Мурожаатномадаги ғояларни рўёбга чиқариш учун таклифлар тайёрланади

 

2020 йил 30 январь куни Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қўшма йиғилиши видеомулоқот тарзида ташкил этилди. Партиянинг жойлардаги ташкилотлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлардаги 500 нафарга яқин депутатлар ҳудудий студиялардан иштирок этди.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар яна бир бор ўрганилди, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдидаги вазифалар муҳокама этилди.

Йиғилишни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, парламент Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов очиб берди.

Мурожаатномада демократик ислоҳотлар йўли – биз учун якка-ю ягона ва энг тўғри йўл экани, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бораётгани алоҳида таъкидланди. Бу ғояни ҳаётга самарали жорий этиш фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотлар, айниқса, сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият юклайди.

Муҳтарам Президентимиз таклифига мувофиқ, 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилди. Йилга шундай ном берилишининг замирида чуқур маъно, мақсад мужассам. Маълумки, илм-фан, маърифат юксалмаган, рақамли иқтисодиёт ривожланмаган давлат ўз тараққиёт йўлида собит тура олмайди, деди йиғилишда сўзга чиққанлар.

Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантириш ҳам фақат илм-маърифат, кучли иқтисодиёт ва инновация орқали амалга ошади.

Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган Мурожаатномада халқимизга муносиб ҳаёт барпо этиш йўлида эзгу ташаббуслар белгиланган. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янги поғонага олиб чиқиш, халқимизни бугун ўйлантириб турган муаммоларни ҳал этиш бўйича муҳим таклифлар илгари сурилди. Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада белгиланган вазифалар халқимизнинг турмуш даражасини бутунлай янги поғонага кўтаришга мустаҳкам асос бўлади. Энди фаол ва масъулиятли бўлиб, уларни рўёбга чиқариш, ҳаётимизга самарали жорий этиш ҳақида қайғуриб ишлашимиз зарур, деди партия етакчиси.

Халқ демократик партияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, жойлардаги партия гуруҳлари учун Мурожаатнома бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ва барча йўналишлар бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқилади.

Аввало, Мурожаатномада илгари сурилган ҳаётий таклиф ва ташаббусларни яна бир бор чуқур ўрганиш, депутатлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида жойларда аҳолига фаол тушунтириш зарурлиги қайт этилди.

Таъкидландики, Мурожаатнома юртдошларимиз томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланмоқда. Эксперт ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Йиғилишда партия ташкилотлари, парламентдаги фракцияси ва жойлардаги депутатлар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Хусусан, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш бўйича таклифлар бериш муҳим масала экани айтилди. Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилаётган, 2020 йил учун бандликка кўмаклашишнинг давлат дастурига таклифлар тайёрлаш кераклиги қайд этилди.

Ишсизларни касбга ўқитиш, уларга ҳуқуқий ва бошқа маслаҳатлар бериш ҳамда халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш учун меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш тизимини шакллантириш ва аҳоли реал даромадларини ошириш бўйича “Яшаш минимуми” ҳамда “Минимал давлат ижтимоий стандартлари” тўғрисидаги қонунларни қабул қилиш бўйича ташаббуслар билан чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ва бошқа долзарб ижтимоий масалалар юзасидан асосли таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда депутатлар, партия гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, уларнинг аниқ таклифлар ишлаб чиқишига эришиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Фракция аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари етакчилари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Таъкидландики, партиянинг Сайловолди дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, фаровонлигини ошириш вазифалари устувор этиб белгиланган. Мурожаатномада мазкур йўналишда қамрови кенг, моҳиятан юксак ишлар амалга оширилиши белгиланган. Бу эса Халқ демократик партияси, унинг барча даражадаги 1600 нафарга яқин депутатлари олдида катта вазифалар турганини билдиради.

Йиғилишда Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари рўёбга чиқишига хизмат қиладиган ташаббусларни амалга оширишда қатъият билан фаолият юритиш зарурлиги таъкидланди.

Партия фаоллари депутатларнинг фикр-мулоҳазалари асосида Мурожаатномадан келиб чиқадиган устувор вазифаларни амалга оширишга доир Халқ демократик партиясининг чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Ушбу дастурда партия дастурий мақсадлари билан боғлиқ 30 дан ортиқ вазифа белгиланди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш