ЎзА: Янги цемент заводларини қуришга мораторий эълон қилиш ёки тўхтатиб туриш масаласи кўрилмоқда (+видео)

 

Парламент қуйи палатасида давом этаётган экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг эшитувида депутат Дилором Имомова цемент заводларининг атмосфера ва атроф-муҳитга таъсири ҳақида тўхталиб, уларда автоматик станциялар, стационар кузатиш пунктлари ўрнатилганлиги билан қизиқди.

– Цемент заводлари ҳавога жуда катта миқдорда зарарли моддалар чиқаради. Асосий хомашёси тош бўлгани боис тоғли ҳудудларда жойлашган. Бу эса ҳам табиатга, ҳам туристик зоналарга, ҳам аҳолига қийинчилик туғдиряпти. 1 та цемент заводининг таъсирида ўша атрофдаги барча ўсимлик ва дарахтлар усти қалин плёнкасифат чанг билан қопланган. Ўрганганимизда, бу каби ҳолатларга қонунчилигимизда бор-йўғи 100-200 миллион сўм жарима қўлланилар экан. Эндиликда бу каби ҳолатларга камида 10 миллиард сўм жарима қўллашни йўлга қўйяпмиз. Бунинг натижасида ана шундай заводлар замонавий, газ, чанг зарраларини ушлаб қоладиган ускуналарни ўрнатишга мажбур бўлади, – деди вазир.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорларга эркинлик берилганда экологик экспертиза олиб ташланган эди. Яъни ҳудуд танлашда, қурилишда лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлашда экологик экспертиза масалалари бекор қилинган эди.

– Тегишли қарор билан 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб яна экологик экспертиза қайта тикланди. Бу экспертизасиз янги заводлар қурилмайди. Ҳозирда цемент заводларининг қуввати Ўзбекистон эҳтиёжидан карра-карра кўп. Бу масала ҳукуматда ҳам кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди. Эндиликда янги цемент заводларини қуришга мораторий эълон қилиш ёки тўхтатиб туриш масаласи кўрилмоқда.

Бугунги кунда 47 та цемент заводи мавжуд, шундан 23 таси вақтинча тўхтатилган. Қолганлари ўрганилганда, 90 фоизининг фаолияти экологик талабларга жавоб бермайди. Уларга огоҳлантириш берилган. Бош прокуратура билан биргаликда ишланяпти, қатъий чоралар кўришга вазирликнинг кучи етади, – деди вазир Азиз Абдуҳакимов.

 

М.Комилова, ЎзА

 
 
 
 
 
 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш