ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ЮНЕСКО БОШ ДИРЕКТОРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 август куни Самарқанд шаҳрида БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азулени қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги конструктив мулоқот изчил ривожланиб, шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Одри Азуленинг ушбу нуфузли халқаро ташкилот бош директори сифатидаги мазкур илк ташрифи ўтган йили Париж шаҳрида бўлиб ўтган учрашувнинг мантиқий давоми бўлиб, устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида томонларнинг интилиши қатъий эканидан далолат бериши таъкидланди.

Бугунги кунда ЮНЕСКО томонидан биринчи марта қабул қилинган Мамлакат дастури доирасида устувор йўналишлар бўйича қўшма чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда.

Халқимизнинг ноёб моддий ва номоддий маданий-тарихий меросини асраш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва бу борадаги алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жаҳоннинг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш ва татбиқ этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО кафедралари тармоғи кенгаймоқда. Бу ерда гап Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида "Дунё динларини қиёслама тадқиқ этиш", "Сув дипломатияси, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳит муҳофазаси", "Маданият туризми" каби кафедралар очилиши ҳақида бормоқда.

ЮНЕСКО кўмагида мамлакатимизда "Шарқ тароналари", бахшичилик санъати, ҳунармандчилик фестиваллари, Мақом санъати анжумани каби қатор йирик халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда.

Учрашувда кенг кўламли шерикликни янада ривожлантириш, жумладан, Жаҳон мероси қўмитасининг навбатдаги сессияси якунида эришилган келишувларни сўзсиз амалга оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда маданий мерос объектларини ривожлантириш ва асраш соҳасидаги фаол саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Самарқандда шу мавзуга бағишлаб муваффақиятли ўтказилган қўшма халқаро конференция натижалари юксак баҳоланди.

Маданият, таълим ва фан, гендер сиёсати йўналишларида ҳамда экология, жумладан, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўналишида амалий ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

ЮНЕСКО Бош директори самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Юртимизда бой маданий меросни асраб-авайлаш, туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш, таълим ва фан, атроф-муҳит муҳофазаси соҳаларида муҳим ўзгаришларни амалга ошириш борасидаги ислоҳотлар ижобий натижалар бераётгани мамнуният билан қайд этилди.

ЮНЕСКО Ўзбекистон билан кенг кўламли шерикликни бундан буён ҳам ривожлантириш ва мустаҳкамлашда қатъий экани тасдиқланди.

* * *

Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.

Президент топшириғига мувофиқ, Имом Бухорий мажмуасини реконструкция қилиш ва кенгайтириш кўзда тутилган. Симметрик тарзда иккита масжид ва тўртта минора қуриш, йўлдан кириб келишда хиёбон, унинг атрофида кичик меҳмонхоналар ва йирик отель, бошқа инфратузилма объектларини бунёд этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари мажмуани реконструкция қилишга оид таклифлар билан танишди.

Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмий меросига, ислом оламидаги юксак мақомига муносиб бўлиши керак. Масжидлар кенг ва маҳобатли бўлиши лозим. Деворларга саҳиҳ ҳадислардан лавҳлар ёзиб қўйилса, мажмуанинг мазмуни янада бойийди. Бу ёшларга билим, маънавий озуқа беради. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканда зиёратчилар қанча бўлишидан қатъий назар, барча қулай шароит бўлиши керак, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев мажмуа реконструкциясини шошмасдан, сифатли ва чуқур ўйлаб лойиҳалаштириш, хориж тажрибасини ўрганиб, зиёратчиларга янада кенг қулайлик яратиш зарурлигини таъкидлади.

Мажмуадаги ишлар мамлакатимизда илм-маърифатни ривожлантириш, динга эътиқод қилувчиларга эркинлик ва шароит яратиш борасида навбатдаги хайрли қадам бўлади.

* * *

Президент Шавкат Мирзиёев «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ёритиш учун келган маҳаллий ва хорижий блогерлар билан суҳбатлашди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон дунёга очилмоқда ва халқаро ҳамжамиятга ҳақиқатни етказишга интилиш бор. Энг муҳими, муҳокама қилиш, танқид қилиш мумкин, – деди давлатимиз раҳбари.

Мамлакатимизда ислоҳотларни, маданиятимиз, тарихий обидаларимизни бутун дунёга тараннум этишда блогерларнинг ўрни катта экани таъкидланди.

Сизларни жонажон Ўзбекистонимизда, қадимий цивилизация маркази Самарқандда кўриб турганимдан бағоят мамнунман. Бугун биз Ўзбекистоннинг янги тарихини яратяпмиз. Мақсадимиз – халқимизга хизмат қилиш, одамларни рози қилиш ва келажакка ишонч билан қарашини таъминлаш. Бунга сизлар ҳам ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман, – деди Президент.

Орангизда ўзимизнинг қоракўзларимизни кўриб турибман. Бу менга ифтихор бағишлайди. Билингки, Президент сизларни доим қўллаб-қувватлайди, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мулоқот сўнггида Президент блогерлар билан суратга тушди, уларнинг фаолиятига муваффақиятлар тилади.


ЎзА

← Рўйхатга қайтиш