Ватан – катта оила, унинг тинчлиги, тотувлиги учун ҳар биримиз масъулмиз

 

Ҳозирги давлат сиёсатининг энг катта мақсади халқни рози қилиш, оилаларнинг фаровонлигини таъминлаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий масалаларни жойларда самарали ҳал этишга қаратилган. Маълумки, бу бўйича барча ҳудудлар 4 та секторга ажратилиб, ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ тизими раҳбарлари сектор бошлиқлари этиб тайинланган. Аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий масалалар сектор раҳбарлари орқали ҳал этилиши белгиланган.

Аҳоли мурожаатларига тезроқ ечим топиш мақсадида Президентнинг Халқ қабулхоналари, Бош вазир қабулхонаси ташкил этилди. Буларнинг барчаси халқни рози қилиш, аҳолини қийнаб турган муаммоларни самарали ҳал этиш учун кўрилаётган чоралардир.

Ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали дунёнинг турли давлатларида норозилик намойишлари сабаб юзага келаётган тартибсизликларни кузатмоқдамиз. Ҳокимиятга нисбатан ўз фикри, муносабатини билдириш устувор ҳуқуқлардан бири. Бу тинч йўл билан, бузғунчилик, ўт қўйишларсиз амалга оширилиши керак. Лекин охирги пайтда тинч намойишлар ортида турли хил бузғунчи кучлар ҳам ҳаракатга келиб қолди. Вазиятдан фойдаланиб, низо оловини ёқмоқчи бўлишяпти. Афсуски, бу совуқ шамол сизу биздан ҳам узоқ эмасдек туюлмоқда.

Юртни ҳам бир оилага ўхшатиш мумкин. Оилада бир кун жанжал бўлса, қирқ кунлик барака кўтарилади, деган доно халқимиз. Оиланинг тинч-тотувлиги, қўшнилар билан ўзаро муносабатларни тўғри йўлга солиш, кўпчиликнинг манфаатларини кўзловчи қарорлар қабул қилиш давлатнинг вазифаси ва бурчи. Бу йўналишда давлатимиз кейинги йилларда муҳим қарорлар қабул қилди, ўткир муаммолар босиқлик билан ҳал этиляпти. Аҳоли мурожаатларига қулоқ тутилиб, йиллар мобайнида йиғилиб қолган масалаларга босқичма-босқич ечим топиляпти. Албатта, муаммолар бир кунда ҳал этилмайди, олдинда ҳали вазифалар оз эмас. Халқ билан бамаслаҳат юзага келган масалаларга ечим топиш асосий вазифамиздир.

Бундай вазиятда тўғри муносабатда бўлиш жуда муҳим, оила тинчлигини бузишни мақсад қилган ғаразли кучлар найрангларига учиб қолмаслик керак. Муаммоларни ташқаридан келиб ҳеч ким ҳал этиб бермайди, уларни ҳамжиҳатликда, бир-биримизни тушуниб, сабр-тоқат билан ҳал этишимиз зарур, деб ўйлайман. Ана ўшанда катта оиламиз аҳил ва мустаҳкам бўлади.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш