Партия дастури

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

ДАСТУРИ

2019 йил 28 октябрда Ўзбекистон Халқ демократик партияси XI Қурултойида қабул қилинган

Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларини, аввало, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақини таъминлаш, мамлакатда ижтимоий барқарорлик, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ҳар бир оила ҳамда бутун халқ фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатлардан келиб чиқиб белгилайди.

Ўзбекистон тараққиёти стратегиясининг бош мақсади – аҳоли турмуш даражаси юқори бўлган ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш мақсади ушбу манфаатларга тўлиқ мос келади.

Бу масалада ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча жабҳаларини либераллаштириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган амалий ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур жараёнда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизациялаш ҳамда барча соҳаларни либераллаштириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган амалий ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур устувор вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этишда фаол иштирок этиш  Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади.

Ўзбекистон ХДП сайлов кампанияларида фаол иштирок этиб, ўз номзодларининг кўпчилик сайловчилар томонидан  қўллаб-қувватлашига эришиш ва шу орқали давлат ҳокимияти ижро органларини шакллантириш, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий  ривожланишнинг устувор йўналишлари ҳамда уларга эришишнинг самарали йўлларини белгилашда таъсирга эга Қонунларни қабул қилиш учун  зарур  имкониятни қўлга киритишни мақсад қилмоқда.

Ўзбекистон ХДП сайлов кампанияларида фаол иштирок этиб, кўпчилик сайловчилар овозини тўплашни, шу орқали қонунларни қабул қилиш, давлат ҳокимияти органларини шакллантириш ҳамда улар томонидан  ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилаш ва рўёбга чиқариш жараёнларига самарали таъсир кўрсатишни мақсад қилган.

Ривожланишдаги ижтимоий устуворлик – партия сиёсий позициясининг асоси

Ўзбекистон Халқ демократик партияси сиёсатининг асосий устуворлиги иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишдир.

Бу устувор мақсадни амалга оширишда Ўзбекистонни барқарор иқтисодий ривожланиш орқали яқин истиқболда аҳоли турмуш даражаси ва сифати бўйича дунёнинг ўртача ривожланган мамлакатларидан кам бўлмаган давлатлар қаторига киритиш асосий йўналишдир.

Партия ушбу мақсадга эришиш йўлларини белгилашда давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож қуйидаги аҳоли қатламининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларидан келиб чиқишни зарур, деб ҳисоблайди:

- пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори турмуш кечириш учун етарли бўлмаган пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, кўп болали оилалардаги аёллар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари;

- меҳнат билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётган инсонлар, жумладан, меҳнат бозорига энди кириб келган таълим муассасалари битирувчилари;

- зарур касбий малакаси йўқлиги сабабли доимий иш жойи ва барқарор даромадга эга бўлмаган кишилар, жумладан, ички ва ташқи меҳнат мигрантлари.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фикрича, мамлакатнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг кам таъминланган қатламлари турмуш даражасини яхшилаш учун хизмат қилиши керак.

Ўзбекистон ХДП мамлакатнинг тобора юксалаётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг кам таъминланган қатламлари турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини ошириш йўлида фойдаланиш керак, деб ҳисоблайди.

Бу мамлакатда ижтимоий барқарорлик, фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлашнинг асосий омили ҳамда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ушбу устуворликдан келиб чиқиб, партия ўз депутатлари орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириб боришни, жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришни, ижтимоий ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришни кўзда тутади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда партия барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тарафдори бўлган барча шахсларнинг кўмагига таянади.

 

ПАРТИЯ СИЁСИЙ МАФКУРАСИНИНГ АСОСИЙ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ

Ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия партия сиёсий мафкурасининг асосий қадриятлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий адолат ва тенглик деганда фуқароларнинг ҳуқуқ ва имкониятлардан эркин фойдаланишдаги тенглигини, ижтимоий ва моддий ҳолатидан қатъи назар қонун олдида барча бирдай маъсул эканлигини тушунади. Тенглик ва адолат барча – иқтисодий, гуманитар, маданий жабҳаларда мустаҳкам қарор топиши лозим, бу ижтимоий ўсиш ва ижтимоий барқарорликнинг асосий шартидир.

Партия фикрича, халқнинг тарихий анъаналарида чуқур илдиз отган ижтимоий бирдамлик -  аҳолининг ижтимоий ҳимояланганлик даражасини ошириш ва муҳим ижтимоий дастурларни ҳаётга самарали татбиқ этишда, давлат ва жамиятнинг барча илғор кучлари, иқтисодий фаол ва моддий таъминланган фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоат институтларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи муҳим омил ҳисобланади.

Ижтимоий демократия – барча учун, шу жумладан, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари учун ҳам бирдай тегишли бўлиб, уларга ўз манфаатлари ва ҳаётий эҳтиёжларига алоқадор бўлган иқтисодий, ижтимоий ва бошқа муаммоларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлари ҳамда бевосита фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали ҳал қилиш имконини беради.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат фаолияти ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида мазкур устувор ижтимоий тамойилларни қарор топтириш ҳар бир инсонга сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда эркин ва масъулият билан иштирок этиш, аҳолининг нафақат ҳимояга муҳтож, балки барча қатлами манфаатларига мос келадиган кучли ижтимоий сиёсат юритиш имконини беради деб ҳисоблайди.

III. ПАРТИЯНИНГ ИЖТИМОИЙ ИДЕАЛИ – ИЖТИМОИЙ ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ БАРПО ЭТИШДИР

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ўзбекистонда қуйидаги мезонларга жавоб берадиган ижтимоий демократик давлат қуришни ўзининг энг олий мақсади деб билади:

- Бу – ҳуқуқий демократик давлат ва ривожланган фуқаролик жамияти. Унда жаҳон тан олган умуминсоний ҳуқуқлар ва эркинликлар нафақат конституцияда кафолатлаб қўйилади, балки сўзсиз бажарилади ҳам. Оилалар ва болалар бехавотир яшайди, аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги меъёрий ҳужжатлардагина эмас, амалда мавжуд бўлади.

- Бу – жаҳон ҳамжамиятида тан олинган демократик тамойилларга асосланиб, мамлакат Конституцияси ва қонунларига биноан фаолият олиб борадиган, халқ назорати ва ҳисобдорлигида бўлган самарали давлат ҳокимиятидир.

- Бу – ички бозорни самарали тарзда ҳамёнбоп маҳаллий товар ва маҳсулотлар билан тўлдириш ҳамда аҳолининг меҳнатга лаёқатли барча қатламини тўлақонли ва муносиб ҳақ тўланадиган иш билан банд қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратувчи, бир ёқлама хом ашёга йўналтирилмаган ва шиддат билан ривожланаётган ижтимоий иқтисодиётдир.

- Бу – ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг ҳаётий эҳтиёжларини етарли даражада қондирадиган, кафолатланган манзилли ижтимоий ҳимоя, ижтимоий ёрдам ва ижтимоий таъминот, шу жумладан, пенсия таъминотини таъминлайдиган кучли ижтимоий сиёсатдир.

- Бу – келажак авлодлар олдидаги масъулиятини теран англайдиган, табиат ва атроф-муҳит муҳофазасига ғамхўрлик қилишда ўрнак кўрсатадиган, ёш авлодга ишончли келажакни, кексаларга – тинчлик ва фаровонликни таъминлайдиган мамлакатдир.

- Бу – халқнинг боқий маданий анъаналари, бой маънавий меросига таянган ва ҳозирги замон цивилизациясининг энг яхши ютуқларини ўзида мужассам қилган юксак маънавий баркамоллик ва маданиятлилик даражасидир.

- Бу – тинч ва осойишталикда яшаётган миллат ва элатлар вакиллари – турли сиёсий қараш ва эътиқодга эга инсонлар учун умумий уй ҳисобланган мамлакатдир.

- Бу – халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ, ўз миллий манфаатларини амалга ошириш учун мустақил ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширадиган, бошқа мамлакатлар билан муносабатларда яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига амал қиладиган, жаҳон ҳамжамиятида тан олинган ва ҳурматга сазовор бўлган мамлакатдир.

- Бу – ишончли ва профессионал тарзда ҳимояланган миллий хавфсизлик, ҳудудий яхлитлик ва давлат чегараларининг дахлсизлиги, фуқароларнинг жиноятчилик ва тазйиқдан ишончли ҳимояланганлигидир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу ишларни Ўзбекистонда мустақиллик йилларида шаклланган шарт-шароитлар асосида яқин ўн йиллар ичида амалга ошириш ва янада ривожлантиришга қатъий ишонади.

Бу устувор йўналишларнинг амалга оширилиши дунёнинг ривожланган давлатлари даражасига мос равишда муносиб ҳаёт кечириш, сифатли олий таълим олиш, касби бўйича ишга жойлашиш учун барча имкониятлар яратилган, барқарор ривожланиб бораётган юртда яшаётганидан Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига фахрланиш туйғусини тақдим этади.

Бу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз олдига қуйидаги ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурий вазифаларни қўяди.

 

РИВОЖЛАНИШДАГИ ИЖТИМОИЙ УСТУВОРЛИК

1. Аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини ошириш

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг ижтимоий устувор йўналишларини белгилашда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг юқори ижтимоий таъминланганлик даражаси, жамият ижтимоий барқарорлигининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади, деган фикрдан келиб чиқади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг ижтимоий устувор йўналишларини аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг юқори даражада ижтимоий ҳимоя қилиш жамият ижтимоий барқарорлигининг ишончли асоси эканлигидан келиб чиқиб белгилайди.

Партия пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар,  ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда аҳолининг бошқа заиф қатламларига пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларни белгилаш халқаро умумжаҳон стандарт ва тавсияларига, Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадлар ва вазифаларига жавоб берадиган мезонларга асосланиши керак, деб ҳисоблайди.

Ушбу мақсадда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

- фуқароларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий ёрдам, уй-жойга эга бўлиш, ижтимоий ҳимоя, маданий ҳаётда иштирок этиш ҳуқуқи ва малакали юридик хизматдан фойдаланиш, жумладан, аҳолининг кам таъминланган ва бошқа заиф қатламларига бепул ижтимоий хизматлар тақдим этиш орқали конституцияда мустаҳкамланган ижтимоий кафолатлари ва ҳуқуқларининг амалга оширилишини таъминлайдиган минимал давлат ижтимоий стандартларни қонуний жиҳатдан белгилаш;

- аҳоли турмуш даражасини белгилашда, ижтимоий сиёсат ва давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб жорий этишда, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг энг кам даражасини белгилашда халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган кўрсаткичлар, яъни яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси ҳамда уларни қўллаш тартибини қонуний жиҳатдан белгилаш ҳамда амалиётга киритиш;

- кам таъминланган оила аъзолари, жумладан, ишсизлар, ишлашга имконияти бўлган ногиронлар, аёллар учун тадбиркорлик фаолияти ва касаначиликни ташкил этиш мақсадида имтиёзли кредит бериш, давлат ва давлат-хусусий шерикчилик асосида рағбатлантириш тизимини янада ривожлантириш. Бу аҳолининг боқимандалик кайфиятини енгиб ўтишига хизмат қилади;

- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари негизида қонунчиликда кўзда тутилган маслаҳат марказлари тизими ва кам таъминланган меҳнатга лаёқатли фуқароларни бизнес юритиш ва тадбиркорлик асослари бўйича бепул ўқитиш ҳамда уларга ҳуқуқий ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳат беришнинг бошқа шаклларини янада ривожлантириш;

- аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатишда, жумладан, ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронлар, "Мурувват", "Саховат" ва "Меҳрибонлик" уйларида истиқомат қилувчилар учун замонавий қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича давлат-хусусий шерикчилик ва ижтимоий тадбиркорликни амалга оширишнинг аниқ процессуал механизмларини қонуний мустаҳкамлаш;

- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг ижтимоий манфаатлари ва ахлоқ меъёрларига жиддий зиён етказадиган ортиқча харажатларнинг олдини олиш бўйича тўй, оилавий, юбилей, дафн маросимлари ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказиш тартибини қонуний мустаҳкамлаш. Шу билин бирга, тарихан шаклланган миллий-маданий қадриятлар ва анъаналарнинг асл мазмуни ва аҳамиятини тушунтириш бўйича маърифий ишларнинг самарадорлигини ошириш зарур;

- ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни тартибга солувчи миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича Конвенциясига, бошқа умумжаҳон халқаро ҳужжатлар ва тавсияларга мувофиқлаштириш.

2. Кундалик истеъмол товар ва хизматлар нархларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари, тарифлари норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги учун ушбу нархларни шакллантириш устидан қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш тарафдори.

Шу мақсадда партия қуйидагиларни таклиф этади:

- муҳим ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларнинг нархлари ҳамда рўйхатини белгилаш давлат томонидан тартибга солинишини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;

- мамлакатимизда етарли миқдорда ишлаб чиқарилмаётган муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар учун божхона божи ва тўловлари бўйича имтиёзли ставкаларни ўрнатиш;

- импорт ўрнини босувчи ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга импорт товарларидан олинадиган даромадларнинг бир қисмини имтиёзли кредит шаклида беришга йўналтириш тартибини жорий этиш;

- ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларни ишлаб чиқарувчи компанияларнинг монополиясини чеклаш, жумладан, монопол корхоналарни мажбурий равишда бўлиниши ва уларнинг таркибидан мустақил хўжалик субъектларини ажратиш бўйича қонунчиликка тегишли процессуал меъёрларни киритиш.

- илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, миллий қонунчилик меъёрларига аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотадиган дўконлар ташкил этилишини тартибга солувчи механизмларни жорий этиш ва бундай савдо тармоқларини ривожлантириш бўйича амалий чораларни кўриш.

3. Уй-жой ва коммунал хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолининг ижтимоий заиф қатламини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш – ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишидир, деб ҳисоблайди.

Бунинг учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш лозим:

- ҳашаматли ипотека турар-жойларини қураётган қурилиш компаниялари ва тижорат банклари даромадидан мажбурий ажратмаларни қонунчиликка жорий қилиш. Ушбу маблағларни махсус фондларда жамлаш ва кейинчалик аҳолининг заиф қатламлари, жумладан, уй-жойсиз, яшаш шароити ўта оғир аёллар, “Меҳрибонлик” уйлари битирувчилари учун ижтимоий турар-жойлар қурилиши учун ишлатиш;

- кам таъминланган аҳоли қатламига, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга мақбул арзон уй-жойлар қуришни кенгайтириш, ҳамда бу соҳада имтиёзли ипотека кредити амалиётини такомиллаштириш.

Партия уй-жой ва коммунал хизматлари ҳамда кўп хонадонли уйларда эксплуатация хизматлари тўловларининг ижтимоий мақбуллик даражасини ошириш мақсадида қуйидагиларга эришишни кўзламоқда:

- марказлашган иситиш ва иссиқ сув таъминотини, маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва утилизация қилиш хизматларини кўрсатувчи корхоналар табиий монополияси бўйича қонунчилик меъёрларини кўриб чиқиш;

- муҳандислик тармоқ инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган, коммунал хизматлар тақдим этиш бўйича муқобил автоном (локал) шаклларини ривожлантириш;

- коммунал хизматлар, уй-жой фондидан фойдаланиш учун нарх-наво ва тарифларни шакллантириш меъёрларини ҳамда коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рентабеллигининг чегараланган даражасини қонунчиликда мустаҳкамлаш;

- коммунал хизматларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган йўқотишларини қоплаш мақсадида, нарх-наво ва тарифлар оширилиши ҳолатларига йўл қўймаслик учун маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда коммунал хизматларга ўрнатилган тарифлар устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;

- уй-жой фондидан фойдаланишни ташкил этиш, асосий коммунал хизматларни етказиб берувчилар ва улардан фойдаланувчиларнинг ўзаро масъуллигини кучайтириш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш.

- уй-жой фондини коммунал хизматлар етказиб берувчи ташкилотлар ҳисобидан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, иссиқлик энергияси ва иссиқ сув ҳисоблаш асбоблари билан тўла қамраб олиш;

- коммунал хизматларнинг барча ўлчов асбоблари ҳисоб-китобини етказиб берувчи ташкилотлар балансига ўтказишда жиҳозларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва мунтазам текшириб бориш вазифасини ҳам улар зиммасига юклаш.

Партия мазкур масалаларни ҳал этиш мақсадида тегишли давлат органлари билан тизимли асосда ҳамкорлик қилишни, унинг жойлардаги бўлинмалари фаолияти устидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишни режалаштирмоқда.

4. Тиббий хизматнинг ижтимоий мақбуллигининг устуворликлари

Аҳолининг кам таъминланган қатламларига тиббий хизматлар кўрсатиш, айниқса, ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни даволаш ва олдини олиш — ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишидир.

Шу мақсадда партия қуйидагиларга эришишни кўзламоқда:

- мулкчилик шаклидан ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган мажбурий тиббий хизматлар ҳажмини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш, жумладан, тегишли мажбурий тиббий суғурта механизмларини жорий этиш;

- мулкчилик шаклидан ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, аҳолининг бошқа заиф қатламларини ҳар йили тўлиқ ихтисослаштирилган юқори технологияли  бепул тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш;

- аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш, бу борада самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

- дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархлари давлат томонидан тартибга солинишини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;

- пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар, “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйларида яшовчилар, аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий хизмат кўрсатиш, уларни дори-дармонлар ва тиббий воситалар билан таъминлаш ҳамда ижтимоий дорихоналарнинг тармоғини яратиш ва фаолиятини ташкил этиш устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш.

5. Таълимда ижтимоий тенглик

Таълим тизимида ижтимоий тенгликни таъминлаш — мамлакатимизда демократик жамиятни шакллантиришнинг муҳим омилларидан биридир.

Шу мақсадда Ўзбекистон Халқ демократик партияси келгуси даврда таълим соҳасида қуйидаги ижтимоий устувор вазифаларни амалга оширишга эътибор қаратишни муҳим, деб ҳисоблайди:

- бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим ва тарбия муассасалари тармоғини кенгайтириш ва келгусида 3–6 ёшдаги болаларни мажбурий мактабгача таълим-тарбия билан қамраб олиш ҳамда мактабгача таълим муассасаларида 3 ёшдан кичик болалар учун махсус тарбия гуруҳларини ташкил этиш;

- тегишли педагогик маълумотга эга, лекин мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёлларни мактабгача таълим ҳудудий органлари тизимида оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатида уй меҳнатини ташкил этиш, жумладан, мактабгача ёшдаги болаларга уйига бориб мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш дастури – “Нomevisits” тариқасида уларнинг иштирокини таъминлаш;

- ўзлари яшаган қишлоқ аҳоли пунктларида ишлаш шарти билан, қишлоқ ёшлари давлат грантлари асосида олий педагогик, тиббиёт ва бошқа мутахассисларни тайёрлайдиган олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун имтиёзли шароитларни жорий қилиш;

- тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитларини тақдим этиш;

- олий таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг таҳсил олиш имкониятларини кенгайтириш;

- давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат таълим муассасалари фақатгина даромади юқори бўлган оилаларга   хизмат қилмаслиги учун мазкур таълим муассасаларида тўловларнинг ижтимоий мақбул миқдорини қонунчиликда белгилашни таклиф этади;

- кам таъминланган оилаларнинг қобилиятли фарзандлари нодавлат мактабгача таълим ва ўрта мактабларда таҳсил олиши учун қулай имкониятлар яратиш, шу мақсадда тегишли давлат-хусусий шерикчилик шаклидаги муассасаларни ривожлантириш;

- мактаб ўқувчиларининг жамоат транспортидан бепул фойдаланишини жорий қилиш;

- илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда олий таълимни ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солишнинг замонавий маъмурий-ҳуқуқий механизмларини шакллантириш, шу жумладан, таълим шартномалари нархларини оптималлаштириш, талабаларнинг академик кўрсаткичларига ва инновацияларда иштирок этишларига боғлиқ равишда стипендия миқдорини белгилаш, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини етарли даражада қондириш учун бунга муҳтож бўлган барча ўқувчиларни ётоқхоналарда қулай яшаш шароитлари билан таъминлаш ва ҳоказо;

- мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари соғлом овқатланишини ташкил этиш;

- ногиронлиги бўлган болалар учун зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар, жумладан, овоз жўрлиги билан ва Брайль алифбоси асосидаги адабиётларни чоп этиш, харид қилиш, соҳа ўқитувчиларига имтиёзлар жорий этишни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш, бу мақсадлар учун харажатларни давлат бюджети маблағларидан молиялаштириш.

6. Маданий-гуманитар соҳадаги тенг имкониятларни таъминлаш

Ўзбекистон ХДП жамият ҳаётининг барча соҳасида ижтимоий тенглик тамойилларига таянган ҳолда, ислоҳотларнинг мазкур босқичида кам таъминланган оилаларнинг истеъдодли ва қобилиятли фарзандларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хусусан, ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш учун етарлича имкониятлар мавжуд, деб ҳисоблайди. Партиянинг фикрича, шу мақсадда, қуйидаги ижтимоий устувор вазифаларни амалга ошириш зарур:

- бола қобилиятини эрта аниқлаш ва уларнинг баркамол ривожланишига йўналтирилган самарали процессуал механизмларни яратиш;

- кам таъминланган оилаларнинг истеъдодли ва қобилиятли фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун давлат грантлари тизимини яратиш;

- олис қишлоқ аҳоли пунктларидаги маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар мактаблари, мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантиришни молиялаштириш учун бюджет харажатларини ошириш;

- кам таъминланган оилалар фарзандлари учун “Баркамол авлод” болалар мактабларига тўловларни бекор қилиш;

- кам таъминланган оилалар, айниқса, олис қишлоқ аҳоли пунктларидаги ёшларнинг спорт билан шуғулланиши ва мароқли дам олиши учун қулай инфратузилмани янада ривожлантириш.

Мамлакатнинг моддий ва номоддий маданий меросидан аҳолининг кам таъминланган қатламлари баҳраманд бўлиши учун қулай имкониятлар яратиш лозим. Ушбу мақсадда партия Ўзбекистон маданияти ва тарихининг асосий диққатга сазовор жойларига ҳомийлик саёҳатларини уюштириш учун ихтисослаштирилган фондларни ташкил этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилади.

  1. Иқтисодий сиёсатининг устуворлиКлари

1. Ижтимоий иқтисодиёт – кучли ижтимоий сиёсат юритишнинг асосидир

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ички бозорни  ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори қўшимча қийматга эга товарлар билан тўлдириш барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан биридир, деб ҳисоблайди.

Шу мақсадда, партия маҳаллий ҳокимиятлар даражасида ҳудудларнинг истеъмол товарларга эҳтиёжини ўрганиш ҳамда аҳолининг ўсиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, истеъмол талабини ривожлантириш прогнозини тайёрлаш зарур, деб ҳисоблайди. Бунда, тегишли ҳудудларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот учун зарур ресурслар мавжудлигига эътибор қаратиш лозим.

Шу асосда керакли товарларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли ва узоқ муддатли ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш. Мазкур дастурларни шаҳар ва туманларда бандлик ва иш ўринлари яратишга доир ҳудудий дастурлар ҳамда ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мувофиқлаштириш зарур.

Партия мазкур дастурларни амалга оширишда тадбиркорлик субъектларининг фаоллигини рағбатлантириш мақсадида қуйидагиларни таклиф этади:

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, самарали бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун танлов асосида имтиёзли кредит ва моддий ресурслардан фойдаланиш амалиётини киритиш;

- муайян ҳудудларга импорт товарларини олиб кирганлик учун божхона тўловларидан тушган маблағларнинг бир қисмини тегишли маҳаллий бюджетларга йўналтириш орқали импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ривожлантириш бўйича махсус туман ва шаҳар инвестициявий фондларини яратишни кўзда тутиш;

- “ишлаб чиқариш ипотекаси”ни, яъни тижорат банкларининг инвестициявий ресурслари ҳисобига тайёр корхоналар ташкил этиш ва келгусида тадбиркорлик субъектларига кредит ёки лизинг бўйича сотиш механизмини амалиётга киритиш. Шунингдек, импорт ўрнини босадиган ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматларни ишлаб чиқариш бўйича асосли бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли кредитларни жорий этиш.

Мазкур вазифаларни ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳолининг қуйидаги узоқ муддатли ижтимоий манфаатларини амалга оширишга ёрдам беради:

- ишлаб чиқариш соҳасида барқарор ва юқори иш ҳақи тўланадиган янги иш ўринлари яратишни жадаллаштиради;

- ички бозорга ўз товарлари билан кирадиган миллий ишлаб чиқарувчилар доирасини кенгайтириш соғлом рақобатни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу ўз навбатида маҳсулот сифатини яхшилаш ва истеъмол нархларини барқарорлаштиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, ички бозорда импорт товарлари билан рақобатдошликка эришиш ташқи бозорларда ҳам рақобатбардошликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Партия иқтисодиётни либераллаштириш ва бозор тизимини шакллантириш ижтимоий мақсадларга эришиш кафолатини бермайди, деб ҳисоблайди. Шу боис давлат ва жамият томонидан иқтисодий ривожланишни назорат қилиш ҳамда тартибга солиш бўйича демократик тизимни шакллантириш лозимдир. Шу мақсадда партия қуйидагиларга эришишни кўзлайди:

- иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ва янги технологияларни жорий этиш масалалари бўйича барча жабҳаларда ижтимоий мулоқот ва жамоат назорати механизмини жорий этиш. Ушбу жараёнларни аҳолининг барқарор, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларида бандлигини ошириш, меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик даражаси ва ишлаб чиқаришнинг экологик тозалигини таъминлаш билан уйғунликда олиб бориш;

- технологик экспертизанинг замонавий тизимини шакллантириш, бу жараёнда ижтимоий шерикчилик асосида, касаба уюшмалар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан хамкорликни кучайтириш;

- инвестициялар устидан жамоатчилик назоратининг самарали тизимини яратиш, инвестиция сиёсатида жамият манфаатлари ҳимоясини таъминлаш.

Партия мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, мазкур ҳолат ички бозорда тақчиллик келтириб чиқармаслиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархини ошириб юбормаслиги лозим, деб ҳисоблайди. Партия ана шу мақсадда истеъмол бозорининг тегишли сегментлари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади ва унинг якунлари бўйича халқ депутатлари Кенгашларида ўз гуруҳлари орқали мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш бўйича таклифлар киритади.

2. Бандликка оид сиёсат

Партия меҳнатга лаёқатли аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилишнинг асосий йўналиши – бандликни таъминлаш, деб ҳисоблайди. Бунда меҳнатга лаёқатли аҳолини ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш устувор вазифадир.

Шу билан бирга, партия меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини уй меҳнатининг замонавий шакллари орқали ошириш пировард мақсадимиз эмас, деб билади. Авваламбор, иқтисодиёт реал секторининг ишлаб чиқариш фаолиятига банд бўлмаган аҳолини самарали жалб этиш - ЯИМ ўсишини таъминловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бу, шунингдек, ички истеъмол бозорини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарлар билан янада кўпроқ тўлдиришга ёрдам беради. Меҳнат фаолиятига жалб қилинадиган инсон ижтимоий нафақа олувчидан бюджетнинг даромад қисмини тўлдирувчи манбага айланади.

Партия депутатлик бирлашмалари орқали мазкур масалалар бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг жойлардаги бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича давлат буюртмаси амалга оширилиши устидан парламент ва депутатлик назоратини олиб боради.

Шу билан бирга, партия демократик таъсир механизмларидан фойдаланган ҳолда, қонунчиликда ўрнатилган квоталарга асосан ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат бандлигини таъминлашга ҳаракат қилади. Шунингдек, партия ногиронлиги бўлган шахслар меҳнати учун марказлашган давлат инвестициялари ҳисобидан ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш ҳамда ушбу корхоналарга ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмасини бериш амалиётини ривожлантириш зарур, деб билади.

Партия иш топишда қийналаётган аёлларни, “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларини ва бошқа ижтимоий гуруҳларни, шу жумладан, “Тенг иш ҳақи - тенг иш учун” тамойилига қатъий риоя қилишни таъминлаш учун ҳуқуқий кафолатлар даражасини оширишга интилади.

Партия уй меҳнатини ташкиллаштиришнинг янги самарали шаклларини ривожлантиришга ҳаракат қилади. Хусусан, мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёллар учун уй меҳнати ҳамда уларнинг тегишли давлат-хусусий шерикчилиги шаклларида иштирокини ривожлантириш бўйича эҳтиёжларни аниқлаш ва ишлаб чиқилган таклифларни халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқишни режалаштирмоқда.

Олис қишлоқ жойларидаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий соҳаларга малакали ва бой тажрибага эга мутахассисларни жалб этиш мақсадида партия уларни тегишли моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш лозим, деб ҳисоблайди.

Тадбиркорлик субъектларини ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақидан юқори тўланадиган барқарор иш ўринлари яратишга рағбатлантириш муҳимдир. Шу мақсадда партия қуйидагиларни таклиф этади:

- меҳнатга ҳақ тўлаш миқдоридан келиб чиқиб, ижтимоий тўловларнинг дифференциал ставкаларини белгилаш. Бунда корхонадаги ўртача иш ҳақи қанча юқори бўлса, шунга қараб ягона ижтимоий тўлов миқдорини пасайтириб бориш;

- иш ҳақининг ўртача ҳисобланган номинал миқдоридан паст даражада меҳнат ҳақини тўловчи корхона ва хусусий тадбиркорлар учун қонунда кўзда тутилган солиқ имтиёзларини қўлламаслик ва даромадга солиқнинг юқори ставкаларини белгилаш.

Доимий иш жойига эга бўлмаган фуқаролар, биринчи навбатда, оғир ижтимоий вазиятдаги аёллар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида партия ўзининг ижтимоий шериклари билан биргаликда фуқароларнинг вақтинча бир марталик иш билан таъминланишини қонунчилик асосида тартибга солишга ҳамда амалиётини таъминлашга интилади.

  1. Давлат, жамият қурилиши ва суд-ҳуқуқ соҳасида ижтимоий тенглик ҳамда ижтимоий демократия

Партия мамлакатимизда ижтимоий демократия тизимини  шакллантириш тарафдори. Бу барча, жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун давлат, жамият ва суд-ҳуқуқ соҳасида тенгликни таъминлаш демакдир.

Партия ана шу мақсадда қуйидаги масалаларни кўриб чиқиб, ҳал этишни таклиф этади:

- мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим жабҳалари, аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларига дахлдор бўлган ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича ижро ҳокимияти томонидан қарор қабул қилишда, парламентдаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан мажбурий жамоатчилик маслаҳатларини ўтказиш механизмини жорий этиш;

- аҳолининг заиф қатламлари ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиши шартлигини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;

- Давлат хизматлари марказларида “электрон ҳукумат” тизими орқали аҳоли заиф қатламларининг қонун лойиҳалари ва турли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизасида эркин қатнашиши учун шохобчалар ташкил этиш. Шунингдек, қонунлар ва турли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари, айниқса, халқ депутатлари Кенгашларининг, давлат ижро ҳокимияти идораларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари матнлари билан танишиш имкониятини кенгайтириш.

Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, қонун олдида барчанинг тенглиги – ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилиш партиянинг суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этишдаги устувор йўналишларидандир.

Партия мазкур вазифаларни амалий ҳал этиш мақсадида қуйидагиларга эришишни кўзда тутади:

- аҳоли заиф қатламларининг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик, депутатлик ҳамда парламент назорати самарадорлигини оширишга қаратилган инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

- соғлиқни сақлаш ва таълим ходимларининг шаъни, қадр-қиммати,  касбий обрўсини ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича аниқ меъёр ва процессуал механизмларини қонуний жиҳатдан белгилаш;

- аҳолининг кам таъминлаган қатламлари учун хуқуқий ёрдам ва хизмат кўрсатиш бўйича ижтимоий мақбул бўлган тизим яратиш, шу мақсадда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул маслаҳатлар берадиган ихтисослашган ижтимоий корхона – “юридик клиникалар” тармоғини ривожлантириш. Жумладан, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳи ва партия ташкилотлари қошида шу каби маслаҳат тузилмаларини ташкил қилиш;

- аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ишлари самарадорлигини янада яхшилаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари негизида ҳуқуқий маслаҳат бериш тизимини яратиш. Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳаётий масалалар бўйича давлат ва вакиллик органларига юбораётган мурожаатлари юзасидан маслаҳатлар бериб бориш.

VII. Жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш

Партия ахборот маконида мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда уларга қарши курашиш учун жамиятнинг ижтимоий бирлашиши муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблайди.

Партия ушбу масалаларда ўз вазифасини мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва мамлакатимизнинг миллий мустақиллик ғояларини мустаҳкамлаш бўйича давлат ва фуқаролик жамияти институтлари олиб бораётган ишларни изчил қўллаб-қувватлаш орқали амалга оширади.

Шу муносабат билан, партия оила институтини мустаҳкамлаш ва баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришда ўзининг барча ташкилотларининг янада фаол иштирокини таъминлашга интилади.

Партиянинг фикрича, бугунги шароитда ёшларга оид давлат сиёсати жамиятнинг сиёсий ҳаётига ёшларни фаол жалб этишга йўналтирилган бўлиши лозим. Истиқболли ёшларга сиёсий партиялар тизимида ишлаш ва депутатлик фаолиятида ўзини намоён қилиш имкониятини тақдим этиш керак.

Партия, жамиятда барқарорликни сақлаб туриш учун, ижтимоий кескинликлар ошишига олиб келиши мумкин бўлган ижтимоий муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Бунда, ижтимоий-иқтисодий вазиятни ва партия электоратининг кайфиятини тизимли мониторинг қилиб борадиган маҳаллий ва бошланғич ташкилотлар бу механизмнинг муҳим таркибий қисми бўлиши лозим.

Ҳар бир мониторинг натижаларига кўра, тегишли қарорлар қабул қилиниши зарур. Бунда, одамлар ижтимоий муаммоларини холис ва адолатли ҳал этишда партия ёрдам беришини билиши керак. Бу ҳолатда мазкур масалалар бўйича “учинчи томонга” мурожаат қилишга зарурият қолмайди. Ўз навбатида, партия маҳаллий кенгашлари ҳузуридаги жамоатчилик қабулхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш ва партия гуруҳлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашни режалаштирган.

***

Ўзбекистон Халқ демократик партияси юқорида кўрсатиб ўтилган устувор дастурий вазифаларни илгари сурар экан, бошқа сиёсий партиялар билан сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашлари учун бўлаётган соғлом рақобат шароитида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида таъсирчан парламент фракциясини яратишни таъминлайдиган муносиб ўринга эришишни режалаштирмоқда. Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ХДП давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органларида етакчи позицияларга эришиш йўлида кураш олиб боради.

Бу, партиянинг давлат ҳокимияти сайланма органлари фаолиятида иштирок этиши ва дастурий мақсадларини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратади. Жамиятда ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат ва ижтимоий бирдамлик тамойилларини қарор топтириш йўлида қонунлар ва бошқа давлат қарорларининг қабул қилиниши ҳамда самарали ижро этилишини таъминлашда Ўзбекистон ХДПнинг жойларда таъсир доирасини мустаҳкамлашга имкон беради.