўқув машғулотларида мана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратиляпти. 6-10 сентябрь кунларига мўлжалланган ўқув партия ҳудудий ташкилотлари масъул ходимлар учун видеомулоқот тарзида ташкил этилди. У асосан сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва унда муваффақият қозониш йўлларига бағишланди. Шунингдек, маҳаллий партия кенгашлари раислари ва ўринбосарларининг сайловга тайёргарлик кўриш бўйича тажрибасини ошириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Ўқувни Наманган вилоят студиясидан ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очаркан, жорий йилда ўтказиладиган сайловларда партиянинг муваффаққиятли иштирокини таъминлашга қаратилган долзарб вазифалар хусусида тўхталди.

Машғулотлар давомида парламент аъзолари, фуқаролик жамияти институтларининг мутахассислари, сиёсатшунос олимлар мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари ҳақида сўз юритишди. Сайлов кампанияси тактикаси, партия ва номзодлар имижини шакллантириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Сайловолди дастурини ишлаб чиқиш тажрибалари, сайловолди тарғибот-ташвиқот ишлари таъсирчанлигини ошириш бўйича сабоқ берилди.

— Фаолиятимизга доир қонунчилик, партия имижини мустаҳкамлаш, сайловолди дебатларни кучайтириш масалалари ҳамиша устувор бўлиб келган, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожиддин Дархонов. — Ўқув жараёнида ҳам мана шулар ҳақида атрофлича фикр алмашдик. Партиямиз тизимида ишлаётган кадрлар сиёсий курашлар бўйича яхши тажрибага эга. Буни уларнинг бир-бири билан мулоқотга киришиши, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларда баҳс-мунозара юритиши, ўз фикрларини эркин баён этишида кўп кузатганман.

Депутатликка муносиб номзодларни танлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам амалий тавсиялар берилди. Сайловолди соғлом рақобатини шакллантириш мақсадида ОАВ билан ишлаш усуллари тушунтирилди.

Ўқув машғулотларида мавзулар эркин суҳбат, мунозара шаклида бўлиб ўтмоқда. Дарслар инновацион технологиялар орқали ташкил этилмоқда.

— Бугун одамларнинг сиёсий онги, савияси анча юксалган, — дейди ЎзХДП Оққўрғон туман кенгаши раиси Зулҳайдар Чинташев. — Ўқув курсида мутахассислардан олаётган билимимиз келгуси фаолиятимизда қўл келади, деб ҳисоблайман. Интерактив дарслар давомида партиямиз Сайловолди дастуридаги ғоя ва мақсадлар аҳамиятини одамларга етказиш бўйича ҳам мутахассислар, сиёсатшунослар ўз таклифларини беришди. Энг муҳими, сайлов, амалиётидаги янги усуллар билан танишдик, замонавий технологияларни қўллаш бўйича малакамизни оширяпмиз.

Сиёсий ўқувнинг маълум мавзуларга бағишланган бу галги машғулотлари бугун ниҳоясига етади. Навбатдаги жараёнлар билан газетамизнинг келгуси сонларида таништириб борамиз.

← Рўйхатга қайтиш