Биринчи йиғилиш. Биринчи ўқиш

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида бир нечта қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Дастлаб “Стратегик режалаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳа Президентнинг “Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида ишлаб чиқилган.

Давлат ва жамият стратегик режалаштиришсиз барқарор ривожлана олмайди. Айниқса, тезкор ўзгараётган замонда ҳар хил чақириқларга мос бўлиш, турли муаммоли масалаларни оқилона ҳал этиш долзарб аҳамият касб этяпти. Стратегик режалаштириш муҳим вазифа, уни бажариш учун аввало қонун керак. Лекин қонун керак экан деб, уни номига қабул қилиш ярамайди, қонун бўлгандан кейин ҳар томонлама мукаммал, давлатга ва халққа фойдаси тегадиган қонун бўлиши зарур. Депутатлар ўз фикр ва таклифларини билдирган ҳолда қонун лойиҳасини маъқуллади.

Фракция йиғилишида “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳа билан амалдаги 7 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритиляпти. Мазкур кодекснинг 29 прим 1 моддасида чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш тартиби акс этган. Ушбу моддага чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қандай ҳолларда чиқариб юбориш мумкин эмаслиги ҳақида аниқлик киритилмоқда.

Эндиликда ўн саккиз ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири ёки васийликка ёхуд ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, маълум ҳолларда Ўзбекистон Республикасидан маъмурий тарзда чиқариб юборишга йўл қўйилмаслиги белгиланяпти. Айнан қандай ҳолатларда чиқариб юборишга йўл қўйилмаслиги қонун лойиҳасида аниқ назарда тутиляпти. Шунинг учун Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари бу таклифни қўллаб-қувватлади. 

Йиғилишда Оила кодексининг никоҳдан ажратиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариш вақтида суд томонидан ҳал этиладиган масалаларга оид моддаси(44-моддаси)га таклиф этилган қўшимча қизғин мунозара келтириб чиқарди.

Бу қўшимча Президентнинг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори асосида ишлаб чиқилган. Мазкур Қарордаоилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақли экани” қайд этилган. Боланинг фикрини ҳисобга олиш умуминсоний ва принципиал масала. Шунинг учун Президент қарорида бу масала аниқ акс этган. 

Лекин Оила кодексига таклиф этилаётган қўшимча ўша принципиаллик ва аниқликни тўлиқ ифодаламайди, дейишди депутатлар.

Чунки кодексга “Никоҳ бекор қилинганидан сўнг, вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшаши масаласини ҳал қилишда, суд боланинг фикрини, боланинг етуклик даражасини, ёшидан қатъи назар, унинг онги даражасини инобатга олиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт”, деган мураккаб меъёр таклиф этилган. Масалан, “боланинг онги даражасини инобатга олиши”, дейилганда нима назарда тутилаётганини илғаш қийин. Инсон ҳақида, айниқса, вояга етмаган болалар тақдири билан боғлиқ меъёр белгилашда катта масъулият билан ёндашишиз зарур.

Шу боис таклиф этилаётган меъёр матнини мақсадга мувофиқлаштириш таклифи берилди.

Фракция аъзолари Уй-жой кодексига ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлашни, Солиқ кодексига болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъволар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинишини назарда тутувчи қўшимчаларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Депутатлар “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритиш орқали Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институтини жорий этиш таклифини ҳам атрофлича муҳокама қилишди.

 Болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат ва бошқа органлар, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришда бу таклиф долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари кафолатланиши билан боғлиқ жараёнларни танқидий таҳлил қилиш, ҳаётий таклифлар ишлаб чиқишда янги институт долзарб вазифани бажариши лозимлигига эътибор қаратилди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида” қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳага мувофиқ амалдаги 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.

Хусусан, Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунига давлат ижтимоий буюртмаси тўғрисида ўзгартиш киритиш, яъни, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат ижтимоий буюртмаси беришда жамоатчилик кенгаши таркибини шакллантиришни Вазирлар Маҳкамаси ваколатидан чиқариш таклиф этилмоқда.

Ушбу таклиф Президентнинг “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ишлаб чиқилган.

Фракция аъзолари бу таклифни қўллаб-қувватлади. Чунки давлат бошқаруви органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаси бериш вазифаси бўйича алоҳида жамоатчилик кенгаши ташкил қилиниши, бундай кенгашлар ҳукуматдан мустақил фаолият олиб бориши зарур. Шунда соҳада ортиқча бюрократизмнинг олди олинади, нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақил бўлиши керак.

Ўз навбатида фракция аъзолари жамоатчилик кенгашлари фаолияти билан боғлиқ меъёрлар янгидан қабул қилиниши режалаштирилаётган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида аксини топиши лозим, деган таклифни илгари сурди. 

Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунга ҳам давлат бошқаруви органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга давлат ижтимоий буюртмаси беришда жамоатчилик кенгаши таркибини шакллантиришни Вазирлар Маҳкамаси ваколатидан чиқариш билан боғлиқ ўзгартиш киритиш таклиф этилмоқда.

Бу таклиф ҳам Президентнинг “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ишлаб чиқилган.

Халқ демократик партияси фракцияси таклифни маъқуллади. Шу билан бирга, жамоатчилик кенгашларини шакллантириш масаласида ўз таклифини берди. Яъни, жамоатчилик кенгашларининг намунавий регламенти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ишлаб чиқилиши демократик тамойилларга ҳар томонлама мувофиқ бўлади.

Фракция йиғилишида кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам партия ғояларидан келиб чиқиб, принципиал тарзда муҳокама этилди. Айтиш керакки, фракциянинг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган биринчи йиғилиши қизғин фикрлар, айрим масалаларда баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Фракция аъзолари қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фаол қатнашишларини айтиб, таклифларини берган ҳолда, қўллаб-қувватлаш ҳақида қарорлар қабул қилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш