Халқ демократик партияси сафидаги ёшларни жипслаштирадиган лойиҳалар ишлаб чиқилади

 

2021 йил 15 январь куни Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ва Ёшлар форумидаги маърузасида белгиланган устуворликлардан келиб чиқиб, партия ёшлари олдида турган долзарб вазифаларга бағишланган конференция тарзида ташкил этилди. Видеомулоқот шаклидаги йиғилишда партия Ёшлар парламенти аъзолари, депутатлар, марказий ва ҳудудий кенгашлар ходимлари иштирок этди.

Конференцияни Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, парламент қуйи палатасидаги партия фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова очиб берди ва давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида ёшларни қўллаб-қувватлаш, бу борадаги давлат сиёсатини янада ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар, уларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритди.

Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар тарихан муҳим паллада халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёти йўлида барчамизни жипслаштириб, янги марралар сари руҳлантираётгани алоҳида таъкидланди.

2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилиниши, муҳим ғоя ҳамда вазифалар белгилаб берилиши катта аҳамиятга эга.

Партиямиз сафидаги минг-минглаб йигит-қизлар “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”, деган ягона мақсад атрофида бирлашиб, шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланиши, ўқиб-ўрганиши, изланиб етук мутахассис бўлиб етишиши керак.

Мурожаатномада бу борада кўплаб қулайлик ва янгиликлар жорий этилиши белгиланди. Уларнинг аксарияти Халқ демократик партияси Сайловолди дастури билан уйғун ва ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди.

Шундан келиб чиқиб, ёшлар билан самарали ишлашда партия ташкилотлари, депутатлар олдида турган вазифалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди, янги лойиҳалар бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Халқ демократик партиясининг ёшлар билан боғлиқ асосий позициясидан бири шуки, ижтимоий келиб чиқиши, шаҳарда ё қишлоқда яшаши, бойроқ ёки ўртаҳолроқ оиладан бўлишидан қатъи назар, қобилиятини юзага чиқариш, таълим олиш, касб танлаш, меҳнат қилишдек устувор ҳуқуқларини амалга оширишда ёшлар тенг имкониятларга эга бўлиши зарур.

Жойларда ёшларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш бўйича мутасадди ташкилотлар, ҳудудий ва республика ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш, депутатлик бирлашмалари фаолиятида бу масалага алоҳида эътибор қаратиши кераклиги таъкидланди.

Ёшлар ижтимоий қатламини ўрганиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, қайта тайёрлаш ва бандлигини таъминлашни замон талаблари асосида ташкил этиш, бу борада олиб борилаётган ишларни тизимли ташкил этиш муҳим масала экани таъкидланди. Бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини такомиллаштириш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Ёшларни касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, эҳтиёжманд оилаларнинг камбағалликдан чиқишга интилишини кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Конференцияда, шунингдек, 2020 йил 25 декабр куни бўлиб ўтган Ёшлар форумидаги Президентимиз маърузасидаги ёшлар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида сўз борди.

Таъкидландики, ушбу анжуманда давлат раҳбарининг иштирок этиши ва нутқ сўзлаши, ёшларга билдирган ишончи, мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатига қаратилган катта ислоҳотларнинг бориши ҳақидаги фикрлари ҳар бир йигит-қизнинг кучига-куч қўшди. Албатта, халқимиз олдидаги масъулият туйғуси ХДП сафидаги ёшларни ҳам янада фаолроқ бўлишга ундайди.

Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари Фирдавс Шарипов, Анвархон Темиров, Шерзод Раҳмонов, ЎзХДП Марказий Кенгаши ёшлар билан ишлаш бўйича сектор мудири Жаҳонгир Кабиржонов ҳамда Ёшлар парламентининг бир гуруҳ аъзолари сўз олиб, ёшларни ўйлантираётган масалалар юзасидан таклифларни ўртага ташлашди. Партиянинг ёшлар билан боғлиқ фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича янги чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиладиган бўлди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис Ёшлар парламенти Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш