ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ – КЎЛАМДОР ФАОЛИЯТ

 

Бу йўналишда бошқарувни такомиллаштириш зарурати юзага келган

Улуғбек ВАФОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП раиси ўринбосари:

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазифалари изчил ҳал этилмоқда.

Ҳозиргача аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишларига оид Президентимизнинг ижтимоий ёрдам масалалари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган 40 дан зиёд фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Юртбошимизнинг тегишли ҳужжатлари асосида ногиронлар жамоат бирлашмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, аҳолининг меҳнат бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида кам таъминланган аҳоли қатламларига арзон турар жойлар қуриш орқали уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга доир дастурлар изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, жорий йилда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожалнтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида жорий йилда ижтимоий сиёсатнинг янги устувор йўналишлари белгилаб берилган. Уларнинг ажралиб турадиган хусусияти – бу мамлакатда тегишли вазифаларни БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда ҳал этишдир.

Давлат дастурида жорий йилда ижтимоий ривожлантиришнинг устувор йўналиши бўлган Камбағалликни қисқартириш Дастурини ишлаб чиқиш билан бирга, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Концепциясини яратиш ва қабул қилиш вазифаси ҳам белгиланган.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ушбу устувор вазифаларга мос келади. Ушбу масалаларда партиянинг сиёсий позицияси мамлакат тараққиётининг янги босқичида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини изчил оширишга кўмаклашишдир.

Ўзбекистон ХДПнинг дастурий устувор вазифаларини амалга ошириш мақсадида партиянинг парламент фракцияси томонидан тегишли эксперт гуруҳлари ташкил этилди. Жумладан, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Концепцияси лойиҳасига таклифлар тайёрлаш бўйича ҳам ана шундай гуруҳ ташкил этилди.

Ишчи гуруҳи томонидан меъёрий-ҳуқуқий базани жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг эҳтиёжманд гуруҳларини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилувчи муаммолардан бири – ушбу соҳани давлат томонидан тартибга солувчи ва бу борада тегишли мувофиқлаштириш ваколатларига эга бўлган ягона органнинг мавжуд эмаслигидир.

Масалан, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари 10 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ваколатига киритилган. Аниқроғи: ногиронликни белгилаш ва ногиронларни тиббий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатига, ногиронларни ишга жойлаштириш – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, махсус мактаб-интернатлар фаолиятини ташкиллаштириш – Халқ таълими вазирлиги, ногиронларнинг транспорт хизматларидан фойдаланиши Транспорт вазирлиги ваколатига киради. Кам таъминланган оилалар, пенсионерлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласида ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. Айни дамда юқорида санаб ўтилган давлат органларининг ҳеч бири аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи вазифаларни бажармайди.

Айни дамда Америка, Европа, МДҲнинг аксарият давлатларида эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича турли давлат ва нодавлат ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришга йўналтирилган давлат сиёсатига катта эътибор қаратилади.

Масалан, АҚШда тегишли мувофиқлаштириш вазифалари Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлигига, Буюк Британияда Меҳнат ва пенсиялар вазирлигига, Францияда – Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлигига, Швецияда Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлигига юклатилган. Шунингдек, Германияда Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Федерал вазирлиги, Италияда Меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазирлиги, Россия, Беларусия, Қозоғистонда Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирликлари ҳам худди шу вазифалар билан шуғулланади.

Халқ демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ушбу йўналишдаги ўз ишини давом эттиради ва бу соҳада давлат бошқарувини такомиллаштириш тўғрисида таклифлар киритишни режалаштирмоқда.

Хорижнинг ижобий тажрибаси бўйича юқорида келтирилган мисолларни ҳисобга олганда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини Бандлик, меҳнат муносабатлари ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги сифатида ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигини Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий сиёсат вазирлиги сифатида қайтадан ташкиллаштириш мумкин. Вазирликка эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасидаги мувофиқлаштириш ваколатларини бериш орқали долзарб масала ижобий ҳал этилиши мумкин.

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида билдирилган Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Концепциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит ва самарали тизим яратиш тўғрисидаги кўрсатмалари бу масалани чуқур муҳокама қилиб, фикр ва таклифлар асосида самарали ечимга келинишини тақозо этади.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш