Халқ демократик партияси ташкил этилганига 29 йил тўлди

 

1991 йил 1 ноябрь... Мустақил Ўзбекистондаги биринчи сиёсий партия – Ўзбекистон Халқ демократик партиясини ташкил қилинди. Шу куни партиянинг таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой партия Устави ва Дастурини қабул қилди, унинг ижтимоий-сиёсий фаолиятининг устувор йўналишларини белгилади.

Халқ демократик партияси мустақилликнинг илк кунларидан манзилли ижтимоий ёрдам ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламлари ва гуруҳлари манфаатларини ифода этувчи, илгари сурувчи партия сифатида сиёсий майдонга чиқди.

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида партиянинг 29 йиллиги муносабати билан видеоконференция ўтказилди. Конференцияни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов кириш сўзи билан очди. Аввало, партиянинг мамлакатимизда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, кучли фуқаролик жамиятини қарор топтиришга қўшган муносиб ҳиссаси эътироф этилди.

Партия фаоллари, депутатлар, хайрихоҳларни мустақиллигимиз билан қадамма-қадам одимлаб, юртимиздаги ислоҳотларга фаол ҳисса қўшиб келаётган Халқ демократик партияси ташкил топган сана билан билан самимий табриклади.

Қайд этилдики, кейинги 4 йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ошкоралик сиёсати партиялар фаолияти кучайиши ва кенгайиши учун замин яратди. Президентимизнинг сиёсий етакчилиги ва кучли иродаси билан мамлакатда бутунлай янгича сиёсий муҳит яратилди.

Сиёсий куч сифатида ҳукумат олдига электорат манфаатларидан келиб чиқиб, долзарб масалалар кўтариб чиқилмоқда. Кўппартиявийлик тамойилини юзага чиқариш, фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш, ўз электорати манфаатлари ҳимояси бўйича Ҳукумат олдига масалани қатъий қўйиш имконияти пайдо бўлди. Жойларда эса маҳаллий Кенгаш депутатларимиз аҳоли муаммоларини ҳокимият олдига қўйиб, ечим топишмоқда. Ҳозир қайси партия халқ билан мулоқотда бўлиб, ҳаётий таклиф-ташаббусларни амалга ошира олса, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш имкониятига эга.

Конференцияда сўзга чиққанларнинг таъкидлашича, янги муҳитга мувофиқ равишда Халқ демократик партияси тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Айниқса, кадрлар сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими, марказлаштириш жараёнидан қуйи тизим мустақиллигини таъминлаш масаласи қўйилмоқда. Бир қанча туман кенгашларига молиявий мустақиллик берилди. Бу эса қуйи тизимни ривожлантиришда ўз самарасини бермоқда.

Ўтган давр мобайнида партия кенгашларининг депутатлар билан алоқаси мустаҳкамланди. Халқ дардига қулоқ тутиш, уларнинг муаммоларини ўрганишда биргаликда фаолият олиб борилмоқда. Жойларда парламент, депутатлик ва жамоатчилик назорати кучайтирилди. Натижада аҳолининг уларга бўлган ишончи янада ошмоқда. Буни депутатларга бўлаётган мурожаатлар сони ошиб бораётганидан ҳам кўриш мумкин.

Парламентда, маҳаллий Кенгашларда энг ёш депутатлар Халқ демократик партиясидан экани қувонарли ҳол, албатта. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илк бор ташкил этилган Ёшлар парламентига партиядан 49 нафар ёш йигит-қизлар сайланди. Бу ёшлар партиянинг келажагидир.

Конференцияда жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол қатнашиб, партия нуфузини оширишда фидойилик кўрсатиб келаётган фахрийлар, депутатлар ва фаоллар меҳнати алоҳида эътироф этилиб, эҳтиром билан тақдирланди.

Партия дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ қилиш, ғояларини оммалаштириш ва электорат манфаатлари йўлида амалга оширган ишлари, ташаббускорлиги, партияга садоқати учун бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг “Эҳтиром китоби” га киритилди.

Конференцияда депутатлар, сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудудий ташкилотлар етакчилари мамлакатдаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида Халқ демократик партиясининг мустаҳкам ўрни ва позицияси бўлиши зарурлигини таъкидлашди. Бу борада олдинда турган вазифалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар берилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Лойиҳаларимиз Фахрий Олий Мажлис Мустақилликнинг 29 йили
← Рўйхатга қайтиш