Таржимаи ҳол

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод

ИНОЯТОВ УЛУҒБЕК ИЛЯСОВИЧНИНГ

ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

 

Иноятов Улуғбек Илясович 1962 йил 6 августда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1985 йили Тошкент политехника институтини, 1998 йили Тошкент молия институтини тамомлаган. Муҳандис-иқтисодчи, педагогика фанлари доктори, профессор. 2006 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Меҳнат фаолиятини 1985 йил Тошкент политехника институтида ўқитувчи лавозимидан бошлаган. 1993-1999 йилларда Тошкент архитектура қурилиш институтида декан ўринбосари, декан лавозимларида ишлаган.

1999-2011 йиллар давомида Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежи директори лавозимида ишлаган.

2011 йилдан Тошкент давлат педагогика университети ректори, 2013 йилдан халқ таълими вазири, 2018 йилдан эса, Наманган давлат университети ректори сифатида фаолият юритган.

У.И.Иноятов 2019 йилдан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ҳамда 2020 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

У.И.Иноятов ўзининг депутатлик фаолияти даврида давлат ва жамият бошқаруви, ички ва ташқи сиёсат, суд-ҳуқуқ ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишларида таклифлари билан мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

У.И.Иноятов 100 дан ортиқ илмий ишларнинг муаллифи ҳисобланади. Бундан ташқари, унинг таклифи асосида таълим сифатини ошириш, ёшларни юқори технологиялар бўйича касбга тайёрлаш соҳасида Германия, Россия каби давлатларнинг илғор тажрибасини мамлакатимизда қўллашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

У.И.Иноятов оилали, икки нафар фарзанди бор.