Халқ таълими вазири партиямиз Сайловолди дастури ҳақида қандай фикр билдирди?

Шерзод ШЕРМАТОВ, Халқ таълими вазири:

— Партиянинг сайловолди дастурида ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик масалаларига эътибор қаратилгани жуда муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

Ҳаммамиз қонунлар тўғридан-тўғри ишлайдиган жамият тузишга ҳаракат қиляпмиз. Мана шу масалада партиямиз ҳам ўзининг муносиб ҳиссаси, овози ва сўзига эга бўлиши керак. Бунинг учун парламентда етарли ўринни эгаллаши талаб этилади. Парламентнинг муҳим йўналишларидан бири бу — давлат бюджетини тасдиқлаш масаласидир. Бунда фракциямиз аъзолари ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлар хусусида ўз фикрларини билдиради.

Масалан, таълим соҳасига бюджетдан ажратилаётган маблағлар ортяптими ёки камаяптими? Ялпи ички маҳсулотдаги улуши ортяптими, камайяптими, каби саволларга тўғри жавоб олиш керак. Фракциямиз аъзолари бу борада ўз позициясини қатъий билдира олса, келаси йилги бюджетни тасдиқлашда ўз таклифларини илгари суриш имконига эга бўлишади. Натижада таълим соҳасида ривожланиш, ўсиш суръати янада ортади.

Айтайлик, 12 йиллик мажбурий таълим 11 йилликка ўтгач, ажратилаётган маблағларда қандай ўзгариш бўлди? Бу саволга бюджет муҳокамаси жараёнида жавоб топамиз, деб умид қиламиз.

Яна бир масала. Кейинги пайтларда бюджетдан ортган маблағ маҳалий ҳокимликлар ҳисобида қолмоқда. Табиийки, ҳар бири ўзига яраша маблағга эга. Ушбу маблағларнинг қайси соҳага тақсимланиши бўйича ҳам маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз сўзига, ўз фикрига эга бўлиши керак. Мисол учун, Наманган вилоятида маҳаллий бюджетдан ортган маблағлар таълим соҳасига ажратилди. Натижада бирорта ҳам эски мактаб қолмади. Барчаси замонавий кўринишда қайта қурилди, реконструкция қилинди.

Бир сўз билан айтганда, электоратимиз манфаатлари ҳамда партиямиз ғояларини ҳимоя қила оладиган кучли депутатлар керак бўлади. Ўйлайманки, ана шунда кўзланган мақсадларга эришамиз ва сайловолди дастуримизда белгиланган вазифаларни бажарамиз.

Теглар

Қурултой Сайлов-2019 Шерзод Шерматов Мен ЎзХДПни танладим
← Рўйхатга қайтиш