Буни кутганлар кўп

 

Азал-азалдан ўз уй-жойимизга, хонадонимизга ўзгача меҳр билан ёндошган миллатмиз. Шунинг учун ўзбеклар ўз хонадонини кичик Ватан, деб атайдилар. Ўтган асрда аҳолининг уй-жойга эҳтиёжи йиллар давомида қондирилмагани сабабли бу масала ўткир муаммога айланди.

Мустақилликка эришгач, халқимизнинг асрий орзуси бўлган ўз ерига эгалик мақсади амалга оша бошлади. Бироқ уни амалдаги қонунлар асосида расмийлаштиришга ҳамма ҳам етарли эътибор қаратди, деб айта олмаймиз. Шу сабабли ҳам “ноқонуний”, “ўзбошимчалик” билан қурилган уйлар атамаси амалиётга кириб келди.

Президентимизнинг сиёсий иродаси билан мурожаатларнинг катта қисмини ташкил этган ушбу муаммони ҳал этиш учун 2018 йилда Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ ўтказилган бир марталик умумдавлат акцияси доирасида 621 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида тегишли рухсатномасиз қурилган уй-жойларига нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилиб, уларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган эди. Бу мисли кўрилмаган ўзгариш бўлди.

Бироқ баъзида фуқароларнинг эътиборсизлиги, баъзида маҳаллий ҳокимликлардаги масъулларнинг лоқайдлиги сабабли жуда муҳим масала охирига етмай қолди. Тошкент вилоятидаги Тошкент тумани мисолида қарайдиган бўлсак, юқорида келтирилган фармон ижроси бўйича фуқаролардан жами 10697 та ариза қабул қилиниб, улардан 5886 таси ижобий ҳал этилган, туман комиссияси томонидан тасдиқланган, лекин фуқаро томонидан тўлов қилиб улгурилмагани сабабли ҳужжатлаштирилмаганлар сони 1141 та, фуқаро томонидан тўлов ҳам қилинган, аммо ҳоким қарори чиқарилмаганлар сони 851 та, ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилмаган аризалар сони 1514 тани ташкил этган.

Улар жамланса, битта туманда деярли 3,5 минг хонадон муаммоси ҳал этилмай қолган. Демак, республика миқёсида катта рақамлар келиб чиқади.

Муаммони тизимли ҳал этиш учун давлат муҳим чора кўрди. Янги қонун ишлаб чиқилиб, парламент муҳокамасидан ўтказилди.

Унга кўра, 2018 йил 1 май кунига қадар якка тартибда қурилиб расмийлаштирилмаган уй-жойлар, аввалдан шу ҳудудда истиқомат қилиниб, томорқа ёки деҳқончилик қилинган ерларнинг ҳам ҳужжатлари тартибга келтирилади.

Ер участкаси бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган ёки электрон онлайн-аукционга чиқарилмаган бўлса, ер участкасидан фойдаланишда жисмоний ва (ёки) юридик шахслар ўртасида низо мавжуд бўлмаса,

ер участкаси учун ер солиғи ҳамда унда қурилган бино ва иншоотлар учун мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаса,

УЛАРГА ҚОНУНИЙ ҲУЖЖАТЛАР РАСМИЙЛАШТИРИЛАДИ.

Фуқаролар томонидан якка тартибдаги уй-жой, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент юридик шахслар томонидан нотурар бино ва иншоот қурган ҳолда, уларга 2018 йил 1 май кунига қадар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган қисмига нисбатан ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун шартларнинг барчасига риоя этилганлиги асос ҳисобланади.

Ортиқча эгалланган ер участкаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига туташган бўлса ва ажратилган ер участкаси билан ортиқча эгалланган ер участкасининг йиғиндиси қонун талабларига мувофиқ бўлса, комиссия томонидан ҳужжатлар ўрганиб чиқилади ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан қарор қабул қилинади.

Якка тартибдаги уй-жой қурилган ер участкасига қуйидаги ҳажмларда ижара ҳуқуқи эътироф этилади:

1) 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – барча ҳудудларда 0,24 гектардан ошмаган ҳажмда;

2) 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектардан, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.

Кўп вақтдан бери ҳал этилмай келаётган масала, яъни халқ тилида “дачалар” деб аталадиган дала ҳовлилар масаласи ҳам қонун билан тартибга солинмоқда.

Маълумки, шаҳар атрофидаги дала ҳовлилар бугунги кунда расман “Боғдорчилик–узумчилик ширкатлари”га бирлашган бўлса-да амалда аллақачон доимий турар жойларга айланган. Аммо бу манзилда истиқомат қилувчилар туман аҳолиси таркибига қўшилмаслиги уларни тиббий ёрдам, таълим муассасаларидан фойдаланиш имкониятини чеклаб қўйган эди. Қонун билан ушбу ширкатлардаги хонадонларнинг ҳам қонуний ҳуқуқлари тартибга келтирилади.

Бир сўз билан айтганда, бу қонун “Инсон қадри учун” деган тамойилга ҳар томонлама тўғри келади, халқимиз томонидан миннатдорчилик ва мамнуният билан қабул қилинади.

Биз, депутатлар ҳаммамиз ўз ҳудудимизда, партиямиз фаоллари маҳаллаларда янги қонун мазмун­моҳиятини кенг тушунтириши, яхши хабарни бир­биримизга етказишимиз зарур.

 

Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 17.04.2023, №16

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш