Ҳеч қандай “манфаат” ғояларимиздан кечиб, “келишиш”га сабаб бўла олмайди

Сайловлар якунлангач, янги парламент шаклланиши арафасида Қонунчилик палатасидаги кўпчилик қайси партиялар фракциялари томонидан ташкил этилиши ҳақида турлича фикр-мулоҳазалар билдириляпти. Бу табиий демократик ҳолат.

Маълумки, сайлов натижаларига кўра ҳеч қайси партия парламентда мутлоқ кўпчилик ўринни эгаллай олмади. Энди партиялар фракциялари ўзаро бирикиб, парламентда кўпчилик бўлиш учун интилади.

Энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия сифатида  ЎзЛиДеПда бундай имконият кўпроқ. Шундай экан, Халқ демократик партияси фракцияси парламентдаги кўпчиликка нисбатан мухолиф позициясида бўлиши кўпроқ аниқ.

Шу ўринда “мухолифат” тушунчасига тўхталиб ўтиш лозим. “Мухолифат” арабча сўз бўлиб, келишмовчилик, муносабатларнинг тескари бўлиши маъносини англатади.

Бизнинг замонимизда “мухолифат” сиёсий атамага айланган ва амалдаги ҳукумат фаолиятига асосан танқидий қараш ҳамда муқобил ғояларларга эга сиёсий куч тушунилади.

Бўлиб ўтган сайловларда мамлакатимиздаги сиёсий партиялар ғоявий платформалари асосида сайловолди дастурларини эълон қилдилар.

Юзаки қаралганда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўналишлари барча партия дастурларида бир хилга ўхшайди. Лекин синчиклаб эътибор берилса, Либерал демократик партия ва Халқ демократик партияси дастурларида принципиал фарқларни кўринади.

ЎзЛиДеП либерал ғояларга содиқ қолган ҳолда, иқтисодиётни тўлиқ бозор тизимига ўтказишни, ижтимоий соҳага ҳам бозор муносабатлари татбиқ этилишини таклиф этмоқда. Халқ демократик партияси эса жамиятда кескин табақаланишга йўл қўймаслик ва натижада юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий тарангликнинг олдини олишни таклиф қилади. Бунинг учун, албатта, ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат қоидаларига риоя этилиши зарур.

Биз бозор иқтисодиётига қарши эмасмиз, лекин иқтисодий ижтимоий ислоҳотлар натижасида  аҳолининг катта қисмининг ҳаёт шароитлари ёмонлашувига йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Таклиф этаётганимиз “Давлат минимал ижтимоий стандартлари ҳақида”ги қонун ҳар бир фуқаро учун давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар тури ва ҳажмини кафолатлайди.

Бозор иқтисоди ривожланган давлатларда ҳам бирламчи истеъмол товарлари нархлари ва хизматлар тарифлари давлат томонидан мувофиқлаштирилади, бу эса ўз навбатида аҳолида давлатга нисбатан ҳурмат ва эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Парламентда қанча ўрин эгаллашидан қатъи назар, Халқ демократик партияси ўз ғояларига содиқ қолади, ҳеч қандай “манфаат” ғояларимиздан кечиб, “келишиш”га сабаб бўла олмайди. Биз халқимизнинг барча вакиллари фаровонлиги, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги, бир сўз билан айтганда, “Халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган бош ғоямиз учун курашамиз.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

 

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш