Қиз бола бўлғуси оила бекаси!

 

Қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, оилавий ажримларнинг салбий оқибатларини ёшлар, хотин-қизларга тушунтириш, соғлом ва мустаҳкам оилаларни барпо этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Бу борада Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” томонидан ҳам “Соғлом оила – соғлом жамият” шиори остида кўплаб тарғибот тадбирлари, амалий лойиҳалар ўтказиб келинмоқда. Мана шундай тадбирлардан бири Тошкент давлат Аграр университетида ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Тошкент давлат Аграр университетининг профессор ўқитувчилари, талаба қизлар иштирок этди.

Бугунги кунда университетда 300 нафардан ортиқ аёл профессор ва ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда, 4000 га яқин талаба қизлар таҳсил олишмоқда. Талаба қизларнинг ўқиши, таълим олиши билан бирга, бўш вақтларини мазмунли ва тўғри ташкил этиш, уларни соғломлаштириш мақсадида ётоқхоналарда тикув машиналари, фитнес заллар ҳам ташкил этилган. Яратилган имкониятлардан қизлар ҳам унумли фойдаланишмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, хотин-қизлар учун яратилаётган шароит ва имтиёзлар ҳақида, эрта ва қариндош ўртасидаги никоҳларнинг, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ирсий касалликлар профилактикаси долзарблиги ҳақида сўз юритдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова мутахассис шифокор сифатида эрта никоҳ, эрта туғуруқ, қариндош уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатларини ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Гулшан Асатова сиёсий партиялар тўғрисида, шунингдек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида берилаётган имтиёзлар ва улардан тўғри фойдаланиш ҳақида маълумотлар берди.

Учрашувда эрта ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, амал қилиш муҳим бўлган тавсиялар, маслаҳатлар берилди. Талаба-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан аниқ жавоблар олишди, шунингдек партияга аъзо бўлиш истагини билдиришди.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш