Ҳудудларда бандлик дастурлари ижро ҳолати қандай?

 

2023 йил 26 июль куни Ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш, янги иш ўринлари яратиш, ишсизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидланганидек, ўрганиш давомида депутатлар давлат ва маҳаллий инвестиция дастурлари бўйича яратилган иш ўринлари, ажратилган субсидия, грантлар, нафақалар, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан таъминланиш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратган.

Хусусан, Бухоро вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринларини яратиш борасида қатор амалий ишлар қилинган. Яъни, 2023 йилда 4,2 минг нафар банд бўлмаган фуқароларни қамраб олиш қувватига эга бўлган — 1 та "Ишга марҳамат" мономаркази, 3 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳамда 480 нафар қувватга эга бўлган 8 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилган.

Шунингдек, вилоятда меҳнат органлари йўлланмалари асосида 2023 йил январ-апрел ойлари давомида 2,9 минг нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга жалб этилган. 2023 йилнинг ўтган даврида банд бўлмаган фуқароларнинг қарийб 518 нафари ўқишни тамомлаган. Уларнинг 502 нафари бандлиги таъминланган.

Йиғилишда қайд этилганидек, Самарқанд вилоятида жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига 123,4 минг аҳоли бандлиги таъминланган. Хусусан, маҳаллабай ишлаш тизими асосида ҳоким ёрдамчилари кўмагида 9,9 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш ўринларига жойлаштирилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 9,4 мингта лойиҳа учун қарийб 241,7 млн. сўмлик кредит маблағлари ажратилган.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 2023 йилда жами 192 987 нафар аҳолини даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Жорий йилнинг январ-апрел ойларида 44 426 та доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилиб, белгиланган режа 105 фоизга бажарилган.

Хоразм вилоятидаги ўрганишларда маълум бўлишича, Янгиариқ туманида 2023 йилнинг январ-май ойларида 348 нафар фуқаро касбга ўқитишга жалб қилинган. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 393,4 гектар ерларни аҳолига "Е-аукцион" савдоси орқали ажратиш ҳисобига 1022 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланган. Шунингдек, январ-май ойларида 26 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар ишга жойлаштирилган.

Йиғилишда келтириб ўтилганидек, Навоий вилоятида 2023 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида, жорий йилда 240 минг аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш, шу жумладан 77 мингдан зиёдини доимий иш билан бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Ўрганишларда маълум бўлишича, жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига вилоятда 123,4 минг аҳолининг бандлиги таъминланган. Аҳолини иш билан таъминлаш режаси самарали бажарилишига қарамай соҳада айрим камчиликлар аниқланган. Хусусан, шу йилнинг 1 июнь ҳолатига Навоий вилоятида "Аёллар дафтари"га киритилган 5 259 нафар ишсиз хотин-қизларнинг атиги 861 нафари доимий иш билан таъминланган. Бу кўрсаткич Кармана туманида 7 фоиз, Хатирчи туманида 9 фоиз, Зарафшон шаҳрида 9 фоиз ташкил қилиб, мазкур ҳудудлардаги бўш ва янги иш ўринлари бўйича мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмагани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Шунингдек йиғилишда, Самарқанд вилоятида ҳудудий инвестиция лойиҳалари ҳисобига яратиладиган иш ўринларининг прогноз кўрсаткичлари бажарилиши январ-май ойларида атиги 14 фоизни ташкил этгани танқид қилинди.

Муҳокамаларга бой бўлган тадбирда ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган ҳудудларда аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида 0,1 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари аҳолига "Е-аукцион" платформаси орқали ернинг норматив қийматини ошириш ва савдо натижасига кўра юқори нарх берган талабгорларга ажратиб келинмоқда. Натижада ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган "Темир", "Аёллар" ва "Ёшлар" дафтаридаги ишсиз ва кам даромадли аҳолининг ушбу ер майдонини сотиб олиш имкониятини пасайтирмоқда.

Мазкур ҳолатнинг ечими сифатида депутатлар томонидан "Е-аукцион" платформаси орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож "Темир", "Аёллар" ва "Ёшлар" дафтаридаги ишсиз ва кам даромадли аҳолининг ер майдони сотиб олиш учун ернинг норматив қийматини ошириб бориш қисмини бекор қилиш, дафтарларга киритилган фуқароларга халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари қарорларига асосан тўғридан-тўғри ер ажратиш ва норматив қиймат бўйича тўловни бир йил давомида ердан олинган даромад эвазига бўлиб-бўлиб тўлашни жорий қилиш мақсадида тегишли қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартириш киритиш лозимлиги таъкидланди.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда депутатлар янги иш ўринларини яратиш бўйича олиб борилган ишларни эътироф этган ҳолда, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасидан хотин-қизларни касбга ўқитиш харажатларини қоплаш, тадбиркорликка жалб этиш, шахсий томорқаларни ривожлантириш мақсадида субсидиялар етарли даражада ажратилмаганлигини танқид остига олишди. Депутатлар мазкур муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар берди. Аҳоли бандлигидаги соҳалар бўйича амалга ошириладиган ишлар, инвестиция лойиҳалари асосида янги иш ўринларини яратишни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

матбуот хизмати

Теглар

Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш