Ҳокимлар ҳисоб бериши – демократия талаби

 

Қизилгул Қосимова,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:

– Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча тизим ва соҳаларда йўл қўйилган камчиликларнинг чуқур таҳлилини кўрдик, жорий йилда зиммамизга юкланган масъулиятли, жумладан, сиёсий партиялар учун ўта муҳим бўлган вазифаларни билиб олдик.

Мурожаатномада жойларда ижро ва вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги роли ва масъулиятини ошириш бўйича муҳим таклифлар илгари сурилди. Дарҳақиқат, бу соҳада ечимини кутаётган масалалар оз эмас. Мисол учун, Бош вазир Олий Мажлисга ҳисобот беради. Аммо вазифалар учун бевосита масъул вилоят ва туманлардаги раҳбарлар бу жараёнда эътибордан четда қолади. Айни шу ҳолат ечимини кутаётган кўплаб масалалар ўз ҳолига ташлаб қўйилиши учун асос бўлган, десак хато бўлмайди.

Президентимиз илгари сурган ташаббус ҳақиқий маънода вакиллик ҳокимиятининг ҳурматини жойига қўйиш, унинг мавқеи ва ваколатини янада ошириш учун кенг йўл очади.

Президентимиз “...ҳокимлар охирги 3 йилда уларга берилган кенг ваколатлардан қанчалик самарали фойдаланаётганини, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари фаолияти натижадорлигини назорат қилиш бўйича янги тизим яратиш шарт... Вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизим жорий қилинади”, дея таъкидлаб ўтди.

Халқ демократик партияси давлат раҳбарининг ушбу таклифини фаол қўллаб-қувватлайди. Биз ушбу тизим орқали жамоатчилик назорати кучаяди, вилоят ва туманлардаги раҳбарларнинг масъулиятини янада ошади, деб ўйлаймиз. Қоғозларда бажарилган ишлар кўламини кўпиртириб ёзган раҳбарлар маҳаллий Кенгашга ҳисоб беришга чўчиши аниқ. Чунки вакиллик ҳокимиятидагилар ўша жойнинг ўзида яшайди, ишлайди, ҳақиқий аҳволдан тўлиқ хабардор бўлади.

Яна бир муҳим масала, эндиликда ҳокимларнинг ҳисоботи эшитилиши соҳаларни янада кенг таҳлил қилиш, ҳудудларда учраётган муаммолар бўйича саволларга аниқ ва асосли жавоб олиш учун хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш