Президент белгилаган вазифалар таълим тизими тубдан янгиланишига асос бўлади

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган маросимдаги нутқи  мамлакатимиз аҳолиси томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Турли касб эгалари, хусусан, депутатлар нутқда кўтарилган таклифлар, илгари сурилган ғоялар аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

 

Улуғбек Иноятов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратаётган бўлса, Президентимиз Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Учинчи Ренессанс пойдеворининг аниқ моделини асослаб берди. Тарбиячи, ўқитувчи, зиёлиларимиз ҳамда ота-оналар янги Уйғониш даврининг таянч устуни бўлиши кераклиги таъкидланди.

Учинчи Ренессанс ғоясидан кўзланаётган энг катта мақсад — тарихан мавжуд буюк салоҳиятни қайта уйғотишдир. Муҳтарам Президентимиз халқимизни руҳан янада бирлаштирадиган  янги, аниқ ва буюк ғояни илгари сурмоқда.

Таълим тизимини замон талабларига мослаштириш масаласи босқичма-босқич ислоҳотлар марказига қўйилмоқда. Хусусан, 2018 йилда Президентимизнинг умумий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш ҳақидаги фармони билан йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш чоралари белгиланди.

Натижада касб-ҳунар коллежлари аҳоли яшаш жойларига яқин бўлмаган масофада жойлашгани, транспорт, давомат, ҳаётий фикри шаклланиб улгурмаган ёшларнинг оила муҳитидан узоқлашиши, ўқув устахоналари, касб-ҳунар таълими тизими учун дарслик ва ўқув қўлланмаларининг етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларга барҳам бериш учун 11 йиллик таълим тизими тикланди. Алоҳида таъкидлаш керакки, ота-оналар, ўқувчилар, жамоатчилик қўллаган бу ташаббус қатъият ва изчил саъй-ҳаракатлар билан қисқа муддатда рўёбга чиқарилди. Одатда мамлакат миқёсидаги катта соҳада туб ўзгариш бўлганда, жиддий муаммолар кузатилади, аммо 11 йиллик таълимни тиклаш жараёнлари бугунги натижалардан келиб чиқиб айтиш лозимки, муваффақиятли амалга оширилди.

Нутқда белгиланган вазифалар таълим-тарбияни эндиликда бутунлай янги даражага кўтаришга хизмат қилади. Чунки қайси давлат ҳокимияти ва бошқарув идораси қандай вазифани бажариши кераклиги аниқ кўрсатиб ўтилди. Хусусан, ўқитувчиларнинг ҳаётимиздаги нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш таклиф этилди, айни вақтда бўлажак қонуннинг концепцияси ҳам баён қилинди.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишлиги, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қатъий белгилаш лозимлиги таъкидланди. Қонунда, шунингдек, мактаб директорига қўйиладиган талаблар, унинг асосий вазифалари ва фаолиятини баҳолаш мезонлари ҳамда маҳаллий Кенгашлар йиғилишларида ҳисобот бериш тартибини белгилаш зарурлиги айтилди.

Бу вазифаларни амалга ошириш парламент зиммасига катта масъулият юклайди. Чунки вакиллик ҳокимиятига таълим жараёнларини сифатли ташкил этиш, назорат этиш билан боғлиқ қўшимча ваколатлар берилиши, мазкур масалада мутлақо янги институт ташкил этилиши назарда тутиляпти. Ушбу институт қонунчиликда аниқ акс этиши, энг асосийси, ундан ҳаётий натижалар сезилиши керак.

Мактаб директорларини маҳаллий Кенгаш олдида ҳисобдор бўлишини қонунга қўшишдан аввал маҳаллий давлат ҳокимияти, вазирлик-идоралар ҳудудий бўлинмаларининг амалдаги ҳисоб бериш амалиёти қандай самара бераётгани чуқур таҳлил этилиши керак. Тезроқ янгилик жорий этиш ҳақида эмас, янгиликлардан тезроқ реал самара бўлиши учун ҳаракат қилиш талаб этилади.

Камбағаллик, қолаверса, боқимандалик кайфиятига қарши курашишнинг, ижтимоий ҳимоя тизимини модернизация қилишнинг узоқ истиқболда энг самара берадиган йўли бугун таълим тизимига, инсон капиталига эътиборни янада кучайтиришни тақозо этади. Эҳтиёжманд, камбағал оиладаги муҳитни уларнинг фарзандларига сифатли таълим-тарбия бериш орқали тубдан ўзгартириш мумкин.

Ўзбекистон халқ демократик партияси барчага тенг, хусусан, ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам даромадли аҳоли қатлами учун таълим олиш, ҳунар эгаллаб, ишли бўлиш имкониятлари яратилишини зарур, деб ҳисоблайди.

Мамлакатимиздаги 10 мингга яқин мактабларда таълим-тарбия жараёнлари қандай кечаётганини битта вазирлик мувофиқлаштириб, қуйига етиб бориши қийин масала. Таълим тизимига нисбатан танқидий муносабатлар оз эмас, аммо фақат танқид билан таълимни юксалтириб бўлмайди. Аксинча, мутасадди вазирликлар билан бирга, ҳокимликлар, депутатлар, кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокида соҳада рағбат ва қўллаб-қувватлаш муҳитини юзага келтириш зарур. Президентимиз таклиф этган янги механизм мана шу мақсадга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясининг бош мақсади инсон капиталини тараққий эттиришдир. Ушбу ҳужжатда 2030 йилга бориб Ўзбекистонни Глобал инновацион индекс рейтингида жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати қаторига киритиш асосий вазифалардан бири этиб белгиланган.

Ҳозирги тез ўзгариб, тез ривожланаётган дунёда замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ёш авлодгина муносиб ўрнини топа олади. Ўзбекистон аҳолиси таркибида ёшлар 60 фоиздан кўпроқни ташкил этади. Бу мамлакатимизда инсон капиталига инвестиция йўналтириш зарурати жуда катта ҳажмда бўлиши кераклигини англатади.

Маълумки, инсон капитали қобилият, малака ва мақсадлар жамланмаси бўлиб, ҳар қандай давлат иқтисодиётининг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини таъминловчи, давлат бошқаруви, қонунчилик ва ижро органлари фаолиятига кучли таъсир кўрсатувчи омил бўлиб ҳисобланади. Халқаро экспертлар ривожланаётган давлатларни инсон капиталига жиддий эътибор бериб, кўпроқ маблағ ажратишга чорлаб келмоқда.

Республикамизда кейинги йилларда таълим тизимига йўналтирилган маблағлар ошди, қонунчилик ва бошқа маъмурий ислоҳотлар жадаллашди. Маблағлар бундан кейин янада кўпроқ ажратилиши ташаббуси илгари сурилмоқда. Фақат бунинг учун таълим тизимининг қайси бўғинини қандай ривожлантириш масаласида чуқур таҳлиллар олиб борилиши лозим.

Мамлакатимизда ижтимоий тенгликни таъминлаш, ҳудудлардаги ёшлар салоҳияти ва қобилиятини юзага чиқариш долзарб аҳамиятга эга масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Таълим бериш, касб-ҳунар ўргатиш ишлари ўзаро уйғун равишда самарали олиб борилиши ишсизликни камайтириш, ўзини ўзи банд этиш имкониятларини ошириш, камбағалликка қарши курашишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу партиямиз учун принципиал масаладир.

Шунинг учун Халқ демократик партияси барча даражадаги депутатларининг куч ва имкониятларини таълим тизимидаги туб ўзгаришларни рўёбга чиқариш жараёнида фаол қатнашишга сафарбар этади.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш